Ўзбекистон хабарлари
Сурхондарё вилоят ҳокимиятидаги йиғилишда коррупцияда гумонланган 8 киши қўлга олинди

Сурхондарё вилоят ҳокимиятида ўтказилган бюджет маблағларининг талон-торож қилиниши, суиистеъмолчилик ва коррупция ҳолатларига барҳам бериш ҳамда мансабдор шахсларнинг масъулиятини янада оширишга қаратилган йиғилиш пайтида 8 нафар давлат хизматчиси ДХХ томонидан қўлга олинди. Бу ҳада ЎзА хабар берди.
Расман билдирилишича, қўлга олинганлардан 1 нафари банк ходими, 7 нафари эса турли давлат ташкилотлари ходимларидир.
ЎзА қамоққа олинганлар тўғрисида қуйидагича маълумот берган:
“Жорий йил май ойида «Сурхондарёдонмаҳсулотлари» АЖга қарашли «Алпомиш» ун тегирмони собиқ раҳбари Д.А. ва омбор мудири Ф.А. қиймати 12 млрд. 87 млн. сўм бўлган 2 минг 884 тонна дон маҳсулотини талон-торож қилгани аниқланди.
Тергов ҳаракатлари давомида Д.А. ўзи томонидан талон-торож қилинган 616 тонна дон маҳсулоти учун етказилган зарарни, яъни 2 млрд. 607 млн. сўмни тўлиқ қоплагани учун унга нисбатан қўлланилган «қамоқ» эҳтиёт чораси «гаров»га ўзгартирилган.
Шунингдек, мазкур жиноят иши доирасида «Музработ дон қабул қилиш шохобчаси» собиқ мудири О.И. «Алпомиш» ун тегирмони собиқ раҳбари Ё.О.лар катта миқдордаги дон маҳсулотларини талон-торож қилгани аниқланган. Натижада уларга нисбатан ҳам «қамоқ» эҳтиёт чораси қўлланилган.
Бундан ташқари, ун тегирмони собиқ раҳбари (Ё.О)нинг қиймати 4 млрд. 886 млн. сўмлик 1 минг 166 тонна дон маҳсулотини талон-торож қилгани аниқланди. Тергов жараёнида собиқ раҳбарга тегишли бўлган қиймати 5 млрд. 400 млн. сўмлик кўчмас мулк объектлари хатловга олинган. Шу сабабли унга нисбатан қўлланилган «қамоқ» эҳтиёт чораси ҳам «гаров»га ўзгартирилди.
Шунингдек, омбор мудири Ф.А. ҳамда тегирмон катта таҳлилчиси Х.Ж.лар томонидан жиноий йўл билан топилган 2 та «Жентра» русумли енгил автомашина ҳам тегишли тартибда хатланди.
Яна бир ҳолат: 2021 йилда Шўрчи туманидаги “Shurchi Indenim Klaster” МЧЖ тасарруфидаги 1376 гектар пахта майдонига томчилатиб суғориш технологиясини жорий қилиш режалаштирилган. Амалда технология 142,7 гектар майдонда барпо этилиб, пудратчи “Agro new drip” МЧЖ томонидан ишлар тўлиқ якунига етказилмаган. Ҳисоботларда эса ишларнинг тўлиқ бажарилгани кўрсатилган. Бу эса катта миқдордаги субсидия маблағларининг ажратилишига сабаб бўлган.
Ўрганишлар давомида «Аму-Сурхон» ирригация тизимлари ҳавза бошқармаси бошлиғи Т.А. ва ушбу бошқармада фаолият юритиб келаётган айрим масъул шахслар давлат бюджетидан субсидия маблағлари ажратилиши ҳақидаги имкониятдан қасддан фойдаланиб, юқоридаги 142,7 гектар майдондан ташқари, қўшимча 993 гектарда томчилатиб суғориш технологияси жорий этилгани ҳақида сохта ҳужжатлар тузган”.
Оқибатда “Shurchi Indenim Klaster” МЧЖга 6 млрд. 747 млн. 640 минг сўм миқдоридаги субсидия маблағлари асоссиз ажратилган ва иқтисодиётга катта миқдорда зарар келтирилган. Мазкур ҳолат юзасидан Т.А.га гумонланувчи сифатида «қамоқ» эҳтиёт чораси қўлланилди.
Ҳозирда эса “Shurchi Indenim Klaster” МЧЖ масъул шахслари томонидан келтирилган 6 млрд. 747 млн. 640 минг сўмлик зарарнинг давлат фойдасига ундирилиши таъминланди. Шу муносабат билан унга нисбатан қўлланилган «қамоқ» эҳтиёт чораси «гаров»га ўзгартирилди".
Кун янгиликлари
Академик Назар Тўраев 85 ёшида вафот этди

