ТИВ: Россия Европа кенгаши ишида иштирок этишдан бош тортди
Россия Ташқи ишлар вазирлиги “Ғарб мамлакатлари Европа кенгаши ишига путур етказяпти” деган иддао билан ўз мамлакати мазкур ташкилот фаолиятида иштирок этишдан бош тортишини эълон қилди.
“Улар бир-бирлари билан Россиясиз, роҳатланиб мулоқот қилаверсинлар”, дейилган Россия ТИВ томонидан 10 март куни тарқатилган баёнотда.
БМТ: Украинада уруш бошланганидан бери тинч аҳолидан камида 516 киши ҳалок бўлди
Россия Украинага бостириб кирганидан бери ўтган 15 кун ичида тинч аҳолидан камида 516 киши ҳалок бўлди ва 908 киши яраланди. Бу ҳақда БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссарлиги бошқармаси маълум қилди.
Расман билдирилишича, ўлганларнинг 98 нафари эркак, 60 нафари аёл, 9 нафари ўғил бола, 5 нафари қиз бола. Бундан ташқари ҳалок бўлган 23 бола ва 321 катта ёшдаги кишининг жинси ҳозирча аниқланмаган.
Ҳалок бўлганлар ва яраланганлар сони бўйича Донецк ва Луганск олдинда бормоқда. Бу ерда 111 киши ҳалок бўлган, 462 киши яраланган.
БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссарлиги бошқармаси ҳалок бўлганлар ва яраланганлар сони бундан кўпроқ эканлигини, бомбардимон қилинаётган ва жанглар бораётган ҳудудлардан ҳалок бўлганлар тўғрисидаги маълумотлар кечикиб келаётганини билдирди.
Волноваха, Мариуполь, Изюм шаҳарларида юзлаб одамлар ҳалок бўлгани тўғрисида маълумотлар бор. Лекин бу маълумотларни ҳозирча мустақил текшириб кўриш имконияти мавжуд эмас. Шунинг учун бу ҳудудларда ҳалок бўлган тинч аҳоли сони БМТ статистикасига киритилмади.
Италиянинг йирик Eni ширкати ҳам Россия нефтини сотиб олишни тўхтатди
Италиянинг энг йирик Eni нефть-газ ширкати Россия билан нефть ва нефть маҳсулотлари сотиб олиш бўйича янги шартнома тузмаслигини маълум қилди. Ширкат бундай қарор Россия Украинага бостириб киргани ортидан қабул қилинганини билдирди.
Аввалроқ Британиянинг жаҳонга машҳур British Petroleum ва Нидерландиянинг Shell ширкатлари ҳам Россиядан нефть ва газ сотиб олишни тўхтатган эди.
АҚШ Конгресси эса мамлакатга Россия нефтини экспорт қилишни тақиқловчи қонунни тасдиқлади.
Кремль матбуот котиби Дмитрий Песков Ғарб давлатлари Россияга нисбатан жорий этган санкцияларга қарамай, Европага нефть ва газ хом ашёси етказиб беришни тўхтатмаслигини айтган.
Россия бомбардимони оқибатида Мариуполдаги болалар касалхонасида камида уч киши ҳалок бўлди, 17 киши яраланди
Мариуполь шаҳар кенгаши Россия бомбардимони оқибатида болалар касалхонасида кўрилган талафотлар тўғрисидаги янги маълумотларни эълон қилди.
Расман билдирилишича, 9 март куни рус аскарлари бомба отгани оқибатида болалар касалхонасида уч киши, жумладан, бир нафар қизча ҳалок бўлган. Бундан ташқари 17 киши яраланган. Бундан аввалги маълумотда ҳалок бўлганлар йўқлиги ва 17 киши яралангани билдирилган эди.
Шаҳар кенгаши 10 март куни Россия авиацияси шаҳарни ҳаводан бомбардимон қилгани ва бунинг оқибатида камида 1 киши ҳалок бўлганини ҳам қўшимча қилди.
Аввалроқ БМТ Россия Украинага уруш очганидан бери ўтган 15 кун ичида тинч аҳолидан камида 516 киши ҳалок бўлганини, улардан камида 37 нафари болалар эканини билдирган.