Линклар

Шошилинч хабар
01 декабр 2021, Тошкент вақти: 11:31

Ўзбекистон хабарлари

Судьялик имтиҳонлари интернет орқали онлайн тарзда ёритиб борилади

Ўзбекистонда судьялик лавозимларига номзодларни танлаш бўйича имтиҳон жараёнларини интернет тармоғи орқали онлайн тарзда ёритиб бориш йўлга қўйилади. Бу ҳақда мамлакат президенти томонидан шу йил 7 декабрь куни имзоланган “Судьяларнинг чинакам мустақиллигини таъминлаш ҳамда суд тизимида коррупциянинг олдини олиш самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонда айтилган.

Фармонга мувофиқ, 2021 йил 1 февралидан суд тизимида коррупция ҳолатларининг олдини олиш, Судьялар олий кенгаши ва суд тизими фаолиятида очиқлик ва шаффофликни таъминлаш борасида судьялик имтиҳони жараёнини онлайн тарзда ёритиб боришдан ташқари судьялик лавозимига номзодлар ва судьяларнинг психологик портрети бўйича касбга муносиблигини баҳолашга кўмаклашувчи электрон дастур (“психологик тест”) ишлаб чиқилади ҳамда судья фаолиятининг самарадорлигини электрон рейтинг орқали очиқ ва шаффоф баҳолашни таъминлайдиган аниқ мезонлар амалиётга (рейтинг дастури) татбиқ этилади.

Қайд этилишича, судьялар дахлсизлигини таъминлаш бўйича суд инспекцияси негизида Судьялар дахлсизлигини таъминлаш ва коррупциянинг олдини олиш бўйича суд инспекцияси тузилади.

Кенгаш ҳузурида амалдаги моддий ва процессуал ҳуқуқ нормаларини тўғри қўллаш бўйича тавсиявий характерга эга бўлган маслаҳатлар ҳамда судьяларнинг одоб-ахлоқ қоидаларини муайян вазиятларда қўлланилиши юзасидан сўровларига тушунтиришлар бериш ваколатига эга бўлган жамоатчилик асосида фаолият юритувчи Судьялар клуби ташкил этилади.

Кун янгиликлари

ССВ: Коронавирусга қарши эмловда қўлланилган вакцина сони қарийб 34 миллион дозага етди

Ўзбекистонда коронавирусга қарши эмлаш тадбирлари бошланган апрель ойидан буён шу кунгача 33 миллион 940 минг 8 доза вакцинадан фойдаланилган. Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот хизмати маълумот тарқатди.

Вазирлик 1-босқичда эмланганлар сони 17 миллион 594 минг 439 нафарни, 2-босқичда эмланганлар сони 10 миллион 799 минг 717 нафарни, 3-босқичда эмланганлар сони эса 5 миллион 545 минг 852 нафарни ташкил этганини билдирган.

ССВ қайдича, шу кунгача Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган ва мамлакатга келтирилган вакциналар миқдори 43 миллион 168 минг 908 дозага етган.

Вазирлик 30 ноябрда мамлакат бўйлаб 216 киши коронавирусга чалингани, шу тариқа хасталик юқтириб олганларнинг умумий сони 193 минг 424 нафарга етганини маълум қилган.

Кузнинг сўнгги кунида Бухоро, Қашқадарё, Навоий, Наманган, Самарқанд, Сирдарё, Фарғона вилоятлари ва Тошкент шаҳрида 169 киши тузалиб, соғайганларнинг умумий сони 190 минг 28 нафарга етган.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги сешанба куни коронавирусга чалинган беморлардан яна 4 нафари вафот этиб, коронавирус қурбонлари сони 1 минг 406 нафарга етганини қўшимча қилган.

