Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 21:09

Россияда аҳолини рўйхатга олиш натижалари миллий озчиликларни хавотирга солди


Россиянинг Свердловск минтақасидаги Островное қишлоғида аҳолини рўйхатга олиш жараёни. Апрель, 2021
Россиянинг Свердловск минтақасидаги Островное қишлоғида аҳолини рўйхатга олиш жараёни. Апрель, 2021

Россия ҳукумати 2021 йилги аҳоли рўйхатга олиш натижаларини ўтган йил охирида эълон қилди. Унга кўра, мамлакатдаги кўплаб рус бўлмаган этник озчиликлар сони сезиларли даражада камаймоқда.

Мамлакатдаги энг катта этник озчилик бўлган татарлар сони қарийб 600 минг кишига камайган. Мари этник гуруҳи 22,6% га, чувашлар 25 фоизга, удмуртлар сони эса 30 фоизга камайган.

Шу билан бирга, расмий маълумотларга кўра, муайян миллат номини айтишдан бош тортган респондентлар сони қарийб 16,5 миллион кишига ошган. Кўплаб демографлар ва бошқа экспертлар, шунингдек, мамлакатдаги этник озчилик жамоалари фаоллари Кремлнинг мақсади, рўйхатга олиш натижалари ва жараёнига шубҳа қилмоқда.

"Этник идентификацияни тақдим этишдан бош тортганлар сони сезиларли даражада ошди, – дейди россиялик социолог Игор Яковенко. – Бу ксенофобия кучайиб бораётгани натижасидир. Одамлар келажакда қандай оқибатларга олиб келиши мумкинлигини тушунишади – ҳар қандай ҳолатда, ҳеч нарса демаслик яхшироқдир.

99 фоиз иштирокми?

Аҳолини рўйхатга олиш дастлаб 2020 йил кузида, аввалги аҳолини рўйхатга олишдан 10 йил ўтиб ўтказилиши режалаштирилган эди. Аммо у ковид пандемияси туфайли бир йилга кечиктирилди ва 2021 йил октябрь ўрталаридан ноябрь ўрталаригача ўтказилди. Дастлабки натижалар 2022 йил сентябрида, тўлиқ, якуний маълумотлар эса декабрь ойида эълон қилинган. Аҳолини рўйхатга олиш Россия 2014 йилда босиб олган Украинанинг Қрим вилоятини ҳам ўз ичига олади.

2010 йилги аҳолини рўйхатга олишда аниқланган 142,8 миллионга нисбатан қиёслаганда мамлакат аҳолисининг умумий сони 144,7 миллионни ёки Украинанинг Қримини ҳисобга олганда 147,2 миллионни ташкил этди.

Росстат раҳбари ўринбосари Павел Смелов 2021 йил ноябрида – маълумот тўплаш тугашига бир неча кун қолганида сўровда аҳолининг “99 фоиздан ортиғи” иштирок этганини айтди.

Бироқ, ноҳукумат таҳлилчиларнинг таъкидлашича, ҳақиқий иштирок анча паст бўлган ва қўлланилган усуллар натижаларни ишончсиз қилиб қўйган. Левада омма фикрини ўрганиў марказининг аниқлашича, россияликларнинг 42 фоизи аҳолини рўйхатга олишда умуман қатнашмаганини айтган, Москвада эса бу кўрсаткич ҳайратланарли – 73 фоизга етади.

"Бу 56-57 миллионга яқин одам аҳолини рўйхатга олишда иштирок этмаганлигини англатади", дейди демограф Алексей Ракша. У 2020 йил июль ойида ҳукуматнинг коронавирусдан ўлим ҳақидаги ҳисоботларига шубҳа қилгани учун Росстатдан ишдан бўшатилганди.

Ҳатто ўзини рус ҳисоблашини айтган этник руслар сони расмий маълумотларга кўра, 2010 йилдаги 111 миллиондан 2021 йилда 105,6 миллионга камайган.

"Сохталаштиришга мажбурлаш"

Озод Европа/Озодлик радиосига берган интервьюсида аҳолини рўйхатга олишда қатнашганлар тақдим этилган маълумотларнинг аксарияти уйдирма эканлигини тасдиқлашди.

"Бизни маълумотларни сохталаштиришга мажбур қилишмоқда ва тушунишимча, бу Санкт-Петербургда айниқса кенг миқёсда содир бўлмоқда, чунки у ерда иштирок этиш даражаси жуда паст", дейди рўйхатга олишда қатнашган ва исмини ошкор этмасликни сўраганлардан бири Озодлик радиосига 2021 йил ноябрида. «Бундан жуда хавотирдаман, чунки биз маҳаллий маъмуриятнинг буйруғи билан ноқонуний ишлар қилишга мажбурмиз. Социолог сифатида мен бундай маълумотларнинг қиймати нолга тенг эканлигини биламан”.

