Анталяда Россия ва Украина ташқи ишлар вазирлари учрашуви бўлиб ўтди
Туркиянинг Анталя шаҳрида 10 март куни Россия ва Украина ташқи ишлар вазирлари -Сергей Лавров ҳамда Дмитрий Кулеба учрашуви бўлиб ўтди.
Россия Украинага уруш ўчганидан сўнг Киев ва Москванинг олий даражадаги расмийлари илк маротаба учрашмоқда. Интерфакс агентлигининг билдиришича, бир ярим соат давом этган учрашувга журналистлар киритилмади. Учрашув аввалида бир неча фотосуратчи ва операторга тасвирга олиш учун имконият берилди.
Айни пайтда ҳар бир вазир учрашув натижалари юзасидан алоҳида-алоҳида матбуот анжумани ўтказиши кутилмоқда.
Кулеба ва Лавров учрашувида Туркия ташқи ишлар вазири Мавлуд Чавушўғли ҳам иштирок этди.
Украина Россияни урушни тўхтатишга кўндира олмади
Украина ташқи ишлар вазири Дмитрий Кулеба Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавров билан Туркиянинг Анталя шаҳрида 10 март куни ўтказилган музокарада Москвани ўқ отишни тўхтатишга кўндира олмади.
“Бугунги учрашувда ўқ отишни тўхтатиш учун Владимир Путиннинг талабларини бажаришимиз шарт экани айтилди. Бунга жавобан фақат Украина таслим бўлмоқчи эмас ва таслим бўлмайди, деб айта оламан”,-деди Кулеба.
Вазир Украина урушни тўхтатиш учун дипломатик воситалардан фойдаланишда давом этишини таъкидлади. “Россия мулоқотни пропаганда қолипи асосида эмас, асосли равишда давом эттиришга тайёр бўлганида биз учрашувдан бош тортмаймиз”,-деди Кулеба.
Аввалроқ Кремль матбуот котиби Дмитрий Песков Украина Қрим Россия ҳудуди эканини, ўзларини “ДХР” ва “ЛХР” деб атаб олган спеаратчи ҳудудлар мустақил эканини тан олса “ҳарбий махсус амалиёт бир дақиқа ичида тўхтатилиши”ни айтган эди.
Сергей Лавров: Россия Украинага ҳужум қилмади ва бошқа давлатларга ҳам ҳужум қилмайди
Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавров 10 март куни Украина ташқи ишлар вазири Дмитрий Кулеба билан Туркиянинг Анталя шаҳрида ўтказилган музокарадан сўнг “Россия Украинага ҳужум қилмади ва бошқа давлатларга ҳам ҳужум қилиш режасига эга эмас”, деб баёнот берди.
Лавровнинг айтишича, Украинадаги ҳарбий ҳаракат “Россия Федерацияси хавфсизлигига тўғридан-тўғри таҳдид пайдо қиладиган вазият юзага келгани” учун бошланган.
“Биз Украинада нацистлар давлати шаклланишини истамаймиз”,-деди Лавров Кулеба билан учрашувдан сўнг журналистларга берган интервьюсида.
Лавровнинг айтишича, Мариуполдаги рус ҳарбийлари бомбардимон қилган касалхонада украиналик болалар ёки хомиладор аёллар эмас, “Азов” батальони ва бошқа “қуролли гуруҳлар” бўлган.
Украинада Россия танк полки қўмондони ҳалок бўлгани хабар қилинди
Украина Қуролли Кучлари пиёда қўшинлар қўмондонлиги 10 март куни Киев вилоятининг Бровар шаҳарчаси яқинида Россия танк полки командири Андрей Заҳаров ҳалок бўлганини маълум қилди. Россия ҳукумати ҳозирча бу маълумотни тасдиқламади.
Украина Қуролли Кучлари Бош штаби, 9 март ҳолатига кўра, Россиянинг 12 мингдан кўпроқ аскари ҳалок бўлганини иддао қилмоқда. АҚШ разведкаси маълумотларида эса Украинада 2-4 минг атрофида рус аскари ўлгани тасдиқлангани билдирилган.
Украинада ҳалок бўлган Россия аскарлари тўғрисида тўлиқ тасдиқланган мустақил манбалар мавжуд эмас.