Ҳисобот: Истеъмол нархлари бўйича инфляция йил бошидан буён 8,6 фоизга етди

Ўзбекистонда жорий йил бошидан буён истеъмол секторида нархларнинг ўсиш даражаси 8,6 фоизни ташкил этган. Бу ҳақда Давлат статистика қўмитасининг 30 ноябрь куни эълон қилинган ҳисоботида айтилган.

Қўмита ноябрь ойида истеъмол бозорида товар ва хизматлар ўртача 1,2 фоизга қимматлаганини билдирган. Ўтган бир йил ичида эса инфляция даражаси 10,3 фоизга етган.

Қайд этилишича, ўтган ой давомида озиқ-овқат маҳсулотлари ўртача 1,9 фоизга, ноозиқ-овқат маҳсулотлари ўртача 0,8 фоизга, пуллик хизматлар эса ўртача 0,5 фоизга қимматлаган.

Ўтган бир йил давомида эса озиқ-овқат маҳсулотлари нархи 13,4 фоизга, ноозиқ-овқат маҳсулотлари нархи 7,9 фоизга, хизматлар ҳақи 8,1 фоизга ошгани маълум қилинган.

Аввалроқ Озодлик Ўзбекистон Марказий банки “йил якунига қадар инфляция даражасини 10 фоизгача пасайтириш ва келгусида 5 фоизлик инфляцион таргетга эришиш мақсадида” асосий ставкани йиллик 14 фоиз даражасида ўзгаришсиз қолдиришга қарор қилгани ҳақида хабар қилган эди.

UzAuto Motors автомобиллар етказиб бериш икки ойга кечикишини билдирди

UzAuto Motors ширкатининг Тошкентдаги офиси

UzAuto Motors жорий йилнинг ноябрь-декабрь ойларида машинасини кутаётган харидорларга автомобиль етказиб бериш муддати икки ойга кечикишини маълум қилди.

Ширкат ўзига боғлиқ бўлмаган сабаблар туфайли мижозлар билан илгари тузилган шартномага қўшимча банд киритиши, ўша бандга мувофиқ равишда автомобилларнинг кутилаётган етказиб бериш муддатини 2 ойга узайтиришга мажбурлигини қайд этган.

Мазкур ҳолатни UzAuto Motors “яримўтказгичлардан тайёрланган бутловчи қисмлар етишмовчилиги ҳамда глобал логистика муаммолари” билан изоҳлаган ва харидорларга автомобилларни имкон қадар тезроқ етказиб беришни ваъда қилган.

Аввалроқ ширкат Chevrolet Captiva 5 автомобилини етказиб бериш бўйича бекор қилинган шартномаларнинг маблағларини қайтариши ва компенсация тўлашини маълум қилган эди.

Qatar Airways учоқлари Ўзбекистонга кейинги йил январидан қатнай бошлайди

Qatar Airways авиаширкатига тегишли учоқ

Qatar Airways авиаширкати учоқлари янги йилнинг илк ойидан Ўзбекистонга қатнай бошлайди. Airbus A320 учоғида Дохадан Тошкентга биринчи рейсни 2022 йилнинг 17 январида амалга ошириш режаланган.

Авиаширкат матбуот хизмати маълумотига кўра, мазкур мунтазам авиақатнов Тошкентни Дохадаги “Ҳамад” аэропорти орқали БАА, Саудия Арабистони, Ҳиндистон ва АҚШ дохил 140 дан зиёд йўналишлар билан боғлайди.

“Ўзавиация" агентлиги Қатарнинг Qatar Airways авиаширкатига жорий йилнинг сентябрь ойида Доха-Тошкент-Доха йўналиши бўйлаб мунтазам парвозларни амалга ошириш учун эксплуатацион рухсатнома бергани ҳақида Озодлик аввалроқ хабар қилган.

Ўшанда Qatar Airways Ўзбекистонга парвозларни Airbus 320, Airbus 321, Airbus 350, Boing 777 ва Boing 787 учоқларида амалга ошириши айтилган эди.

