Линклар

Шошилинч хабар
27 декабр 2025, Тошкент вақти: 16:42

Украинага ҳужум: Сбербанк доллар жўнатмаларини тўхтатди. Уруш хроникаси

  • Россиянинг Украинага босқинининг тўртинчи ҳафтаси бошланди.
  • 16 март куни Мариуполь шаҳрида юзлаб одам яширинган Драма театри бомбаланди. Украина ҳукумати рус ҳарбийлари ўғирлаб кетган Мелитополь мэрини озодликка чиқаришга муваффақ бўлди.
  • Владимир Зеленский видеоалоқа орқали АҚШ Конгрессининг иккала палатаси олдида нутқ сўзлаб, уларни Украинага ҳарбий ёрдамни оширишда давом этишга чақирди ва тез орада катта миқдорда қурол-яроғ олишга эришди.
  • БМТ Халқаро суди Россиядан Украинадаги урушни дарҳол тўхтатишни талаб қилди. Россия 26 йил аъзо бўлиб келган Европа Кенгашидан четлатилди.
  • Путин Украинадаги “амалиёт” муваффақиятли олиб борилаётгани ва Россия жамиятини урушга қарши чиқаётган “миллат хоинлари”дан тозалаш кераклиги ҳақида гапирди.
  • Британия Мудофаа вазирлиги Россия жанглардаги талафотлари ўрнини тўлдириш учун янги кучларга тобора муҳтож бўлаётганини маълум қилди. Вазирликка кўра, эндиликда Россия қаттиқ ҳимояланаётган Украина армиясига қарши ҳужум амалиётларини олиб боришда қийналиши турган гап.
  • Украина ҳудудига бостириб кирган кундан бери Россиянинг етти мингдан зиёд ҳарбий хизматчиси ҳалок бўлди. Бу 20 йил давомида Ироқ ва Афғонистондаги жангларда ўлдирилган америкалик аскарларнинг умумий сонидан кўп, деб ёзади The New York Times АҚШ разведкаси маълумотларига таянган ҳолда.
  • Россия аҳолисининг қарийб тўртдан уч қисми Украина билан урушни қўллаб-қувватлайди ва бундан ғурур, қувонч, ҳурмат, ишонч ва умид каби ижобий ҳисларни туяди. Россиядаги мустақил социологлар гуруҳи томонидан февраль ойи охирлари ва мартнинг ўрталарида ўтказилган икки сўровнома натижалари шуни кўрсатмоқда.

Вазир Комилов Ўзбекистон Украина мустақиллиги ва ҳудудий яхлитлигини тан олишини урғулади

Ўзбекистон Украинадаги оғир вазиятни инобатга олган ҳолда бу мамлакатга гуманитар ёрдам кўрсатишда давом этади. Бу ҳақда ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов 17 март куни Олий Мажлис Сенатининг галдаги ялпи мажлисида қилган чиқишида билдирди.

“Ўзбекистон Республикаси Украинанинг мустақиллиги, суверенитети ва ҳудудий яхлитлигини тан олади. Биз Луганск ва Донецк республикаларини тан олмадик”, деган вазир Комилов ташқи сиёсат концепциясига асосланган ҳолда Ўзбекистон ҳеч қандай ҳарбий блокларга кирмаслигини қўшимча қилди.

Украинадаги можаро ортидан Ғарб мамлакатларининг Россияга қарши жорий этган санкциялари Ўзбекистонга ҳам тўғридан-тўғри таъсир ўтказаётганини урғулаган А. Комилов ҳозирда мазкур санкциялар салбий таъсирининг олдини олиш Тошкент учун муҳим аҳамиятга эга эканига эътибор қаратди.

Томсклик киши урушга қарши акцияни “жим туриб дастаклаган”и учун жаримага тортилди

Томскда туман судларидан бири Станислав Кармакскихга урушга қарши акцияни “жим туриб дастаклаган”и учун 45 минг жарима солди. Бу ҳақда “ОВД-Инфо” ҳуқуқбонлик лойиҳаси маълумот тарқатди.

Кармакских Россия армиясини “обрўсизлантириш”га оид яқинда қабул қилинган маъмурий модда бўйича айбдор деб топилган. Иш материалларига мувофиқ, у “Россия Қуролли кучларининг Украинадаги махсус ҳарбий амалиётига нисбатан Томск аҳолиси ва атрофдагиларда салбий фикр шакллантириш” мақсадида ўтказилган митингда иштирок этган.

Суд қарорида Кармакских пикет ўтказилган жойга яқин турган фуқаролар ичида бўлиб, акциянинг “ғайриқонуний мақсадлари”ни “жим туриб дастаклаган”и айтилган.

РФ Маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги кодексининг Россия армиясини “омма олдида обрўсизлантиришга қаратилган хатти-ҳаракатлар содир этиш”га оид янги 20.3.3-моддасида бу ҳаракатни содир этган фуқароларга 100 минг рублгача жарима солиш кўзда тутилган.

АҚШ Украинага 800 та ҳавога қарши мудофаа тизими ва бошқа ҳарбий воситаларни тақдим этади

АҚШ президенти Жо Байден Қўшма Штатлар Украинага қўшимча қурол-аслаҳа йўллашини маълум қилди.

Киев Вашингтондан ҳавога қарши мудофаа учун Stinger русумли 800 та зенит-ракета мажмуаси, 2 мингта Javelin русумли танкка қарши кўчма тизим, 100 та дрон, 100 та гранатомёт, 5000 та милтиқ, 400 та пулемёт ва бошқа аслаҳалар, шунингдек, ўқ-дори, бронежилет ва шлемлар олади.

“Бу узоқ давом этадиган ва оғир уруш бўлиши мумкин, бироқ Путиннинг тинч аҳолига ахлоқсизларча қилган ҳужуми олдида Америка халқи Украина халқини оғишмай дастаклаб туради”, дея қўшимча қилган Байден.

Унга кўра, буларнинг барчаси АҚШнинг Украинага энг замонавий қурол-аслаҳа йўллашдаги собитлигини намойиш қилади.

Байден Путинни “ҳарбий жиноятчи” деб атади

АҚШ президенти Жо Байден 16 март куни Вашингтонда журналистлар саволига жавоб бера туриб, Россия президенти Владимир Путинни “ҳарбий жиноятчи” деб ҳисоблашини айтди.

Reuters агентлиги қайдича, Россия қўшинларининг Украина ҳудудига бостириб кириши манзарасида Байден Путинга нисбатан бундай бирикмани илк бор қўллаган.

Бунга жавобан Россия президенти матбуот котиби Дмитрий Песков “бомбаларидан бутун дунёда юз минглаб одам ўлган” давлатнинг раҳбари оғзидан бундай сўз чиқишини “ножоиз ва кечириб бўлмас” эканини айтган.

Давомини ўқинг

XS
SM
MD
LG