Ўзбекистон Фанлар академияси академиги, таниқли физик олим Назар Тўраев 3 октябрь куни 85 ёшида вафот этди. Бу ҳақда Ўзбекистон Фанлар академияси хабар берди.
1938 йили Денов туманида туғилган Назар Тўраев Ўзбекистонда хизмат кўрсатган фан арбоби (1988) унвонига, физика-математика фанлари доктори (1980), профессор (1982) илмий даражаларига эга бўлган.
Назар Тўраев атом зарраларнинг қаттиқ жисмлар сиртида сочилиши назарияси, ионларнинг бирламчи ва иккиламчи сочилишига оид соҳаларда илмий изланишлар олиб борган. У Ўзбекистонда биринчи бўлиб назарий физика масалаларини компьютерда алгоритмлаб ечишни амалга оширган.
Тўраев лазер нури билан қишлоқ хўжалик экинлари уруғларини нурлантириш илмий лабораториясининг асосчиларидан биридир.
Академик 1990-1995 йилларда Олий Кенгаш депутати бўлган. 1998 йилда “Меҳнат шуҳрати” ордени билан мукофотланган.
Ўзбекистонда метан ва АИ-92 бензини қимматлади

1 октябрдан бошлаб Ўзбекистондаги автомобилларга газ тўлдириш компрессор шохобчаларида метан газ нархи 2800 сўмдан 3250 сўмгача оширилди.
Бу ҳақда хабар берган “Daryo.uz” нашри изоҳига кўра, ҳукумат қарорида табиий газни сотишда унинг энг баланд чакана нархи келгуси олти ойда 3250 сўмдан ошиб кетмаслиги бўйича қатъий чора кўрилиши белгиланган. Бу тартиб 2024 йилнинг 1 апрелигача амал қилади.
Айни пайтда АЁҚШларда АИ-92 бензинининг нархи ҳам кўтарилгани айтилмоқда. “Ўзбекнефтгаз” шохобчаларида ўтган ҳафтагача 9200 сўмдан сотилган мазкур маркадаги бензин энди 10200 сўмга чиққан.
“Бензин савдоси билан шуғулланадиган АЁҚШларда юқори октанли, яъни 92 ва ундан юқори типдаги бензин ҳам 8-10 фоизга қимматлаган. Норасмий манбалар бу ҳолатни Россиянинг бензин экспортига ўрнатган чекловлари билан боғламоқда”, деб ёзди иқтисодчи Отабек Бакиров.
Экспертга кўра, маҳаллий ишлаб чиқарувчи ва вертикал монополист Россия ўрнатган чеклов сабаб юзага келган таклиф камайишидан устомонлик билан фойдаланмоқда.
АҚШ элчихонаси Green Card талабгорларига маслаҳат берди

АҚШнинг Ўзбекистондаги элчихонаси Diversity Visa (Green Card) дастурида иштирок этиш ниятида бўлганларга 10 банддан иборат тавсия ва маслаҳат берди.
Элчихона талабгорларга dvprogram.state.gov сайти орқали дастур шартлари билан танишиб чиқиш, фақат АҚШ ҳукуматининг расмий веб-саҳифаларида келтирилган маълумотларга таяниш, сохта сайт ёки фирибгарларга алданиб қолмасликни уқтирган.
Қайд этилишича, грин-карта дастурида иштирок этишнинг ягона йўли dvprogram.state.gov сайти орқали ариза топширишдир. Ариза тўлдириш бепул бўлиб, номзод охирги олти ой ичида олинган фотосуратидан фойдаланиши лозим.
Бир иштирокчи фақат бир марта ариза топшириши мумкин. Бу қоидани бузганлар дастурдан четлаштирилади.
“Сиз билан бирга саёҳат ёки иммиграция қилмайдиган тақдирда ҳам, аризангизга турмуш ўртоғингиз ва 21 ёшдан кичик ва турмуш қурмаган барча фарзандларингизни киритишингиз кераклигини ёдда тутинг. Дастурда иштирок этиш учун танланган ҳолатингизда ҳам, аризангизга хато ёки тўлиқ бўлмаган маълумот киритган бўлсангиз, дастурдан четлаштирилишингизни инобатга олинг”, дейилади элчихона тавсияларида.
Дипломатик ваколатхона махсус тасдиқлов рақамини сақлаб қўйиш ва 2024 йилнинг май ойида дастур бўйича танлов натижасини текширишни эслатган.
Green Card лотереясининг янги мавсумида иштирок этиш учун аризалар қабули 4 октябрдан бошланиб, 7 ноябргача давом этади.
Ўзбекистон анъанавий равишда Green Card ғолиблари сони бўйича олдинги ўринларда туради.
2023 йилги грин-карта бўйича энг кўп ғолиб Миср (5529) ва Жазоирда (5526) қайд этилган. Ўзбекистон эса 5511 нафар ғолиб билан дунё бўйича рўйхатда учинчи ўринни эгаллаган.
Хоразмда мактаб ўқувчилари шоли ўримига мажбуран жалб қилингани инкор этилди