Маълумотларга кўра, парвозлар ҳафтасига икки марта – душанба ва жума кунлари Дохадан Тошкентга, сешанба ва шанба кунлари эса Тошкентдан Дохага шаклида амалга оширилади.

Тошкентда катта даромад ваъдаси билан молиявий пирамида ташкил қилганлар қўлга олинди

Молиявий пирамида ташкил этганлик айблови билан Тошкентда қўлга олинган шахслар (ИИВ ҳузуридаги Тергов департаменти фотоси)

Ўзбекистон пойтахтида 260 фоизгача фойда кўриш ваъдаси билан мижозларни алдаб, молиявий пирамида ташкил этган шахслар ушланди.

Ички ишлар вазирлиги ҳузуридаги Тергов департаменти маълумотига кўра, ўтган йилнинг 15 январь куни украиналик 29 ёшли М.М. Тошкент шаҳрида “Golden Cash store” МЧЖ шаклидаги хорижий корхонасини таъсис қилиб, бир гуруҳ шахслар билан тил бириктирган ҳолда фуқаролар орасида ва интернет тармоғи орқали ушбу корхонадан тилла ва кумуш буюмларни сотиб олиш йўли билан йиллик 260 фоизгача даромад бериб бориш билан қизиқтириб, мижозлардан пул олган.

“Golden Cash store”га алоқадор шахслар мижозлар олдидаги мажбуриятларини янги мижозлар ҳисобидан ёпишга уринганлар.

Тошкент шаҳар ИИББ ҳузуридаги Тергов бошқармаси жорий йилнинг 17 ноябрь куни мазкур корхона мансабдор ходимига нисбатан Ўзбекистон Жиноят кодексининг 1881-моддаси 2-қисми “в, г” бандлари (пул маблағларини ва (ёки) бошқамол-мулкни жалб этишга доир ноқонуний фаолият) билан жиноят иши қўзғатган.

Иш доирасида чет эл фуқаролари М.М., В.К., С.Т., А.С. ва Х.Ш.ларга қарши айблов эълон қилиниб, ҳар бирига нисбатан “қамоққа олиш” тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилган.

Тергов департаменти айни пайтда жиноят иши бўйича олиб борилаётган тергов доирасида фуқароларга етказилган зарарни аниқлаш ишлари амалга оширилаётганини қўшимча қилган.

Қорақалпоғистондаги ўрмонзорда юзага келган ёнғин 3 кун давомида ўчирилди

Қорақалпоғистоннинг Амударё туманидаги Давлат биосфера резервати ўрмонзорида содир бўлган ёнғин уч кун мобайнида ўчирилган.

ФВВ қайдича, мазкур ўрмонзорда ёнғин чиққанига оид маълумот Амударё тумани Фавқулодда вазиятлар бўлимига 27 ноябрь куни соат 17:30 да келиб тушган. Ёнғин-қутқарув экипажлари туман ёнғин-қутқарув қисмидан тақрибан 47 километр нарида бўлган ҳодиса жойига етиб бориб, соат 19:10 да ёнғинни ўчиришга киришганлар. Ёнғин 28 ноябрь куни тонгги соат 05:15 да қуршаб олиниб, соат 08:04 да ўчирилган.

“Ёнғин содир бўлган жойда қайта ёнғин ўчоқлари пайдо бўлишининг олдини олиш мақсадида воқеа жойига 5 та ёнғин-қутқарув экипажи, Минтақавий қутқарув отрядидан 1 та бўлинма ва ёрдамчи техникалар, 2 та булдозер, 2 та погрузчик, 2 та сув ташувчи машиналар, шунингдек, Қорақалпоғистон Республикаси ФВБдан 50 нафар, Ўрмон хўжалигидан 20 нафар, Қорақалпоғистон Республикаси Экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш қўмитасидан 5 нафар, туман Ободонлаштириш бўлимидан 20 нафар, жами 95 нафар ходим жалб этилган ва офатга қарши курашиш учун жойида қолдирилиб, 3 гуруҳга бўлинган ҳолда, кеча-кундуз навбатчилик йўлга қўйилган”, дейилган вазирлик хабарномасида.

