Линклар

Шошилинч хабар
27 декабр 2025, Тошкент вақти: 08:05

Украинага ҳужум: Сбербанк доллар жўнатмаларини тўхтатди. Уруш хроникаси

  • Россиянинг Украинага босқинининг тўртинчи ҳафтаси бошланди.
  • 16 март куни Мариуполь шаҳрида юзлаб одам яширинган Драма театри бомбаланди. Украина ҳукумати рус ҳарбийлари ўғирлаб кетган Мелитополь мэрини озодликка чиқаришга муваффақ бўлди.
  • Владимир Зеленский видеоалоқа орқали АҚШ Конгрессининг иккала палатаси олдида нутқ сўзлаб, уларни Украинага ҳарбий ёрдамни оширишда давом этишга чақирди ва тез орада катта миқдорда қурол-яроғ олишга эришди.
  • БМТ Халқаро суди Россиядан Украинадаги урушни дарҳол тўхтатишни талаб қилди. Россия 26 йил аъзо бўлиб келган Европа Кенгашидан четлатилди.
  • Путин Украинадаги “амалиёт” муваффақиятли олиб борилаётгани ва Россия жамиятини урушга қарши чиқаётган “миллат хоинлари”дан тозалаш кераклиги ҳақида гапирди.
  • Британия Мудофаа вазирлиги Россия жанглардаги талафотлари ўрнини тўлдириш учун янги кучларга тобора муҳтож бўлаётганини маълум қилди. Вазирликка кўра, эндиликда Россия қаттиқ ҳимояланаётган Украина армиясига қарши ҳужум амалиётларини олиб боришда қийналиши турган гап.
  • Украина ҳудудига бостириб кирган кундан бери Россиянинг етти мингдан зиёд ҳарбий хизматчиси ҳалок бўлди. Бу 20 йил давомида Ироқ ва Афғонистондаги жангларда ўлдирилган америкалик аскарларнинг умумий сонидан кўп, деб ёзади The New York Times АҚШ разведкаси маълумотларига таянган ҳолда.
  • Россия аҳолисининг қарийб тўртдан уч қисми Украина билан урушни қўллаб-қувватлайди ва бундан ғурур, қувонч, ҳурмат, ишонч ва умид каби ижобий ҳисларни туяди. Россиядаги мустақил социологлар гуруҳи томонидан февраль ойи охирлари ва мартнинг ўрталарида ўтказилган икки сўровнома натижалари шуни кўрсатмоқда.

Пентагон: Россия Украинага бостириб киришда чегара олдига йиғилган кучларининг 95 фоизини ишга солди

Россия Украинага ҳужумда шу кунгача икки давлат чегарасида босқиндан аввал йиғилган ҳарбий куч ва воситаларнинг 95 фоизини ишга солган. Бу ҳақда АҚШ Мудофаа вазирлигининг юқори лавозимли мулозими 6 март куни бўлиб ўтган брифингда билдирган.

Унга кўра, ўтган кеча-кундузда Пентагон Россия қўшинларида сезиларли ҳаракатланишни сезган эмас. Киев яқинидаги 64 километрли колонна ҳали ҳам аввалги жойида турибди (бошқа кузатувчилар мазкур “уруш карвони”нинг лойга ботиб қолгани ёки бутун ёқилғисини сарфлаб бўлганини тахмин қилишмоқда).

Пентагон вакилига кўра, Россия ҳарбий-космик кучлари ҳали ҳам Украина ҳаво ҳудудини ўз назорати остига ололмаган. Украина жанговар учоқлари ва вертолётлари ҳали ҳам парвозларни амалга оширяпти, ҳавога қарши мудофаа тизими ишлаяпти. Айни пайтда ҳар икки томон ҳам жангларда учоқлари, вертолётлари ва ҳавога қарши мудофаа тизими воситаларида айрилганлар.

Айни пайтда мулозим АҚШ Мудофаа вазирлиги Россия томонидан Украинада кассетали бомбалардан фойдаланилганига оид ҳодисаларни тасдиқлай олмаслигини билдирган.

Вазир Шкарлет: Россиянинг Украинага ҳужуми ортидан 200 дан зиёд мактаб вайрон бўлган ёки шикастланган

Россия қўшинларининг бостириб кириши туфайли Украинада 211 та мактаб вайрон бўлган ёки шикастланган, дея билдирди Украина таълим вазири Сергей Шкарлет телемарафон эфирида.

“Бугунги кунда биз вайрон бўлган ёки шикастланган мактаблар сони тобора ортаётганини кузатяпмиз. Шу кунгача бундай мактаблар сони 211 тага етди, уларнинг бир қисми тўла вайрон бўлган, бир қисмига эса шикаст етган”, дея қайд этди вазир.

Россия босқини бошланган пайтда Украинада мактаб ўқувчилари учун икки ҳафталик таътил эълон қилинган, бироқ яқинда ўқиш бошланиши режаланган эди.

Қочқинлар сони 1,5 миллионга етди

БМТга кўра, сўнгги 10 кун мобайнида 1,5 млн.дан ортиқ киши Украина ҳудудини тарк этди – бу Европада Иккинчи жаҳон кейин қочқинлар билан юз берган энг жадал ривожланаётган инқироздир. Қочқинлар асосан Польшага йўл олишмоқда, у ердақрийб 922 миллион киши йиғилган.

Украина шаҳарларига ҳужумлар давом этмоқда

Россия қўшинлари туни билан Украина шаҳарларига қарата ўт очишда давом этди.
Ички ишлар вазирининг маслаҳатчиси Вадим Денисенко “Украина 24” канали жонли ёйинида Николаев шаҳрининг турар-жой мавзелари “Смерч” реактив ўт очиш қуролларидан ўққа тутилганини билдирди. Шунингдек, Харьков шаҳри ҳам яна ўққа тутилгани маълум қилинмоқда.

Давомини ўқинг

XS
SM
MD
LG