Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 20:06

Тожикистон билан чегарада Қирғизистон ҳарбийлари кучайтирилган тартибга ўтказилди


Тожикистон билан чегарадош қишлоқни назорат қилаётган қирғиз ҳарбийси.
Тожикистон билан чегарадош қишлоқни назорат қилаётган қирғиз ҳарбийси.

Қирғизистон ҳарбийлари Тожикистон билан чегарадош ҳудудларда кучайтирилган тартибда хизмат ўташга ўтказилди. Қирғизистон Миллий хавфсизлик қўмитаси Чегара хизматининг маълум қилишича, бундай қарор Тожикистон чегарага минемёт ўрнатгани ва айрим қирғиз қишлоқлари билан чегарадош ҳудудларга ҳарбийларини жамлаётгани ортидан қабул қилинди.

Қирғизистон Миллий хавфсизлик қўмитаси Чегара хизматининг билдиришича, 26 декабрь куни қирғиз-тожик чегарасида барқарор вазият кузатилди. Тун тинч ўтди ва ҳеч қандай низо содир этилмади. Чегарачилар кучайтирилган тартибда хизмат ўташда давом этмоқда.

Қирғиз расмийлари 25 декабрь куни соат 14:30 да тожик чегарачилари Қирғизистоннинг Лайлак тумани Сой қишлоғи яқинига минемёт ўрнатганларини, Дамба ва Мақсат қишлоғи билан чегарадош ҳудудларга эса ҳарбий куч жамлаётганини билдирган эди.

Қирғизистон Чегара хизмати Тожикистон расмийлари билан телефон орқали олиб борилган музокаралардан сўнг минемёт ва ҳарбийлар олиб чиқиб кетилганини маълум қилди.

Бундан ташқари 25 декбарь куни соат 19:30 ларда Ўш-Боткен-Исфана автойўлининг Кўктош қишлоғи Иккитош участкасидан ўтган қисмида 3-4 нафар тожикистонлик қирғизистонликларнинг автомашиналарини тошбўрон қилишган. Автомашиналарга зарар етган, аммо одамлар жабрланмаган.

Воқеа бўлган ҳудудда Кўктош чегара заставаси раҳбари огоҳлантириш тариқасида ҳавога қарата уч марта ўқ отишга мажбур бўлган. Шундан сўнг тожикистонликлар қочиб кетган.

Қирғиз томони тарқатган маълумотларга таянилса, мазкур ҳудудда ҳодисадан сўнг икки давлат чегара хизмати расмийлари учрашган. Тожикистон расмийлари тошбўрон қилган шахслар қидирилаётганини билдирган.

Тожикистон ҳукумати ҳозирча 25 декабрь куни чегарада содир бўлган воқеалар юзасидан муносабат билдирмади.

22 декабрь куни чегаранинг мазкур ҳудудида Тожикистон чегарачилари юк машинаси ҳайдовчиси бўлмиш Қирғизистон фуқаросига қарата ўқ отгани хабар қилинганди.

Дастлаб, Тожикистон ўз чегарачилари айбдор эканини тан олган. Бироқ 24 декабрь куни тарқатилган расмий баёнотда Тожикистон қирғиз ҳарбийларини провокацияда айблаган.

Қирғиз-тожик чегарасида энг йирик тўқнашув 2021 йилнинг апрель ойи охирларида содир бўлди. У “Головной” сув тақсимлаш объекти жойлашган ҳудуд учун жанжалдан келиб чиққан. Қуролли тўқнашув оқибатида қирғиз томонидан 154 киши жабрланди, 36 киши, жумладан, икки бола нобуд бўлди. Тожикистон ҳукумати эса расман 19 қурбон берганини ва 87 киши ярадор бўлганини маълум қилди.

Қирғизистон ва Тожикистон ўртасида 970 километрлик чегара бўлиб, шундан атиги 519 километри белгиланган, қолган қисми баҳсли ҳисобланади. Қирғизистоннинг Боткен ва Тожикистоннинг Сўғд вилоятлари орасидаги участка ҳам баҳсли бўлиб, бу ерда қишлоқлар шахмат катаклари каби уйқаш жойлашгани сабабли чегара чизиғини аниқлаш қийинчилик туғдиради.

Июль ойи охирида икки мамлакат ҳукумат комиссиялари яна 40 километр чегара бўйича келишувга эришгани маълум қилинди. Томонларнинг топография гуруҳлари дам-бадам учрашувлар ўтказишади, аммо музокаралар тафсилотлари очиқланмай қолмоқда.

XS
SM
MD
LG