Бироқ кутилмаганда ўрмонзор қайта аланга олган ва ёнғин 29 ноябрь куни соат 10.25 лар атрофида ўчиришга киришилиб, уни 30 ноябрь куни соат 03.30 да ўчиришга эришилган.

ФВВ ёнғин оқибатида жабрланган ва ҳалок бўлганлар йўқлигини урғулаган ҳамда айни пайтда келтирилган зарар миқдори аниқланаётгани, воқеа жойида ҳамкор вазирлик, идора ва хизматлар куч-воситалари навбатчилик олиб бораётганини қўшимча қилган.

Озодлик шу йилнинг 8 август куни Жиззах вилоятидаги Зомин миллий табиат боғида ёнғин содир бўлгани, ундан бир ҳафта аввал эса Зомин тумани “Дуоба” МФЙ “Ўриклисой” аҳоли пункти ҳудудига яқин 80 гектар майдонда ёнғин содир бўлгани ҳақида хабар қилган эди.

Ўзгидромет декабрь ойи бошида чангли бўрон кузатилиши мумкинлигидан огоҳлантирди

Ноябрь ойи бошида кузатилган чангли бўрон чоғида Тошкентда чанг миқдори, расмий маълумотларга кўра, меъёрдан 30 баробаргача ошган эди

Жорий йилнинг 1-2 декабрь кунлари ҳаво ҳароратининг кескин кўтарилиши манзарасида Ўзбекистон бўйлаб шамол 17-22 м/с гача кучайиши кутилмоқда. Бу ҳақда Ўзбекистон Гидрометеорология хизмати маркази маълумот тарқатди.

Ўзгидромет қайдича, эрта ва индин баъзи жойларда шамол тезлиги 25-28 м/с гача кучайиши, айрим вилоят ва туманларда чангли бўрон ҳамда чанг ғуборлар кўтарилиши кузатилиши мумкин.

Синоптиклар ҳаво ҳароратининг кескин кўтарилишини 1 ва 2 декабрь кунлари Ўзбекистон ҳудудига Туркманистон орқали Эрон ҳудудларидан жуда илиқ ва қуруқ ҳаво кириб келиши билан изоҳлаганлар.

Жорий йилнинг 4 ноябрь куни Ўзбекистоннинг қатор вилоятларида шиддатли чанг бўрони кузатилган, ўша оқшом Тошкент шаҳрида соат 21:00 ва 23:00 орасида чанг миқдори меъёрдан 30 баробаргача ошгани хабар қилинган эди.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги: COVID-19 қурбонлари сони 1 минг 400 нафардан ошди

Ўзбекистонда 29 ноябрь куни коронавирусга чалинган беморлардан 3 нафари вафот этган, шу тариқа бу хасталикдан қурбон бўлганларнинг умумий сони 1 минг 402 нафарга етган.

CСВ қайдича, душанба куни мамлакат бўйлаб 143 киши коронавирусга чалинган, вирус юқтириб олганларнинг умумий сони эса 193 минг 208 нафарни ташкил қилган.

Айни пайтда кеча Сирдарё ва Сурхондарё вилоятларидан ташқари барча ҳудудларда 195 киши тузалиб, соғайганларнинг умумий сони 189 минг 859 нафарга етган.

Вазирлик эмлаш жараёни бошланган апрель ойидан бери Ўзбекистонда 33 миллион 672 минг 515 доза вакцинадан фойдаланилганини қўшимча қилган.

Сунъий интеллект технологияларини дастаклаш учун махсус режим ташкил этилади

Ўзбекистонда шу йил 29 ноябрь куни имзоланган ҳукумат қарори билан Сунъий интеллект технологияларини қўллаб-қувватлаш учун махсус режим ташкил этиш ва унинг фаолиятини йўлга қўйиш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланди. Бу ҳақда “Ҳуқуқий ахборот” Телеграм-канали маълумот тарқатди.

