Зеленский: Уруш бошланганидан буён 1300 нафар украин аскари ҳалок бўлди
12 март куни бўлиб ўтган матбуот анжуманида Украина президенти Владимир Зеленский ўз давлати урушда 1300 нафар аскарини йўқотганини айтди.
Россия армиясининг йўқотишлари эса, Зеленскийга кўра, 12 минг аскардан кўпроқ.
Бундан ташқари минглаб рус аскарлари асирга тушган. Украина раҳбари жума кунининг ўзида 500-600 нафар Россия ҳарбийси асирга олинганини айтди.
Россия Мудофаа вазирлиги фақат бир марта йўқотишлар ҳақидаги тахминларни келтирди: 2 март куни Россия департаменти уруш пайтида 498 аскар ҳалок бўлганини эълон қилди.
БМТ маълумотларига кўра, 24 февралдан бери тинч аҳоли орасидан 550 дан ортиқ Украина фуқароси ҳалок бўлган.
Байден Украина мудофааси учун 200 миллион доллар ажратишга кўрсатма берди
АҚШ президенти Жо Байден Украинага қурол сотиб олиш ва бошқа ёрдамларни кўрсатиш мақсадида 200 миллион доллар ажратиш тўғрисида кўрсатма берди. Бу билан АҚШнинг сўнгги бир йилда Украина мудофаа салоҳиятини мустаҳкамлашга кўрсатган ёрдами 1, 2 миллиард долларга етди.
Аввалроқ Конгресс Украина иқтисодиётига 13,6 миллиард долларлик тезкор ёрдам кўрсатиш қарорини маъқуллаган эди. Киевга тезкор ёрдам кўрсатиш режасига асосан ҳарбий техника ва жиҳоз сотиб олиш учун 3,5 миллиард доллар берилади.
Бундан ташқари АҚШнинг Шарқий Европадаги кучларини таъминлаш учун 3 миллиард доллар ажратилади. Россиянинг Украинага агрессияси ортидан Шарқий Европа мамлакатлари ўз ҳудудига АҚШ ҳарбийлари киритилишини илтимос қилган эди.
Россия Херсонни ҳам “мустақил давлат” сифатида эълон қилмоқчи
Россия 2014 йилда Донецк ва Луганскда бўлгани каби Херсонда ҳам “халқ республикаси” ташкил этиш бўйича “референдум ўтказишга” тайёргарлик кўрмоқда. Херсон вилоят кенгаши депутати Сергей Хлан матбуотга билдирган ушбу маълумотни Украина ташқи ишлар вазири Дмитрий Кулеба шанба куни кечқурун тасдиқлади.
Херсон урушнинг 18 кунида Россия босиб олган илк вилоят маркази бўлди. Озодлик радиоси украин хизматининг билдиришича, айни пайтда Херсонда рус ҳарбийлари томонидан фаоллар, урушга қарши чиқаётганлар, Украина ҳукуматига мойил эканини билдираётганлар қамоққа олинмоқда.
Қисқа вақт ичида Россия ҳарбийлари томонидан ноқонуний қамоққа олинганларт сони 400 кишига етгани тўғрисида Украина Қуролли кучлари Бош штаби маълум қилди.
Forbes: Россия Украинада 5,1 миллиард долларлик ҳарбий техникасини йўқотди
Forbes журналининг украин версияси Россия Украинага уруш очган 18 кун ичида 5 миллиард 100 миллион долларлик ҳарбий техникасини йўқотгани тўғрисида ёзди.
Украина Қуролли Кучлари Бош штабининг билдиришича, Россиянинг 58 самолёти, 83 вертолёти, 363 танки ва 1205 та БМП ва БТРи йўқ қилинган.
Украина томони тақдим этаётган рақамларни уруш шароитида мустақил текшириш имконияти мавжуд эмас. Россия томони эса 27 февраль куни СУ-25 қирувчи учоғи украин ҳарбийлари томонижан уриб туширилганини тан олган ва бу борада бошқа маълумотларни бермаган.
Forbes Россия Украинага қарши отган ракеталарни мазкур ҳисоб-китобга киритмаган. Украинанинг билдиришича, Россия шу кунгача отган “Исканлер” ва “Калибр” ракеталари қиймати 3 миллиард долларга тенг.