Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 11:19

Россия депортация марказларидаги ўзбеклар сони кескин камайди


Челябинскдаги депортация маркази Россиядаги 76 та Хорижий фуқароларни вақтинчалик сақлаш марказларидан бири
Челябинскдаги депортация маркази Россиядаги 76 та Хорижий фуқароларни вақтинчалик сақлаш марказларидан бири

Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги Россиянинг Хорижий фуқароларни вақтинчалик сақлаш марказларида сақланаётган 13 кишини ўз уйига қайтарди.

Расмий маълумотда айтилишича, Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги бу ишни бир қатор ваколатли ва халқаро ташкилотлар кўмагида амалга оширган.

Ҳуқуқ фаоллари Россиядаги ўнлаб хорижликларни сақлаш марказларида қолган 100 га яқин ўзбекистонлик қайдга олинганини айтишмоқда.

Россиянинг Хорижий фуқароларни вақтинчалик сақлаш марказларидан 13 киши Ўзбекистонга олиб келинди.

Ўзбекистонликлар 23 январь куни Москва – Тошкент чартер рейс орқали уйларига етиб келди.

Расмий хабарда айтилишича, “Ўзбекистонга қайтарилган фуқаролар билан Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги вакиллари профилактик ва тушунтириш тадбирларини ўтказган”.

Озодлик Россиянинг ҳар бир минтақасида ишлаётган ўнлаб Хорижликларни вақтинчалик сақлаш марказлари - СУВСИГларда яна қанча ўзбекистонлик муҳожир қолаётгани борасида маълумот олишга уринди.

Москвадаги “ЭтМос” жамоатчилик ташкилоти президенти, ҳуқуқ ҳимоячиси Каримжон Ёров Озодлик билан суҳбатда Россияда охирги пайтларда ҳибсга олишлар кескин камайгани сабабларига тўхталди.

- СУВСИГларда фуқаролиги йўқ шахслар, суди якунланган, аммо тўловларини амалга оширмасдан қолаётганлар, жиноий жавобгарликка тортилганлар, депортациясини кутаётган фуқаролар қолаяпти. Одатда, Россиянинг депортация марказларида сақланаётганларнинг катта қисмини ўзбекистонликлар ташкил этиб келган. Аммо охирги пайтларда вазият ўзгарди. Масалан, 2021 йилнинг 1 январига қадар берилган маълумотга биноан, Москва вилоятига қарашли Хорижликларни сақлаш марказида сақланаётган 26 кишидан 6 нафари Ўзбекистон фуқаролари; Иркутск СУВСИГидаги 28 кишилик рўйхатда 8 нафар Ўзбекистондан эканини кўриш мумкин. Бу нормал ҳолат, чунки ўзбекистонлик муҳожирлар Россияда ҳақиқатан кўпчиликни ташкил этиб келган. Ҳатто пандемия вақтида. Ҳозир эса улар анча камайиб қолган, деди Каримжон Ёров.

Ҳуқуқ фаоли пандемия янгидан авж олган бугунги кунда Россияда “выдворение”, яъни “миграция қонунчилигини бузгани учун мамлакатдан бадарға қилиш” амалиёти давом этаётган бўлса-да, уларни СУВСИГларга жойлаштириш деярли йўқ бўлди, дейди.

- Россия судлари ўзбек, тожик ва қирғиз муҳожирлари устидан суд маҳкамаларини давом эттиряпти, аммо уларни СУВСИГларга жойлаштириш ҳолатлари кескин камайган. Лекин бу “меҳнат мигрантларига нисбатан адолатсиз жазо чоралари камайди” , дегани эмас. Шунчаки, Россияга ҳозир ишчи кучи керак, - деди суҳбатдош.

Озодлик суҳбатлашган бошқа ҳуқуқ фаоллари Россияда мавжуд 76 та хорижликларни сақлаш марказларида қолган ўзбеклар сони 100 тага ҳам етмаслигини таъкидламоқда.

Ўзбек муҳожирларни олиб чиқишда Ўзбекистоннинг Россиядаги консуллик ваколатхоналари ва Меҳнат миграцияси агентлиги ходимлари катта ёрдам бергани алоҳида таъкидланди.

Озодлик бошқа манбалардан тасдиқлатиб олган маълумотларга қараганда, жорий йилнинг январь ойига қадар Санкт-Петербургдаги депортация марказида 85та ушлаб турилгандан 21 нафари Ўзбекистондан экани аниқланди. Айни пайтда Москва шаҳрининг Сахарово лагерида 15 нафар, Москва вилоятининг Егорьевск шаҳридаги СУВСИГда 2 нафар, Твердагида эса 5 нафар Ўзбекистон ватандоши турли сабабларга кўра ушлаб турилгани маълум бўлди.

Ҳуқуқ фаоллари бугунги кунда депортация марказларидаги мигрантларнинг аксарини Россия Федерацияси Маъмурий қонунбузарликлар тўғрисидаги Кодекснинг 19.3 моддаси, яъни “Полиция ва бошқа давлат кучишлатар орган ходимининг қонуний талабини бажармаслик” моддаси асосида ташланаётганлар ташкил этишига жамоатчилик эътиборини қаратди.

Россияда авж олган коронавирус пандемияси туфайли россиялик ҳуқуқ фаоллари хорижликларни сақлаш муассасалари (СУВСИГ)да сақланаётган хориж гражданларини касаллик юқтириб олмаслиги учун имкон қадар тезроқ ўз юртларига жўнатиш талаби билан рус ҳукуматига махсус мурожаат ҳозирлаган эди.

Унда жамоатчилик фаоллари чет элликларнинг депортация лагерларида ушлаб турилиши уларнинг коронавирус билан касалланишига олиб келиши ва у ердаги одамларнинг ҳаёти ва соғлиги хавф остида қолаётгани таъкидлаган.

Россиядаги ҳуқуқ ҳимояси ташкилотлари ҳисоб-китобига кўра, пандемия авж олишни бошлаган 2020 йилнинг апрель ойида Россия СУВСИГларида 10 мингдан зиёд одам ушлаб турилган.

Озодлик миграция қонунчилигини бузганлиги учун Россия депортация марказларида ушлаб турилган хорижликларнинг аксар қисмини ўзбек муҳожирлари ташкил этиши, айрим ўзбекистонликлар ойлаб ва ҳатто йиллаб бу муассасаларда ушлаб турилгани тўғрисида хабар бериб келган.

Айни пайтда, Россия президенти Владимир Путин “хорижлик ҳамкорлар билан Россияда меҳнат мигрантлари етишмовчилиги масаласини” муҳокама қилишга ваъда берганди.

Россия ИИВси маълум қилишича, 2019 йилда 250 мингдан ортиқ, 2020 йилда эса 189 минг хорижий фуқароларнинг Россияга кириши тақиқланган.

XS
SM
MD
LG