Низомга мувофиқ махсус режим IT-паркнинг алоҳида бўғини бўлиб, у ерда алоҳида ҳуқуқий енгилликлар яратилади ва юридик шахслар ва илмий ташкилотлар томонидан дастурий маҳсулотлар тажрибадан ўтказилади ва амалиётга жорий қилинади.

Махсус режим иштирокчиси бўлишни истаган талабгорлардан IT-паркнинг махсус веб-платформаси орқали ариза топшириш талаб қилинади.

Аризалар Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги томонидан 5 иш кунида дастлабки техник экспертизадан ўтказилади.

Шундан сўнг вазирлик Эксперт кенгаши ва Мувофиқлаштириш комиссияси хулосалари асосида талабгорларни иштирокчи сифатида рўйхатга олиш ёки рўйхатга олишни рад этиш тўғрисида қарор қабул қилади.

Махсус режим иштирокчиларининг ўз ходимлари малакасини ошириш ва қайта тайёрлашга сарфлаган харажатлари давлат томонидан компенсация қилинади.

ХТВнинг янги вазири тизимдаги аҳволни “қониқарли эмас” деб баҳолади

Халқ таълими вазири Б. Саидов Қашқадарёдаги мактаблардан бирида (ХТВ фотоси)

Қарийб икки ҳафта муқаддам халқ таълими вазири лавозимига тайинланган Бахтиёр Саидов мактаблардаги аҳволни қониқарли эмас, деб баҳолади. Бундай хулосага у ўтган ҳафта вазирлик вакилларидан иборат ишчи гуруҳ билан биргаликда учта вилоятга қилган сафари ортидан келган.

Сафар чоғида янги вазир айрим ўқитувчилар билан суҳбатлашгани ва “ҳатто ўз фани бўйича оддий саволга ҳам жавобни билмайдиган ўқитувчилар бор”лигига гувоҳ бўлганини қайд этган.

Б. Саидов фикрича, вазиятни ўнглаш учун вилоятда, туманда, мактабда ҳатто бир нафар яхши педагог бўлса ҳам фойдаланиб, керак бўлса уни қолган ҳамкасбларига маҳорат дарси ўтказишга жалб этган ҳолда мактабларда таълим сифатини ошириш керак.

“Синфда 20 нафар боладан 18 нафари фанни зўр билса, демак бу ўша фан ўқитувчисининг ютуғи, демак, у ўқувчиларини ўз фанига қизиқтира олган. Агар шу синф ўқувчиларидан 1-2 нафаригина фандан билими кучли бўлса, демак у иқтидорли ўқувчи ёхуд ота-онаси репетиторга берган, ўқитувчи эса дарс вақтида ўз фанини етказиб бера олмаётганидан далолат”, деган ХТВ вазири.

Мулозим мактаблардаги аҳволни яхшилаш учун ҳудуд раҳбарларининг масъулияти ва ваколатини янада ошириш, билимли, жонкуяр ва фидойи кадрларни топиш, бунинг учун педагогика университетлари билан ҳамкорликни кучайтириш зарурлигини урғулаган.

Бахтиёр Саидовнинг салафи Шерзод Шерматов икки ҳафта муқаддам ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазири лавозимига тайинланган эди.

Тошкентдаги ерусти метро йўли учун Хитойдан ярим миллиард доллар қарз жалб қилинди

Ўзбекистон пойтахтида ерусти ҳалқа метро линияларининг қурилиши лойиҳасининг умумий қиймати 354,36 миллион АҚШ долларини ташкил этади. Бу рақам ҳукуматнинг шу йил 26 ноябрида имзоланган қарори билан тасдиқланган.