Қўшкўпир туманида 19-мактаб ўқувчилари шоли ўримига мажбурий жалб қилингани тўғрисидаги хабар тасдиқланмади, деб билдирди Хоразм вилоят Камбағалликни қисқартириш ва бандликка кўмаклашиш бошқармаси. Хабарда айтилишича, ҳолатни ўрганган туман прокуратураси ва Давлат меҳнат ҳуқуқ инспектори мана шундай хулоса чиқарган.
Аввалроқ ижтимоий тармоқларда Қўшкўпир туманидаги 19-мактаб директори ўқувчиларни шоли ўримига жалб қилгани, директор ва шоликор фермер ака-ука бўлиши мумкинлиги иддао қилинган видео тарқалган эди. Шундан сўнг бу ҳолат тегишли идоралар томонидан ўрганила бошлангани маълум бўлганди.
Хоразм вилоят Камбағалликни қисқартириш ва бандликка кўмаклашиш бошқармасининг билдиришича, “9-А синф ўқувчилари А.Қ., Б.Ш., А.О., Б.О., тумандаги “Дурдона” маҳалласида жойлашган “Иброҳим балиқчи” фермер хўжалигининг шоли даласида дарслардан сўнг ва фермер К.Х.,нинг таклифига асосан, маълум бир ҳақ эвазига далада ўрилган шолини тўплаш ишларини бажаришган”.
Хабарда айтилишича, ўқувчиларнинг “ёшини инобатга олмасдан фермер хўжалигида меҳнат қилишга йўл қўйиб берган хўжалик раҳбарининг ҳаракатларига ҳуқуқий баҳо берилмоқда”.
Расман: Ўзбекистонда бир ойда нархлар яна 1,2 фоизга қимматлади. Бу сўнгги уч йилдаги энг юқори кўрсаткич

Давлат статистика агентлигининг билдиришича, сентябрда истеъмол нархлари 1,2 фоизга қимматлади. Агентлик бу сўнгги уч йилда сентябрь ойида кузатилган энг юқори кўрсаткич эканини қайд этган.
Шу билан бир қаторда, агентлик йиллик инфляция даражаси сўнгги беш йилликка солиштирганда энг оз кўрсаткични ташкил қилаётганини билдирган. Жорий йилнинг 9 ойида инфляция 5,13 фоизга етган. Бу ўтган йилнинг шу даврига солиштирганда 25 фоизга оздир. Аммо йиллик инфляция, ўтган йилнинг сентябр ойига нисбатан, 9,19 фоизга тезлашган.
Сентябрда озиқ-овқат маҳсулотлари 1,8 фоизга қимматлаган. Жумладан, ун нархи 15,7 фоизга, тухум нархи 7,8 фоизга ошган.
Йил бошидан бери гурунч нархи 1,5 баробарга, карам нархи икки баробарга ўсган. Агентлик йил бошидан бери ўсимлик мойи нархи 19,3 фоизга, помидор 46 фоизга арзонлаганини ҳам иддао қилди.
Ҳисоботда таъкидланишича, бензин 2,4 фоизга, метан 2,9 фоизга ва пропан 1 фоизга қимматлаган.
Швейцария прокуратураси Гулнора Каримовага қарши айблов хулосасини судга тақдим қилди

