"Тинчлик келишувига эришишга мажбурсиз!" - Янукович Зеленскийга мурожаат қилди
2014 йилда Киевдаги оммавий норозилик намойишларидан сўнг Россияга қочган Украинанинг собиқ президенти Виктор Янукович Украина президенти Владимир Зеленскийга мурожаат қилиб, уни “қандай бўлса ҳам” Украинадаги қон тўкилишларни тўхтатишга ва Россия билан тинчлик келишувига эришишга чақирди.
Янукович баёноти матнини Россиянинг "РИА Новости" ахборот агентлиги чоп этди.
Украинада давлатга хиёнатда айбланган собиқ президент Янукович жаноб Зеленскийга “президентлик ва ҳатто бир оз оталик муносабати билан” мурожаат қилмоқчи эканлигини ёзади.
У 2014 йилдаги Майдон воқеаларидан кейин мамлакатда кенг кўламли қон тўкилишларга йўл қўймаслик учун ўзи ва ҳокимиятини қурбон қилганини таъкидлаб, Зеленскийни ҳам шундай қилишга чақиради.
"Мен сизнинг "маслаҳатчиларингиз" кўплигини жуда яхши тушунаман, лекин шахсан сиз ҳар қандай ҳолатда ҳам қон тўкилишини тўхтатишга ва тинчлик келишувига эришишга мажбурсиз. Буни сиздан Украина, Донбасс ва Россияда кутишмоқда. Украина халқи ва Ғарбдаги шерикларингиз сиздан миннатдор бўлади”, - дейди ўз мурожаатида собиқ президент.
Янукович, шунингдек, 2014 йилда, унинг сўзларига кўра, “АТО”ни (Донбасс айирмачиларига қарши аксилтеррор операцияси) қўзғатганлар, биринчи навбатда, ҳозирги урушга айбдор.
Россиянинг 8 йил олдин бошланган можародаги роли ва Украинага ҳозирги босқини ҳақида - собиқ президент ҳеч нарса айтмади.
Зеленский Янукович мурожаатига муносабат билдиргани йўқ.
Украинада Зеленскийнинг рейтинги ошиб бормоқда
Украинада президент Владимир Зеленскийга ишонч даражаси уруш бошланганидан бери ўсиб, деярли 80 фоизга етди.
Украиналикларнинг 78 фоизи ғалабага ишонади. Респондентларнинг 43 фоиздан ортиғи Украинада тинчликка эришиш учун уруш билан боғлиқ ноқулайликлар ва муаммоларни бошдан кечиришга тайёр.
Россия истилоси бошланишидан олдин ўтказилган сўровларга кўра, украиналикларнинг 41 фоизи Зеленскийга ишонган.
OBI қурилиш дўконлари тармоғи Россиядан кетди
ОBI қурилиш гипермаркетлари тармоғи Украинага ҳарбий тажовуз ва унинг оқибатлари сабаб Россияни тарк этди.
Улар бугун Россиядан чиқишларини ҳам эълон қилдилар:
Йел университети маълумотига кўра, Украинада уруш бошланиб, санкциялар жорий этилганидан бери 250 дан ортиқ ширкат Россияни тарк этган ёки ҳамкорликни тўхтатган.
Университет, шунингдек, Россияда ўз фаолиятини давом эттираётган ва "сезиларли мавжудлигини" сақлайдиган йирик корхоналар рўйхатини ҳам эълон қилди. Булар Philip Morris, Cоca-Cola, МcDonalds ва Starbucks ширкатларидан. Улар Украинада бойкот қилина бошланган.
Германия ҳарбий жиноятлар бўйича тергов ўтказади
Германия Бош прокуратураси Россиянинг ҳарбий жиноятлар содир этгани юзасидан тергов бошлайди. Бу ҳақда "Шпигель" нашри ўз манбаларга таяниб хабар берди.
Аввалроқ инсон ҳуқуқлари ташкилотлари ва экспертлар Россия Украинада кассетали бомбалардан фойдалангани ҳақидан бонг уришган. Бу ҳақда НАТО Бош котиби Йенс Столтенберг ҳам айтган.
Бундан ташқари, прокуратура аҳоли турар жойларига қилинган ҳужумлар, фуқаролик инфратузилмаси, газ қувури ва иссиқлик электр станциясига қилинган ҳужумларни текширади. Бундай терговнинг вазифаси бевосита ва шартли далилларни аниқлашдир.