“Norma” ахборот-ҳуқуқий портали қайдича, бу маблағнинг 208,398 миллион доллари давлат бюджетидан, 108,390 миллион доллари Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси кредити ҳисобидан, 37,076 миллион доллари давлат улуши ҳисобидан қопланади.

Бундан ташқари, лойиҳа учун Хитойнинг “Эксимбанк”идан 500 миллион АҚШ доллари миқдорида қарз олинган. Мазкур кредит 20 йил муддатга беш йиллик имтиёзли давр билан тақдим этилгани айтилмоқда.

Марказий банк жорий йилнинг 1 июль ҳолатига Ўзбекистоннинг ташқи қарзи қарийб 36 миллиард долларга етганини билдирган. Бу қарзнинг қанчаси Хитой ҳиссасига тўғри келиши тўғрисида аниқ маълумот тақдим этилмаган.

Ўтган 10 ой ичида Ўзбекистонга 2,2 миллион дона мобил телефон олиб кирилди

Жорий йилнинг январь-октябрь ойларида Ўзбекистон хориждан 2,2 миллион дона мобил телефон импорт қилган. Бу ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 1,5 миллион донага кўпдир.

Давлат статистика қўмитаси маълумотига кўра, мазкур давр оралиғида Ўзбекистонга олиб кирилган мобил телефонларнинг умумий қиймати 154,2 миллион AҚШ долларига тенг бўлган. Телефонлар дунёнинг 14 та давлатидан импорт қилинган.

Қўмита биргина октябрь ойида мамлакат чет элдан қиймати 20,9 миллион AҚШ долларига тенг бўлган 303 303 дона мобил телефон импорт қилганини қайд этган.

Ўн ой мобайнида мобил телефонлар энг кўп Хитой (79,5 миллион долларлик) ва Вьетнамдан (60 миллион долларлик) сотиб олинган, бу эса телефон импортининг 90 фоиздан кўпроғини ташкил этади.

Ўзбекистонга телефон экспорт қилаётган мамлакатлар орасида Ҳиндистон (7,2 миллион долларлик), Қозоғистон (5,3 миллион долларлик), Бирлашган Араб Амирликлари (1,4 миллион долларлик), Германия (647 минг долларлик) ва Россия (175,8 минг долларлик) каби мамлакатлар ҳам бор.

Жорий йилнинг 1 январь ҳолатига, Ўзбекистонда Интернет тармоғига уланган абонентлар сони қарийб 20 миллионга етгани ҳақида маълумот берилган эди.

Олий суд: Террорчиликни молиялагани учун 2016 йилдан буён 62 нафар шахс судланган

Ўзбекистонда 2016 йилдан 2021 йилнинг биринчи ярмигача бўлган вақт мобайнида террорчиликни молиялаштирганлик айби билан 62 нафар ўзбекистонлик судланган. Бу ҳақда Газета.уз нашри Олий суд матбуот хизматидан олинган маълумотга таянган ҳолда хабар қилди.

Бу фуқароларнинг 18 нафари ёки 29 фоизи 18 ёшдан 30 ёшгача, 43 нафари ёки 69,4 фоизи 31 ёшдан 60 ёшгача, 1 нафари ёки 1,6 фоизи 60 ёш ва ундан юқори ёшдаги шахслардир. Олий суд уларнинг 60 нафар эркак, 2 нафари эса аёл эканини билдирган.

“Судланган шахсларнинг 41 нафари ёки 66,1 фоизи жиноий қилмишни террористик ташкилот, уларнинг вакиллари ёки унга алоқадор шахсларга пул маблағларини тақдим этиш ёки уларнинг ҳисоб рақамларига пул кўчириш йўли билан содир этган бўлса, 21 нафари ёки 33,9 фоизи уларнинг молиявий харажатларини қоплаш йўли билан содир этган”, дейилган хабарда.

