Линклар

Шошилинч хабар
26 апрел 2024, Тошкент вақти: 07:35

Самарқанддаги Беньков уйини ҳимоя қилган журналист жаримага тортилди


Анастасия Павленко. Самарқанд, январь, 2022
Анастасия Павленко. Самарқанд, январь, 2022

Самарқандлик журналист ва жамоат фаоли Анастасия Павленко Маданий мерос объектлари Миллий рўйхатидаги давлат ҳимоясида бўлган машҳур ўзбек совет рассоми Павел Беньков яшаган уй ҳудудидаги ноқонуний қурилишни тўхтатишга қаратилган ҳаракатлари учун судга тортилиб, жаримага маҳкум этилди.

Қурилиши ноқонуний деб топилиб, тўхтатилганлигидан норози бўлган рассом уйининг ҳозирги мулкдори журналист устидан судга шикоят аризаси киритган.

18 январь куни Самарқанд шаҳар суди Анастасия Павленкони Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 45-моддаси (“Фуқароларнинг турар жойи дахлсизлигини бузиш”), 46-моддаси (“Фуқарога маънавий ёки моддий зарар етказиши мумкин бўлган маълумотларни ошкор этиш”) ҳамда 202-моддаси 1-қисми (“Ёлғон ахборот тарқатиш”) билан айбдор деб топиб, унга нисбатан БҲМнинг 7 баравари миқдорида жарима жазоси тайинлади.

Самарқанд вилоят қурилиш бош бошқармасига маълумотига кўра, Самарқанд шаҳар Беньков кўчаси 13-уй маданий мерос объекти сифатида миллий рўйхатда қайд этилган. Уй ЮНЕСКОнинг умумжаҳон маданий мероси рўйхатига киритилган, Самарқанд шаҳрининг тарихий-меъморий қўриқхона ҳудудида жойлашган.

Анастасия Павленко рус тилида чоп этиладиган “Самаркандский вестник” газетаси бош муҳаррири ўринбосари ва “Самарқандни асраймиз” мустақил ташаббус гуруҳи аъзосидир.

Журналист 18 январь куни ўзининг Фейсбук саҳифасида суд жараёни "нохолис" ўтгани ва процессуал нормалар қўпол равишда бузилгани ҳақида ёзди:

“Суд жараёнида туҳмат ва ҳақоратга учрадим, менга ҳимояланишим учун ҳеч қандай имкон беришмади, мен томонимдан киритилган барча илтимосномалар ва хусусан, судья Рўзиевни четлаш, эксперт ва мутахассисларни сўроқ қилишга жалб қилиш сўрови ҳам рад этилди” .

Судда қатнашган Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари “Эзгулик” жамияти Самарқанд вилоят бўлими раиси Мирзо Субҳоновнинг Озодликка билдиришича, жамоатчилик вакилларининг суд жараёнида қатнашиш ҳақидаги сўрови рад этилган.

“Жиноят судларида жамоат ҳимоячилари сифатида доимий қатнашиб келамиз, аммо бу ишга бизни киритишмади. Суд жараёнини видео тасвирга олиш, иш материалларини рус тилига таржима қилиш, ёлғон маълумот деб топилган матнларни лингвистик экспертизадан ўтказиш, Маданий мерос департаменти ходимлари ва баённомани бевосита расмийлаштирган ички ишлар ходимини судга чақириш ҳақидаги сўровларнинг барчаси судья томонидан рад этилди”, - дейди Мирзо Субҳонов.

“Озодлик” билан суҳбатда Анастасия Павленко суд "олдиндан режалаштирилган сценарий асосида ўтгани"ни иддао қилди.

"Агар ушбу жараённи суд деб аташ мумкин бўлса, ушбу судни мен 20 йиллик журналист сифатидаги ўз касбий фаолиятимга нисбатан таъқиб сифатида баҳолайман”, деб айтди самарқандлик журналист ва фаол.

