Киев қамалга тайёрланмоқда, озиқ-овқат захираси тўпланмоқда
Украина пойтахти Киев мэрияси 13 март куни шаҳар Россия ҳарбийларининг эҳтимолий қамалига тайёрланаётганини билдирди.
“Пойтахтда шаҳарни тарк этишни истамаган 2 миллион кишига икки кунга етадиган озиқ-овқат заҳираси тўпланди. Шаҳар қамал қилинган ҳолатда зарур чора-тадбирларни кўришга ҳозирланмоқда. Ўз уйларини ташлаб кетишни истамаган икки миллион киевлик вазият ёмонлашган пайтда ўзини ёлғиз ҳис қилмайди”,-дейилади мэрия баёнотида.
Шаҳар расмийлари дўконлар ва аптекаларни очиш, улардаги маҳсулотлар нархини кўтармаслик тўғрисида бизнесменлар билан музокаралар олиб борилаётганини ҳам маълум қилди.
Мариуполнинг қамал қилиниши оқибатида тинч аҳолининг 1,5 мингдан кўпроғи ҳалок бўлди
Россия қўшинлари Мариуполни қамал қилгани оқибатида 1 582 тинч аҳоли ҳалок бўлди, деб хабар берди 13 март куни Украина Ички ишлар вазирлиги.
“12 кундан бери давом этаётган қамал пайтида аҳоли яшовчи бинолар аёвсиз ўққа тутилди. Бунинг оқибатида рус ҳарбийлари томонидан1582 мариполлик ҳалок бўлди. Россия 2014 йилдан бери Украинага содиқлигини айтиб, ўз аҳдидан чекинмаётган тинч аҳолидан шундай йўл билан ўч олди. Бундай ҳаракатни ҳарбийлар эмас, айбсиз тинч одамларни гаровга олган террорчилар амалга оширади”,-деди ўз баёнотида вазир ўринбосари Мэри Акопян.
Унга кўра, Мариупол ҳамон қамалда қолмоқда ва мудофаани давом эттирмоқда. Россия армияси 3 мартда шаҳарни тўлиқ қамалга олишга эришган. Айни пайтда Мариуполда электр энергияси, алоқа, газ, иситиш ва сув мавжуд эмас.
Россия Яворив полигонини ўққа тутгани оқибатида камида 35 киши ҳалок бўлди
Россия Яворив полигони сифатида танилган Тинчликпарварлик ва хавфсизлик халқаро марказига ҳаводан берган зарба оқибатида камида 35 киши ҳалок бўлди, 134 киши яраланди. Бу ҳақда Львов вилоят давлат маъмурияти 13 март куни маълум қилди.
Россия полигонга отган ракеталарнинг бир қисмини ҳаводан мудофаа тизими уриб туширишга муваффақ бўлган. Львов расмийларига кўра, рус самолётлари Саратовдан учиб, Қора денгиз акваториясига кирган ва ўша ҳудуддан ракета отган.
Россиянинг Украинадаги урушнинг 17 куни тўғрисидаги маълумоти
Россия Мудофаа вазирлигида 13 март куни ўтган брифингда қуйидагилар билдирилди:
Россия армияси Украинада 14 километрга силжишга муваффақ бўлди. Донецк вилоятига қарашли Благодатное, Владимировка, Павловка ва Никольское аҳоли пунктлари устидан назорат ўрнатилди.
Шу кунгача Украинанинг 3 687 объекти ишдан чиқарилди.
Украинанинг Су-24 самолёти ва иккита учувчисиз бошқариладиган аппарати уриб туширилди.