Линклар

Шошилинч хабар
27 декабр 2025, Тошкент вақти: 09:38

Украинага ҳужум: Сбербанк доллар жўнатмаларини тўхтатди. Уруш хроникаси

  • Россиянинг Украинага босқинининг тўртинчи ҳафтаси бошланди.
  • 16 март куни Мариуполь шаҳрида юзлаб одам яширинган Драма театри бомбаланди. Украина ҳукумати рус ҳарбийлари ўғирлаб кетган Мелитополь мэрини озодликка чиқаришга муваффақ бўлди.
  • Владимир Зеленский видеоалоқа орқали АҚШ Конгрессининг иккала палатаси олдида нутқ сўзлаб, уларни Украинага ҳарбий ёрдамни оширишда давом этишга чақирди ва тез орада катта миқдорда қурол-яроғ олишга эришди.
  • БМТ Халқаро суди Россиядан Украинадаги урушни дарҳол тўхтатишни талаб қилди. Россия 26 йил аъзо бўлиб келган Европа Кенгашидан четлатилди.
  • Путин Украинадаги “амалиёт” муваффақиятли олиб борилаётгани ва Россия жамиятини урушга қарши чиқаётган “миллат хоинлари”дан тозалаш кераклиги ҳақида гапирди.
  • Британия Мудофаа вазирлиги Россия жанглардаги талафотлари ўрнини тўлдириш учун янги кучларга тобора муҳтож бўлаётганини маълум қилди. Вазирликка кўра, эндиликда Россия қаттиқ ҳимояланаётган Украина армиясига қарши ҳужум амалиётларини олиб боришда қийналиши турган гап.
  • Украина ҳудудига бостириб кирган кундан бери Россиянинг етти мингдан зиёд ҳарбий хизматчиси ҳалок бўлди. Бу 20 йил давомида Ироқ ва Афғонистондаги жангларда ўлдирилган америкалик аскарларнинг умумий сонидан кўп, деб ёзади The New York Times АҚШ разведкаси маълумотларига таянган ҳолда.
  • Россия аҳолисининг қарийб тўртдан уч қисми Украина билан урушни қўллаб-қувватлайди ва бундан ғурур, қувонч, ҳурмат, ишонч ва умид каби ижобий ҳисларни туяди. Россиядаги мустақил социологлар гуруҳи томонидан февраль ойи охирлари ва мартнинг ўрталарида ўтказилган икки сўровнома натижалари шуни кўрсатмоқда.

| Арнолд Шварценеггер россияликларга мурожаат йўллади

"Кремл ўз аҳолисига бу уруш оқибатлари ҳақида гапирмаяпти, Украинада ҳалок бўлган минглаб рус аскарлари ҳақида хабар бермаяпти", деди актёр.
Америкалик киноактёр, давлат ва сиёсат арбоби Арнолд Шварценеггер Украинадаги уруш ҳақидаги ҳақиқатни айтиш учун русларга мурожаат қилди. 17-март куни у Россия халқига ўз видеомурожаатини эълон қилди.

| "Путин меъмори" Италия прокуратураси нишонида

Италияда “Путин меъмори” Ланфранко Чириллонинг тўртта вилласида тинтувлар ўтказилди.

Путиннинг Геленжикдаги 1 млрд долларли уйини қурган Чирилло пул ювиш, солиқ тўлашдан бўйин товлаш ва маданий декларацияни ҳимоя қилиш кодексини бузишда айбланган. Италия прокуратураси феврал ойида 2014 йилдан бери Россия фуқароси бўлган архитекторни ҳибсга олишга ордер берган эди. Бу ҳақда Il Giornale di Brescia газетаси хабар берди, унинг таҳририяти Ломбардиядаги Чирилло туғилган Брешия шаҳрида жойлашган.

Газетанинг ёзишича, архитектордан икки миллион евро турувчи Eurocopter EC130 вертолёти, шунингдек, 143 та санъат асари мусодара қилинган. Улар орасида жаҳонга машҳур рассомлар Пикассо, Сезанн, Кандинский, Модиляни ва Шагалнинг расмлари бор. Картиналар меъмор қўлига қандай тушгани ҳозирча аниқланмаган.

Коррупцияга қарши кураш жамғармаси ходими Георгий Албуров расмлар Эрмитаж фондларидан олинган, деб ҳисоблайди. Унинг сўзларига кўра, Россия президенти Владимир Путин картиналарни меъморга иш ҳақи эвазига берган.

| "Сбербанк" доллар жўнатмаларини тўхтатди

“Сбербанк” орқали доллар юбориб бўлмайди. Бугун охирги кун", дея хабар беради migrant.mobi портали.

Россиянинг энг йирик “Сбербанк”и “Сбербанк Онлайн” иловаси орқали чет элга пул ўтказмалари 2022 йил 17 мартгача нақд пул кўринишида амалга оширилишини маълум қилди.

Нашрга кўра, энди "Сбербанк" мижозлари нақд кўринишда бўлмаган пулларни чет эл банкидаги картага ёки ҳисоб рақамига телефон рақами орқали ўтказишлари мумкин. Хусусан, ўзбекистонликлар Россиядан Ўзбекистондаги картага сўм юборса бўлади.

| Қозоғистон "Дождь" журналистини чиқариб юборди

1 март куни Россияда блокланган “Дождь” телеканалининг Қозоғистонга кетган офис менежери ва қозоқ меҳмонхонасида истиқомат қилган яна саккиз нафар россиялик мамлакатдан бадарға қилинди. Бу ҳақда “Дождь” кўрсатуви бошловчиси Анна Монгайт ўзининг телеграм-каналида маълум қилди. Қозоғистондан чиқариб юборилган ходимнинг исми тилга олинмаган.

""Номақбул" деб топилибди. Улар Россияга депортация қилинди. У учун бу фожеа, аммо ҳаёти учун хавфли эмас. Баъзилар учун бу фожиали оқибатларга айланиши мумкин", деб ёзади Монгайт.

Давомини ўқинг

XS
SM
MD
LG