Швейцария федерал прокуратураси жорий йилнинг 28 сентябрь куни Беллинцона шаҳридаги Федерал жиноят судига Гулнора Каримова ҳамда яна бир айбланувчига нисбатан айблов хулосасини йўллаган. Прокуратура хабарномасида билдирилишича, ҳужжатда Ўзбекистоннинг аввалги президенти Ислом Каримовнинг қизи уюшган жиноий тўдага алоқадорликда айбланган.
Айблов хулосасига мувофиқ, Гулнора Каримова ва Россия телекоммуникацион ширкатларидан бирининг собиқ бошқарувчиси Швейцария ва бошқа мамлакатларда фаолият юритган жиноий тўдага алоқадор бўлган. Федерал прокуратура қайдича, гумонланувчилар 2005 йилдан 2013 йилгача бўлган муддатда содир этилган жиноятлар юзасидан айблов қўйилмоқда.
Жиноий тўда фаолиятида иштирок этишдан ташқари мазкур шахсларга нисбатан пул ювиш, хорижлик мансабдор шахсларга пора бериш ва ҳужжатларни сохталаштириш каби айбловлар илгари сурилган. 2012 йили Каримовнинг тўнғич қизи билан боғлиқ пул ювишга оид иш бўйича тергов доирасида Швейцария федерал прокуратураси тақрибан 800 миллион франкни музлатиб қўйган эди.
Яқинда Гулнора Каримовага яқин бўлган шахсга нисбатан айблов хулосаси чиқарилиши ортидан 130 миллион доллар мусодара этилган. Суд жараёни якунига етгунига қадар ишга дахлдор шахсларнинг барчасига нисбатан айбсизлик презумпцияси амалда бўлади.
Гулнора Каримовага қарши Ўзбекистонда 2013 йили талон-торож ва солиқ тўлашдан бўйин товлаганлик моддалари бўйича иккита жиноят иши очилган. 2015 йили биринчи иш бўйича унинг 5 йилга озодлиги чекланган, 2017 йилдаги иккинчи иш бўйича эса у 10 йилга қамалган. Кейинроқ бу жазо беш йиллик озодликни чеклаш билан алмаштирилган.
2020 йил мартида Тошкент шаҳар суди Каримовани жиноий тил бириктирганлик, товламачалик, ўзлаштириш, ўғрилик, пул ювганлик ва бошқа жиноятларда айбдор деб топиб, 13 йилу 4 ойга озодликдан маҳрум этган. У айни пайтда жазо муддатини Зангиотадаги аёллар қамоқхонасида жазо ўтаяпти.
Швейцария, Франция, АҚШ ва бошқа қатор мамлакатлардаги Гулнора Каримовага алоқадор бўлган мулкларнинг умумий қиймати қарийб 1,4 миллиард долларга баҳоланган. Ўзбекистон ҳукумати мазкур активларнинг бир қисмини қайтариб олишга уриниб келмоқда.
2020 ва 2021 йилларда Ўзбекистон Франциядан 20 миллион долларни қайтаришга муваффақ бўлган. Бу маблағ Париждаги кондоминиум ва 1815 йилда қурилган Château de Groussay қасрининг сотилишидан тушгани айтилган.
Аввалроқ Озодлик Британияда Гулнора Каримованинг қиймати 25 млн доллардан ортиқ учта уйи мусодара этилгани ҳақида хабар қилган эди. Британиянинг Ўта йирик миқдордаги фирибгарликка қарши кураш бюроси (Serious Fraud Office) Каримова 2004 йилдан 2012 йилгача бўлган даврда Ўзбекистондаги бозорга киришга ёрдам бергани эвазига телекоммуникацион ширкатлардан пора ўлароқ юзлаб миллион доллар олганини иддао қилган.
Ўзбекистонда ўтган йили табиий офатларда уч юзга яқин киши ҳалок бўлди

Ўзбекистонда 2022 йилда юз берган табиий ва техноген фавқулодда вазиятларда 287 киши ҳалок бўлган. Бундан ташқари 297 киши жароҳатланган. Маҳаллий нашрларнинг ёзишича, бу ҳақда фавқулодда вазиятлар вазирлиги академиясида ўтган илмий-амалий анжуманда маълум қилинди.
Расман билдирилишича, 2022 йилда 131 та “табиий ва техноген хусусиятдаги фавқулодда вазият” юзага келган. Улардан 55 таси табиий офат бўлиб, 127 киши ўлган, 88 киши жароҳат олган. Техноген ҳодисаларнинг асосий қисмини эса ёнғинлар ташкил қилган.
Шу билан бир қаторда Ўзбекистондаги энергетик инқироз ортидан ҳар йили куз-қиш мавсумида юзлаб киши ис газидан заҳарланиб ўлаётгани тўғрисида Озодлик радиоси мунтазам хабарлар бериб келади. Масалан, 2022 йил ноябрида 10 кун ичида Ўзбекистоннинг турли ҳудудларида камида 30 киши, жумладан, ёш болалар ис газидан заҳарланиб вафот этган эди.
Мирзиёев Германия-Марказий Осиё раҳбарлари учрашувида иштирок этади

