Amazon Россияга товар етказиб беришни тўхтатди
АҚШнинг энг йирик ширкатларидан бири бўлмиш Amazon Россия ва Беларусга товар йўллашни тўхтатган. Бу ҳақда ширкат ўз сайти орқали маълумот тарқатган.
Amazon Web Services булут сервиси ҳам Россия ва Беларусдан янги фойдаланувчиларни рўйхатга олишдан бош тортган. Бундан ташқари россиялик фойдаланувчилар бундан буён Amazon Prime Video стриминг хизматидан ҳам фойдалана олмайдилар.
Йел университети маълумотига кўра, Россия Украина ҳудудига бостириб кирган 24 февралдан бери 300 дан зиёд хорижий ширкат Россиядаги фаолиятини тўхтатиши ёки чеклашини эълон қилган. Улар орасида OBI халқаро дўконлар тармоғи, косметика маҳсулотларини ишлаб чиқарувчи Estee Lauder Companies ширкати, McDonald's, Starbucks, Coca-Cola, Zara, Pull&Bear, Massimo Dutti, Bershka, Marks & Spencer, Mango, H&M брендлари ва бошқалар бор.
ЕИ россиялик сенаторлар ва айрим мансабдорларга қарши қўшимча санкциялар жорий қилди
Россиянинг Украинага бостириб кириши муносабати билан Брюсселда 9 март куни ЕИнинг Россия ва Беларусга қарши қўшимча санкциялари маъқулланди.
ЕИ кенгаши хабарномасида санкциялар “россиялик олигархлар ва мансабдорлар ҳамда уларнинг оила аъзоларига қарши” киритилиши айтилган. Кейинроқ Еврокомиссия раҳбари Урсула фон дер Ляйен санкциялар 160 нафар (14 нафар тадбиркор ва Федерация кенгашининг 146 нафар аъзоси) россияликка қарши қаратилганини билдирган. Шу тариқа ЕИнинг қора рўйхатидаги россиялик жисмоний шахслар сони 862 нафарга, ташкилотлар сони эса 53 тага етган.
Санкция рўйхатига янги қўшилганлар орасида россиялик сенаторлардан ташқари VK (ВКонтакте) раҳбари Владимир Кириенко, “Аэрофлот” раҳбари Михаил Полубояринов, “Роснано” раҳбари Сергей Куликов, “Ростелеком” президенти Михаил Осеевский ва бошқа амалдорлар бор.
Россия ҳарбийлари Мариуполдаги 3-касалхонанинг болалар бўлими ва туғруқхонасини ўққа тутди
Россия авиацияси Мариуполдаги 3-сонли касалхонага ҳаводан зарба бергани оқибатида 17 киши жароҳатланган.
Шаҳар расмийлари тарқатган маълумотга мувофиқ, ҳаво зарбалари ортидан касалхонанинг болалар бўлими ва туғруқхонасига қаттиқ шикаст етган.
“Тиббий муассасанинг яқиндагина болалар даволанаётган биноси тўлалилигича вайрон бўлган”, дейилган хабарномада.
Украина Россияни фуқаровий объектларга қарата палапартиш зарбалар бераётганликда айблаяпти. Россия Мудофаа вазирлиги эса фақат ҳарбий объектлар нишонга олинаётганини иддао қилиб, фуқаровий объектларга берилган зарбаларни “миллатчи батальонлар провокацияси” деб аташда давом этмоқда.
Чернобил АЭСи электр энергиясидан узиб қўйилди
Украинанинг "Энергоатом" ширкати Россия ҳарбийлари ҳаракати оқибатида Чернобил АЭС – Киев юқори вольтли линия тўлиқ энергетика тизимидан ўзилиб қолганини билдирди. Бундан ташқари Россия ҳарбийлари Украинада босиб олган бошқа АЭСлар ҳам электр таъминотидан узилган.
“Қайта ишланган ядровий чиқиндилар -1 омборида 20 мингта ишлатиб бўлинган ёнилғи ускуналари сақланади. Улар доимий равишда музлатиб турилиши шарт. Бунинг учун эса электр энергияси таъминоти бўлиши лозим. Агар электр таъминоти бўлмаса, насослар музлатиш ускуналарини ишлатишни тўхтатади ва радиоактив моддалар атроф-муҳитга тарқалиб кетиши мумкин. Шамол радиоактив булутни Украина, Беларусь, Россия ва Европанинг бошқа ҳудудларига ҳайдаб бориши эҳтимол”,-дейилади расмий билдирувда.
Аввалроқ Украина ҳукумати Россия ҳарбийлари босиб олган Чернобил АЭСида 14 кундан бери 250 нафарга яқин ходим дам олишларсиз ва смена алмашинувисиз ишлаётганини, смена алмашинувига Россия тўсқинлик қилаётганини маълум қилган эди.
Украина ҳукумати Халқаро атом энергияси агентлигидан Чернобил АЭсини босиб олган Россия ҳарбийлари ҳаракатини назорат қилишни ҳам илтимос қилган.