Худди шунга ўхшаш воқеани жанубдаги Астрахан вилоятидан бўлган яна бир аҳолини рўйхатга олувчи ҳам айтиб берди. "Менга берилган рўйхатларда 50 фоизга яқин одам ўзи жавоб берган, қолганлари эса ҳақиқий суҳбатлар эмас, балки яшаш жойи бўйича рўйхатдан фойдаланиб, тўлдирилган, – дейди у анонимлик шарти билан. – Одамларнинг этник келиб чиқиши ҳақида ҳеч қандай маълумот йўқ эди ва биз буни этник гуруҳларнинг фамилияларига қараб ўзимиз аниқлашимиз керак эди. Мен бундай жойларни бўш қолдирдим, шунинг учун рўйхатнинг ярмидан кўпида этник мансублик жавобсиз қолган.»

Ана шундай ҳолатлар сабабли кўплаб мутахассислар 2021 йилги аҳолини рўйхатга олиш натижаларидан фойдаланишда эҳтиёт бўлишга чақирди.

“Мен бу аҳолини рўйхатга олиш натижаларига кўп ҳам ишонмаган бўлардим, – дейди социолог ва Канададаги Карлтон университети профессори Гўзал Юсупова. – Бу борадаги саволлар нафақат татар зиёлилари ва бошқа миллий республикалар фаоллари, балки академик жамоатчилик вакилларида ҳам пайдо бўлади."

Яковенко "тоталитар ва фашистик режимларда" руйхатга олиш имконсизлигини таъкидлади.

"Одамлар ҳар қандай интервью олувчини – шахсий ҳудудини бузган ва шахсий саволлар берган шахсни – ҳокимият ёки ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари вакили сифатида қабул қилади, – дейди у. – Социологларнинг айтишича, одамларнинг 90 фоизи саволларга жавоб беришдан бош тортади. Аҳолини рўйхатга олиш масаласига келсак, кўпчилик жавоб беришни истамайди, бошқалари эса ёлғон жавоб беради”.

Татар тарихчиси ва этнографи Дамир Исхаковнинг айтишича, "етакчи демографлар бу статистик материалнинг бефойдалигини билади".

“Ҳатто Қозонда ҳам, – дейди у Татаристоннинг пойтахти ва энг йирик шаҳрини назарда тутиб, – улар одамларнинг уйларига боришмаган. Мен буни ўзим кузатдим. Менинг дўстларимдан ҳеч кимникига боришмаган."

"Турфахилликни хавф деб билишади"

Россия президенти Владимир Путиннинг бошқарув тизими “этник сепаратизмдан қўрқадиган репрессив ҳукуматдир”, дейди социолог Юсупова. Унинг айтишича, Путиннинг 1999 йилда ҳокимият тепасига келишига Иккинчи Чечен уруши билан боғлиқ ксенофобия тўлқини сабаб бўлган.

"Бу этник турфахилликка қандай муносабатда бўлишимизни белгилаб берди, – дейди у. –Мамлакатимизда турфахилликни хавф деб билишади: мигрантлар гиёҳванд моддалар сотувчиси, мусулмонлар террорчи, этник фаоллар Россияни йўқ қилмоқчи ва ҳоказо."

Йиллар давомида давлат ташвиқоти ватанпарварлик ва бирликка урғу бериб келди. 2020 йилда қабул қилинган конституциявий тузатишлар русларнинг мамлакатнинг "давлат тузувчи" миллати сифатидаги ўзига хослигини ва рус тилининг устуворлигини мустаҳкамлади.

"Менимча, Россия Федерацияси сиёсати ҳозир аксарият халқларнинг русларга нисбатан ассимиляциясини рағбатлантиришга қаратилган, – дейди Ракша ва чеченлар ва Шимолий Кавказнинг бошқа этник гуруҳлари бундан мустасно эканлигини қўшимча қилди. – Аммо бу аҳолини рўйхатга олиш шунчалик сифатсизки, унга асосланиб бу жараённи тўғри баҳолаш мумкин эмас."

Россиядаги этник татарларнинг тарихий сони бу таҳлилни тасдиқлайди. 2002 йилги аҳолини рўйхатга олишда, Россиянинг қисқа муддатли демократлашуви ва Татаристоннинг энг катта мухторияти поёнида аҳоли сони 5,55 миллионга етган. 2010 йилги аҳолини рўйхатга олиш маълумотларига кўра, у 5,3 миллионга тушган ва охирги аҳоли рўйхатига кўра, у яна 600 минг кишига камайиб, 4,7 миллион кишига тушган.

Татаршунос Исхаков “Россияда демократия бўлса, 10 йилдан кейин” навбатдаги аҳоли рўйхати ўтказилганда “яна 5 миллиондан ортиқ татар бўлади”, дея таъкидлайди.

Форум

XS
SM
MD
LG