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 28−30 сентябрь кунлари амалий ташриф билан Берлинда бўлади, деб хабар қилди давлат раҳбари матбуот хизмати.
Ташриф доирасида канцлер Олаф Шольц ва президент Франк-Вальтер Штайнмайер билан икки томонлама музокаралар ўтказилиши, шунингдек, Марказий Осиё ва Германия давлат раҳбарларининг учрашувлари режалаштирилган.
Бундан ташқари, Шавкат Мирзиёевнинг Германия иқтисодиёти Шарқий қўмитаси томонидан ташкил этиладиган ишбилармонлик тадбирларида ҳам иштирок этиши кўзда тутилган.
Кун тартибидан Ўзбекистон президентининг жорий йил май ойидаги Германияга расмий ташрифи давомида эришилган келишувларни амалга ошириш, Германиянинг етакчи компания ва банклари билан инвестициявий, инновациявий ва технологик ҳамкорликни кенгайтириш масалалари ўрин олган.
Диндорларга қарши рейдлар ўтаётган Ўзбекистонда арбоблар ва уламолар “диний бағрикенглиги” учун мукофотланади

Ҳукуматнинг 25 сентябрда қабул қилган 495-сон қарори билан Диний бағрикенглик” кўкрак нишони тўғрисидаги низом тасдиқланди, деб хабар бердли Адлия вазирлиги.
Бу кўкрак нишони билан "атоқли давлат ва жамоат арбоблари, диний-ижтимоий соҳадаги раҳбарлар ва етук уламолар, давлат ташкилотлари ва нодавлат нотижорат ташкилотлар ходимлари, халқаро ташкилотлар, дипломатик ваколатхоналарнинг вакиллари, хорижий арбоблар ва олимлар тақдирланади".
Шунингдек, чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахслар ҳам кўкрак нишон билан тақдирланиши мумкин.
Кўкрак нишони ҳар йили 16 ноябрь – Халқаро бағрикенглик куни арафасида тантанали тарзда топширилади. Кўкрак нишони билан тақдирланганларга БҲМнинг 4 баравари (1 млн 320 минг сўм) миқдорида бир марталик пул мукофоти берилади.
Халқаро ташкилотлар Ўзбекистонда диний эркинликларга амал қилинмаётганини танқид қилиб келади. Жумладан, 2019 йилда АҚШ ҳукуматининг диний эркинликлар бўйича комиссияси хулосасига кўра, АҚШ Давлат департаменти Ўзбекистонни диний эркинликларни топтовчи давлатлар рўйхатига қайтарган.
2018 йилда ҳудди шу ташкилот Ўзбекистон диний эркинлик соҳасида сезиларли ютуқларга эришганини қайд этиб, мазкур рейтингдан чиқарган ва уни “алоҳида назоратга муҳтож давлатлар” рўйхатига киритган эди.
Озодлик радиосида мавжуд маълумотларда қайд этилишича, шу кунлардаТошкентда соқол ва ҳижобга қарши рейдлар ўтмоқда ва диндорларга тегишли емакхоналар ёпилмоқда. 13 сентябрь куни Озодлик Ўзбекистон масжидларида азон кучайтиргичларни пасайтиришга кўрсатма берилгани ҳақида хабар қилганди.
Озодлик манбаларига кўра, 10 сентябрь куни ўтган ҳукумат йиғилишида Бош вазир Арипов давлат хизматчиларини масжидга бормаслик ҳақида “огоҳлантирган”.
“Ўзбекистон темир йўллари” холдинг ширкатига айлантирилади

“Ўзбекистон темир йўллари” акциядорлик жамияти холдингга айлантирилади. Бунга оид қарор, президент матбуот котиби Шерзод Асадов қайдича, президент Шавкат Мирзиёев раислигида темир йўл соҳасида ҳал қилиниши лозим бўлган асосий масалалар юзасидан 25 сентябрь куни ўтказилган йиғилишда очиқланган.
Йиғилишда тизимда замонавий бошқарувни жорий қилиш, жумладан, инфратузилма, юк вагонлари ва логистика, йўловчи ташиш хизматлари ҳамда вокзаллар бошқарувини бир-биридан ажратиб, алоҳида корхоналар ташкил қилиш бўйича билдирилган таклифлар маъқулланган.
Вагонлар паркини янгилашга мўлжалланган кредит ва компенсация ажратиш механизмларини жорий қилиш вазифаси қўйилган.
Шунингдек, йиғилишда жорий йилнинг июль ойида “Ўзбекистон темир йўллари”га янги раҳбар (Зуфар Нарзуллаев) тайинлангани, тизимда эскича фикрлайдиган, ташаббус билдирмайдиган 30 га яқин раҳбар янгилангани, самара бермаётган штатлар қисқартирилгани қайд этилган.
Унда айрим темир йўл корхоналарининг рентабеллиги пастлиги, вагонлар паркининг бир қисми таъмирталаб ва янгиланишга муҳтожлиги, соҳада хусусий сектор иштироки учун зарур имкониятлар яратилмагани, билет сотишдаги коррупция, вагонлардаги шароит ва сервисдан аҳоли норозилиги айтилиб, соҳани ислоҳ қилиш зарурлиги урғуланган. Аммо ислоҳотларни амалга ошириш жараёнида “Ўзбекистон темир йўллари” ширкатининг холдингга айлантирилиши қанақа конкрет наф келтирилиши мумкинлигига тўхталинмаган.
Ўзбекистондаги бозорлар ва боғларда юз таниш тизимига эга камералар ўрнатилади

