"Яндекс" Бош директори Худавердян ЕИ санкциялари ортидан истеъфо берганини билдирди
"Яндекс" Бош директори Тигран Худавердян ўзига нисбатан ЕИ санкциялари жорий этилгани ортидан истеъфо берди. Бу ҳақда ширкат расмий баёнотида маълум қилингани тўғрисида Озодлик радиоси рус хизмати хабар берди.
Худавердян жорий йилнинг 15 мартида "Яндекс" Бош директори лавозимига тайинланган эди. У истеъфо бергани ортидан Худавердянга қадар "Яндекс" Бош директори бўлган Елена Бунина яна ўз лавозимига тикланди. Бунина бир ойгача "Яндекс"ни бошқариб туради.
"Яндекс" директорлар кенгаши раиси Жон Бойнтон “ширкатда 15 йил ишлаганидан сўнг бир неча кун аввал раҳбар лавозимга тайинланган Тигран” Европа Иттифоқи санкциясига дучор қилингани тушунарсиз ҳолат” экани ҳақида баёноот берди.
"Яндекс" ширкати Россиянинг Украинага қарши уришида Москва тарафдори бўлгани ортидан халқаро санкциялар рўйхатига киритилган эди.
Россия ҳарбийлари Мариупол касалхонасидаги врачлар ва беморларни гаровга олгани иддао қилинди
Россия ҳарбийлари қамалда қолаётган Мариупол касалхонасидаги врачлар ва беморларни гаровга олгани тўғрисида Донецк вилоятининг Украинага қарашли ҳудуди ҳокими Павел Кириленко ўз телеграм каналида хабар берди.
“Настояшчее время” телеканалида эълон қилинган мазкур хабарда таъкидланишича, Мариупол икки ҳафтадан бери Россия ҳарбийлари томонидан қамал қилинган ҳолатда қолмоқда. Россия ҳарбийлари шаҳардан аҳолини чиқармаяпти ва озиқ-овқат ҳамда дори-дармондан иборат гуманитар ёрдамни ичкарига киритмаяпти.
“Настояшчее время” телеканалининг билдиришича, Мариуполда электр энергияси, иссиқлик ва сув таъминоти узиб қўйилган.
Донецк вилоятининг Украинага қарашли ҳудуди ҳокими Павел Кириленко Россия ҳарбийлари касалхонани бомбардимон орқали вайрон этгани тўғрисида ёзди. Бунинг ортидан беморлар касалхона ертўласига кўчирилган.
Зеленский видеоалоқа орқали АҚШ Конгрессида чиқиш қилади
Украина президенти Владимир Зеленский 16 март куни видеоалоқа орқали Қўшма Штатлар конгрессига мурожаат қилади.
Зеленский ўз нутқида АҚШни Украина осмонини парвозсиз ҳудудга айлантиришга чақириши ва мамлакатга Польша ихтиёридаги МиГ жанговар учоқларини беришни илтимос қилиши кутилмоқда.
Мазкур учоқлар Украинага сўнгги кунларда аҳоли турар-жой мавзеларига зарба йўллаётган Россия авиацияси ҳужумларини қайтариш имконини беради.
БМТ қўмитаси Украинада 700 чоғли тинч аҳоли вакили ўлдирилгани ҳужжатлаштирилганини очиқлади
БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича қўмитаси Россиянинг Украина ҳудудига бостириб кириши натижасида жорий йилнинг 24 февралидан 14 мартигача тинч аҳоли вакилларидан 691 нафари ҳалок бўлганини ҳужжатлаштирди.
Қайд этилишича, қурбонларнинг 48 нафарини вояга етмаган болалар ташкил этади.
Россия босқини натижасида Украинада ҳарбий бўлмаганлардан 1 минг 143 киши яраланган, улардан 62 нафари болалардир. БМТ қўмитаси қурбонларга оид ҳақиқий рақамлар бундан анча юқори бўлиши мумкинлигини эҳтимолдан соқит қилган эмас.