Қайд этилишича, терроризмни молиялаштириш билан боғлиқ жиноятларни содир этганликда айбланиб, судланган шахсларнинг асосий қисми пул ишлаш мақсадида хорижий давлатларга борган шахслар бўлиб ҳисобланиб, 62 кишининг 43 нафари ёки 69,4 фоизи жиноий қилмишни хорижий давлат ҳудудида содир этган.

ТИВ раҳбари БМТ махсус маърузачиси билан ўзаро ҳамкорлик масалаларини муҳокама қилди

Ташқи ишлар вазири А. Комилов БМТ махсус маърузачиси Фионнуала Ни Аолайн билан, Тошкент, 2021 йил 29 ноябри (ТИВ фотоси)

Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов 29 ноябрь куни БМТнинг террорчиликка қарши курашиш шароитида инсон ҳуқуқларини рағбатлантириш ва ҳимоя қилиш, асосий эркинликларини илгари суриш бўйича махсус маърузачиси Фионнуала Ни Аолайн билан учрашди.

ТИВ матбуот хизмати маълумотига кўра, учрашувда томонлар Ўзбекистоннинг БМТ ва унинг инсон ҳуқуқлари соҳасидаги ихтисослашган тузилмалари билан ўзаро ҳамкорлигининг долзарб масалаларини муҳокама қилишган.

“БМТ махсус маърузачиси мамлакатимизда фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш, бошқа давлатларда оғир аҳволга тушиб қолган шахсларга самарали ёрдам кўрсатиш, жумладан, Яқин Шарқдаги уруш ҳудудларидан одамларни, айниқса, аёллар ва болаларни ватанга қайтариш борасидаги саъй-ҳаракатларини юқори баҳолади”, дейилган вазирлик хабарномасида.

Учрашувда Афғонистондаги вазият юзасидан ҳам фикр алмашилган ва афғон халқига тезкор инсонпарварлик ёрдам кўрсатиш зарурлиги ҳақида фикр билдирилган.

БМТ махсус маърузачисининг Тошкентда қатор вазирлик ва идораларда учрашувлар ўтказиши ҳамда вилоятларга сафар қилиши айтилмоқда.

Сергелида содир бўлган газ портлаши ва ёнғин оқибатида 18 киши жароҳатланди

Ўт ўчириш машинаси (иллюстратив сурат)

Тошкентнинг Сергели туманида жойлашган “Узмилл” МЧЖ ҳудудидаги ишчилар ётоқхонасида 29 ноябрь тонгида газ портлаши натижасида ёнғин содир бўлган.

Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ҳодиса тонгги соат 5 атрофида содир бўлгани, воқеа жойига тўртта ёнғин-қутқарув экипажи соат 05:08 да етиб боргани, ёнғин соат 05:29 да қуршаб олингани ва соат 05:43 да батамом ўчирилгани ҳақида маълумот тарқатди.

ФВВ қайдича, воқеа жойида 43 нафар ишчи бўлган, ёнғин оқибатида улардан 18 нафари ҳар хил турдаги куйиш тан жароҳати билан Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий марказига жойлаштирилган. Айни пайтда портлаш ва ёнғин оқибатида ҳалок бўлганлар йўқлиги айтилмоқда.

ССВ маълумотига кўра, ёнғиндан жабрланган 18 эркакнинг саломатлиги жиддий назоратга олинган, уларнинг 10 нафари реанимация бўлимида даво муложаларини олмоқда.

Ҳодиса тафсилотларини ўрганиш учун Тошкент шаҳар прокурорининг биринчи ўринбосари раҳбарлигида Тошкент шаҳар ФВБ, ИИБ, ССБ, Ҳудудгаз таъминоти раҳбарларидан иборат тезкор тергов гуруҳи ташкил этилган.

Газ портлашига қувурларнинг носозлиги оқибатида хонага газ тўпланиши сабаб бўлгани тахмин қилинмоқда.

Давомини ўқинг

XS
SM
MD
LG