Ўзбекистондаги йирик бозорлар, истироҳат боғлари ва хиёбонларда юз таниш тизимига эга камералар ўрнатилади. Бу ҳақда Миллий гвардия қўмондони Рустам Жўраев маълум қилди.
Мулозимга кўра, қўшимча видеокузатув камералари “жамоат тартибини сақлаш, ёнғин ва бошқа фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш самарадорлигини ошириш мақсадида” ўрнатилиб, Ягона мониторинг марказига интеграция қилинади.
Миллий гвардия қўмондонининг билдиришича, жисмоний ва юридик шахслар томонидан бинолар ёки уларга кириш йўлакларига ўрнатилган видеокузатув мосламаларини ўзида бирлаштирадиган “Е-Hamkor” дастури ҳам татбиқ этилиб, мазкур дастур ички ишлар органларининг ҳудудий ситуацион марказларига интеграция қилинади. Жўраев маҳаллаларда ҳуқуқбузарликнинг олдини олиш бўйича янги тизим ва амалиёт жорий этилиб, мулкий ва жамоат тартибига қарши қаратилган жиноятлар содир этилиши эҳтимоли юқори бўлган объектларда доимий кузатув йўлга қўйилишини ҳам қўшимча қилган.
Аввалроқ Озодлик июнь ойи бошидан Қирғизистонда МДҲ мамлакатларида қидирувда бўлган шахслар юзини таниш тизими ишга туширилгани ҳақида хабар қилган эди. Қирғизистон ИИВ матбуот хизмати ўшанда камералар ишга туширилгани ортидан ўтган 10 кун мобайнида юз таниш функциясига эга бўлган кузатув камералари ёрдамида қидирувда бўлган 57 киши аниқланиб, милицияга олиб келинганини маълум қилган. Булардан орасида Россия ва Ўзбекистон фуқаролари бўлган тўрт киши қўлга олингани айтилган.
Инсон ҳуқуқлари ташкилотлари авторитар бошқарувли мамлакатларда бу каби юз таниш камераларининг ишга туширилиши фуқаролар ҳуқуқ ва эркинликларини сезиларли даражада чеклаб қўйиши мумкинлигидан ташвиш билдириб келишади. Айни пайтда юз таниш тизимини тўла тақиқлаш юзасидан ҳам хавотирлар йўқ эмас. Дейлик, мазкур тизим тўла тақиқланса, бу полициянинг бедарак йўқолган ёки жиноятда гумонланганларни қидириш ишини қийинлаштириши мумкин.
Ўзбекистон октябрь ойидан Россиядан газ импорт қилишни бошламоқчи

Ўзбекистон жорий йилнинг 1 октябридан Россия газини сотиб олишни бошлайди. Бу ҳақда ТАСС агентлиги Ўзбекистон Энергетика вазирлиги матбуот котиби Ҳасан Тошхўжаевдан олинган маълумотга таянган ҳолда хабар қилди.
“Режага мувофиқ, 1 октябрдан Ўзбекистонга Россия газини етказиб бериш бошланади, юқори босимли газ қабул қилиб олиш учун зарур бўлган барча инфратузилма ва газ қувурлари ҳозирлаб қўйилган”, дея иқтибос келтирган Тошхўжаев сўзларидан агентлик.
Аввалроқ расмий Тошкент “Газпром” билан июнь ойи ўртасида Ўзбекистонга табиий газ етказиб бериш бўйича икки йиллик шартнома имзолагани хабар қилинган эди. Шартномага кўра, Россиядан табиий газ Қозоғистон орқали “Ўрта Осиё – Марказ” қувури орқали узатилиши, етказиб берилажак газ ҳажми йилига тақрибан 2,8 миллиард куб метрни ташкил этиши айтилган.
Тошкентдаги онкология маркази қурилиши учун Корея 127,5 миллион доллар қарз беради