Маданий мерос объекти

Анастасия Павленко томонидан Озодликка тақдим этилган ва Ўзбекистоннинг ўша пайтдаги бош меъмори Б.Матчоновнинг имзоси қўйилган 2021 йил январдаги ҳужжатда "Самарқанд шаҳар, Беньков кўчаси, 13-уй манзилда жойлашган турар-жой биносининг ҳовли қисмида (маданий мерос объектидан 20 метр узоқликда) ер қазиш ишлари олиб борилганлиги" айтилади.

Унда "объектни ўрганувчи ишчи гуруҳи томонидан фуқаро Е.С (ҳужжатда тўлиқ исм-шарифи келтирилган-таҳр.)га Маданий мерос департаменти Илмий-эксперт Кенгашининг хулосаси олинмасдан, Самарқанд шаҳар, Беньков кўчаси, 13-уй манзилдаги моддий маданий мерос объекти ҳовлисида ноқонуний қурилиш ишларини олиб борганлиги учун тушунтириш берилиб, жавобгарликка тортилиши тўғрисида огоҳлантирилди ҳамда қурилиш ишлари тўхтатилди” дея баён этилган.

Журналистнинг қўшимча қилишича, давлат ҳимоясидаги маданий мерос ҳудудидаги қурилиш тўхтатилганига қарамасдан, уй эгасига нисбатан ёзма огоҳлантиришдан бошқа чора кўрилмаган.

Озодликка маълум бўлишича, Самарқанд вилояти Маданий мерос бошқармаси уй эгасига қурилиш ишларини бошлашдан аввал Тошкентда жойлашган Маданий мерос департаменти Илмий-эксперт Кенгаши хулосасини олиши шартлигини маълум қилган. Аммо ушбу хулоса олинмасдан қурилиш ишлари бошлаб юборилган.

“Озодлик” журналист ҳаракатидан жабрланган деб топилган фуқаро билан боғлана олмади.

Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 49-моддасида асосан “Фуқаролар Ўзбекистон халқининг тарихий, маънавий ва маданий меросини авайлаб асрашга мажбурдирлар. Маданият ёдгорликлари давлат муҳофазасидадир” дея алоҳида кўрсатиб ўтилган.

Zarnews.uz нашрининг санъатшунос Гулжаҳон Темуровадан иқтибос келтиришича, “Ўзбекистонда хизмат кўрсатган санъат арбоби, рассом Павел Петрович Беньков Самарқандга 1930 йилда келган ва бу ерда ўзининг энг сара асарларини яратган, улар нафақат Ўзбекистон, балки Россия музейларида ҳам сақланади."

“Самарқанд – 1937”

Мустақил журналист ва тармоқ фаоли Никита Макаренко Анастасия Павленко устидан суд жарайнини 1937 -1938 йиллардаги зиёлилар қатағонига қиёслади.

“Вилоятларда сўз эркинлиги ўта оғир аҳволда. Танқидий мавзуларни кўтараётган журналист ва блогерлар “чойхонача адолат”га қарши чиқа олмаяптилар ва уларнинг тақдири “саҳна ортида” ҳал бўлмоқда”, деб ёзди у 19 январь куни ўзининг "Эффект Макаренко" Телеграм-каналида.


Макаренко Анастасия ва бошқа фаолларга ҳужумларни “Самарқандни асраймиз” мустақил ташаббус гуруҳининг атроф-муҳитни асраш билан боғлиқ фаолиятига боғлаган.

Ўтган йил охирида “Самарқандни асраймиз” гуруҳининг бошқа бир фаоли Руслан Хаирнуров номаълум шахснинг ижтимоий тармоқдаги постини бўлишгани учун ҳибсга олинганди.

Қамоққа олинган фаол ҳуқуқ ҳимоячилари ва ижтимоий тармоқ фойдаланувчиларининг кескин эьтирозлари ортидан озод этилган ва уй қамоғига ўтказилган.

Руслан Хаирнуровга Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 139–моддаси 3–банди билан “Туҳмат” қилганлик айби қўйилган ва ҳозирда тергов давом этмоқда.

XS
SM
MD
LG