Путин ўқиган университет номидан Украинадаги урушга оид иккита мурожаатнома тарқалди
Россия президенти Владимир Путин ўқиган Санкт-Петербург университетидан куни кеча иккита мурожаатнома тарқатилди. Улардан бирида Украинадаги урушга қарши мулоҳазалар баён этилган бўлса, иккинчисида Россиянинг Украинадаги “махсус амалиёти”га қўллов билдирилган.
Урушга қарши мурожаатнома остига талабалар, битирувчилар ва ўқитувчилардан иборат 2 мингдан зиёд одам имзо чеккан. Уларнинг исмлари хавфсизлик нуқтаи назаридан очиқланган эмас.
Мурожаатномада “ҳарбий тажовуз Улуғ Ватан урушининг аччиқ тажрибасини тотган Россия Федерацияси фуқаролари маданияти ва қадриятларига зид” экани урғуланган.
Бунинг ортидан Украинадаги жанговар ҳаракатларни дастакловчи иккинчи мурожаатнома тарқатилган. 700 дан зиёд киши имзолаган бу мурожаатномада Путинга мурожаат қилиниб, унга “самимий қўллов” билдирилган.
Украина: Суми шаҳридан 5 минг чоғли одам эвакуация қилинди
Ўтган кеча-кундузда Суми шаҳридан 5 мингга яқин одам олиб чиқилган. Бу ҳақда Украина президенти офиси раҳбарининг ўринбосари Кирилл Тимошенко маълум қилди. Мулозимга кўра, кеча мазкур шаҳардан мингдан зиёд хусусий автомобилни эвакуация қилишга муваффақ бўлинган.
Украина шимолий-шарқида жойлашган Суми шаҳри шу кунда россиялик ҳарбийлар томонидан ўраб олинган. Кеча Россия ва Украина эвакуация учун бир неча гуманитар йўлак очиш юзасидан келишувга эришишган. Сумадан автобуслар карвонида йўлга чиққан қочқинлар Полтавага кетишган. Хорижлик талабалар поездда Львовга эвакуация қилинганлар.
АҚШ Польшага иккита Patriot зенит-ракета мажмуаси батареясини ташлайди
АҚШнинг Европадаги кучлари қўмондонлиги Польша расмийлари ўз мамлакатига иккита Patriot зенит-ракета мажмуаси батареясини ташлашни илтимос қилганларини эълон қилди.
Қўмондонлик баёнотида бу мажмуалар Польшадаги америкалик ҳарбийлар, уларнинг польшалик ҳамкасблари ва умуман олганда НАТОга аъзо бу мамлакатни муҳтамал хатарлардан ҳимоя қилиши билдирилган.
Patriot батареяси одатда камида тўртта мосламадан иборат бўлиб, уларнинг ҳар бирида тўртта зенит ракетаси бор.
БМТ ўз ходимларига Украинадаги урушни “уруш” деб атамасликни тавсия қилди
БМТ ходимларига Украинадаги урушга нисбатан “уруш” сўзини ишлатмаслик тавсия этилган. Бу ҳақда The Irish Times таҳририят тасарруфидаги хизмат йўриқномасига таянган ҳолда хабар қилди.
БМТ ўз ходимларидан Украинада содир бўлаётган воқеаларни “зиддият” ёки “ҳарбий ҳужум” деб аташни сўраган. Бундан ташқари, ходимларга ижтимоий тармоқлардаги ўз шахсий саҳифалари ёки иш саҳифаларига Украина байроғини жойлаштирмаслик айтилган. Бу чоралар тарафсизликни сақлаш зарурати билан изоҳланган.
“Биз халқаро миқёсдаги хизматчилар сифатида бетараф бўлишга мажбурмиз”, дейилган БМТ мактубида бунга риоя қилмаслик оқибатида халқаро ташкилотнинг обрў-эътиборига путур етиши мумкинлиги урғуланган.
Россияда расмийлар Украинадаги урушга қарши чиқаётган фуқаролар ва ОАВни таъқиб қилмоқда. Урушни “уруш” деб атаётган нашрлар ҳукумат регулятори томонидан блокировка қилиняпти. Фуқаролар эса бунинг учун армияни обрўсизлантиришга оид модда бўйича жаримага тортилмоқда.