Жанубий Кореянинг Эксимбанки Тошкентда “Миллий онкология марказини барпо этиш” лойиҳасини амалга ошириш учун Ўзбекистонга 10 йил имтиёзли давр билан 40 йил муддатга 0,1 фоиз устама билан 127,5 миллион доллар қарз беради. Президент Шавкат Мирзиёевнинг бу борадаги қарорида қайд этилишича, “Миллий онкология маркази”ни қуришга маблағ ажратиш масаласи Корея ҳукумати билан 2019 йилнинг 27 июнида келишилган эди.
“Корея Эксимбанкининг Иқтисодий ривожланиш ва ҳамкорлик жамғармаси билан молиявий ҳамкорликда “Миллий онкология марказини барпо этиш” лойиҳасини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарор лойиҳасида қарз шартномаси 2021 йил 31 декабрда имзолангани таъкидланади.
Тошкентда Жанубий Корея билан ҳамкорликда юқори технологияга асосланган замонавий онкология тиббиёт маркази қурилиши ҳақида илк маротаба 2020 йилнинг 16 сентябрь куни расман билдирилган эди. Ўшанда соғлиқни сақлаш вазири Алишер Шодмонов ва Корея тиббиёт ассоциацияси илмий-текшириш қўмитаси раиси Цой Чже Ук бу масалада келишгани хабар қилинган.
Соғлиқни сақлаш вазирлиги 2020 йилдаги хабарида онкология тиббиёт маркази Тошкентда Жанубий Корея лойиҳаси асосида барпо этилган Болалар миллий тиббиёт маркази жойлашган ҳудудда қурилишини, бундан ташқари бу ерда тиббиёт олийгоҳи ҳам ташкил этилишини маълум қилганди.
Мазкур хабар 2020 йилнинг 3 сентябрида Тошкентдаги Республика ихтисослаштирилган Онкология ва радиология илмий-амалий тиббиёт марказида саратонга қарши ягона радиотерапия ускунаси ишдан чиққани тўғрисидаги маълумотлар фонида пайдо бўлган эди. Озодлик 2021 йилда ҳам 2 миллион долларга сотиб олинган ягона радиотерапия ускунаси ишдан чиққани, беморлар бир неча ҳафталаб муолажасиз қолгани ҳақида хабар берганди.
Саида Мирзиёева Наманганда заҳарланган болаларнинг “кайфияти яхши”лигини иддао қилди

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг қизи ва ёрдамчиси Саида Мирзиёева Наманган вилоятида заҳарланган болалар ҳолидан хабар олгани тўғрисида телеграм каналида маълум қилди.
Президент топшириғига асосан Наманган вилоятига борганини ёзган Мирзиёева: “Вазиятни кўзимиз билан кўриш учун шифохонага бордик, болажонлар ҳолидан хабар олдик. Уларнинг кайфияти яхши, ҳаммалари аста-секин тузалишмоқда, кўпчилиги соғайгани учун уйига - оиласи бағрига қайтарилган”, деб ёзди.
⠀
Унга кўра, болаларнинг заҳарланиши юзасидан соғлиқни сақлаш, СЭС, таълим, прокуратура ва бошқа тегишли соҳа мутасаддилари билан йиғилиш ўтказилган. Мазкур ҳолат бўйича қўзғатилган жиноят иши Наманган вилоят прокуратурасидан Бош прокуратурага ўтказилган.
Мирзиёева ўз билдирувида Наманган вилоятида қанча бола заҳарлангани ва заҳарланиш сабаблари тўғрисида маълумот бермади.
Маҳаллий оммавий ахборот воситаларида камида 70 бола заҳарлангани тўғрисида хабарлар чиққан. Бироқ ижтимоий тармоқларда Чустдаги болалар боғчаларида заҳарланган болалар сони камида 450 нафар экани ва улар “Йод” ёки "Антиструмин"дан заҳарланган бўлишлари мумкинлиги тўғрисидаги тахминлардан иборат постлар пайдо бўлди.
22 сентябрь куни UzA | Tezkor xabarlar телеграм каналида мактаб ва боғчаларга тарқатилган йод препарати истеъмолини тўхтатиш тўғрисида Соғлиқни сақлаш вазирлиги кўрсатма бергани тўғрисида “Шошилинч хабар” эълон қилинди. Телеграм канал Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлигининг "Кўрсатма хати" нусхасини эълон қилди.
Вазир ўринбосари Элмира Боситхонова имзолагани айтилаётган кўрсатмада, болаларнинг заҳарланишига сабаб бўлгани тахмин қилинаётган Antistrumin (Калий йоди) истеъмолини лаборатория хулосалари чиққунга қадар зудлик билан вақтинча тўхтатиб туриш ҳақида топшириқ берилгани англашилади.
“Газета. уз”нинг хабар беришича, бу ҳужжат Ўзбекистоннинг барча вилоятлари ва Тошкент шаҳри соғлиқни сақлаш бошқармаларига ҳамда дори-дармонларни сотиб олувчи «Ўзмедимпекс” ширкатига, дорини ишлаб чиққан Samo ширкатига жўнатилган.
Ўзбекистон расмийлари шу кунгача бу хабарларга муносабат билдирмади.
ССВ мактаб ва боғчаларга тарқатилган йод истеъмолини тўхтатишга кўрсатма бергани айтилмоқда

UzA | Tezkor xabarlar телеграм каналида мактаб ва боғчаларга тарқатилган йод препарати истеъмолини тўхтатиш тўғрисида Соғлиқни сақлаш вазирлиги кўрсатма бергани тўғрисида “Шошилинч хабар” эълон қилинди. Телеграм канал Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлигининг "Кўрсатма хати" нусхасини эълон қилди.
Бироқ ЎзА сайти орқали кирилувчи UzA | Расмий канал телеграми саҳифасида ва агентликнинг расмий веб сайтида бу борада хабар йўқ.
Вазир ўринбосари Элмира Боситхонова имзолагани айтилаётган кўрсатмада, Чустда камида 70 боланинг заҳарланишига сабаб бўлгани тахмин қилинаётган Antistrumin (Калий йоди) истеъмолини лаборатория хулосалари чиққунга қадар зудлик билан вақтинча тўхтатиб туриш ҳақида топшириқ берилгани англашилади.
Соғлиқни сақлаш вазирлиги ижтимоий тармоқлар ва маҳаллий матбуотда тарқалган бу хабарга ҳозирча изоҳ бермади. Айни пайтда Элмира Боситхонова имзолагани айтилаётган ҳужжат нусхаси ижтимоий тармоқларда тарқалиб кетди.
“Газета. уз”нинг хабар беришича, бу ҳужжат Ўзбекистоннинг барча вилоятлари ва Тошкент шаҳри соғлиқни сақлаш бошқармаларига ҳамда дори-дармонларни сотиб олувчи «Ўзмедимпекс” ширкатига, дорини ишлаб чиққан Samo ширкатига жўнатилган.
“Кун. уз” эса бу маълумотни “20 сентябрдан Ўзбекистонда «Ёрқин миллат» дастури бўйича йод билан таъминлаш ишлари бошланганди. Йод препаратлари Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги орқали 3 ёшдан 15 ёшгача бўлган барча болалар учун бепул тақдим этилиши кўзда тутилганди”, деган маълумот билан тўлиқлади.
Наманган вилоятининг Чуст туманида камида 71 нафар бола заҳарланишда гумон қилиниб касалхонага ётқизилгани тўғрисида Озодлик 21 сентябрь куни хабар берганди. Бу маълумотни Озодликка соғлиқни сақлаш вазирлиги бошқарма бошлиғи Аброрбек Алижонов тасдиқлаган.
Бу болалар тумандаги 9 та боғча ва 2 та ўрта мактабнинг ўқувчиларидир.
Бош прокуратура Чуст туманида болалар заҳарланиши юзасидан терговга қадар текшириш ҳаракатлари олиб борилаётганини билдирган.
Соғлиқни сақлаш вазирлиги 22 сентябрь куни Чустда заҳарланиб, касалхонага ётқизилган болаларнинг аҳволи қониқарли экани тўғрисида расмий билдирув тарқатди. Унда айтилишича, болалардан 10 нафарининг аҳволи яхшилангани сабабли уйига рухсат берилди.
Билдирувда туманда содир бўлган мазкур ҳодиса шахсан Соғлиқни сақлаш вазири томонидан қатъий назоратга олингани таъкидланган.
“Туман тиббиёт бирлашмасига қабул қилинган болаларнинг барчасига белгиланган стандартлар бўйича даво муолажалари олиб борилмоқда. Уларга якуний ташхис қўйиш мақсадида белгиланган талаблар асосида намуналар олиниб, экспертизадан ўтказилмоқда”, дейилади билдирувда.
Вазирлик ҳозирча заҳарланиш сабаблари ва омиллари тўғрисида хабар бермади.
Ижтимоий тармоқларда Чустдаги болалар боғчаси тарбияланувчилари “Йод” ёки "Антиструмин"дан заҳарланган бўлишлари мумкинлиги тўғрисидаги тахминлардан иборат постлар кўпаймоқда. Шунингдек, айрим фойдаланувчилар Андижон ва Қўқонда ҳам бир неча бола заҳарланганини иддао қилмоқда. Бу хабарлар расман тасдиқланмаган. Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳам ўз баёнотида бу хабарлар юзасидан муносабат билдирмаган.