Линклар

Шошилинч хабар
26 март 2019, Тошкент вақти: 01:36

Тожикистонда фоҳишалар хизмати 25-30% га арзонлади


Сўнгги вақтларда Тожикистонда фоҳишалар хизмати 25-30%га арзонлади. Ҳуқуқ ҳимоячиларга кўра, бунга сабаб фоҳишалар хизматидан фойдаланувчи эркакларга жазонинг кучайтирилишидир. Оқибатида фоҳишалар хизматидан фойдаланувчилар сони камайиб кетган.

Идораси Бишкекда жойлашган Қирғизистон, Тожикистон ва Россиядаги фоҳишалар ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи «Шах-айим» тармоғининг баёнотига қараганда, сўнгги йилларда Тожикистонда фоҳишалар хизмат ҳақи кескин камайиб кетган. Бу мамлакатнинг турли минтақаларида фаолият юритувчи фоҳишалар ўртасида ўтказилган сўровлардан маълум бўлди.

«Шах-айим» тармоғининг вакиллари 10 январь куни Озодлик радиоси билан суҳбатда, фоҳишаларнинг хизмат ҳақи турлича бўлиб, ҳақ миқдори уларнинг яшаш жойи ва ёшига ҳам боғлиқ эканини айтишди.

Шу билан бирга, «Шах-айим» тармоғи вакилларининг сўзларига қараганда, "хизматлар нархи мамлакатнинг ҳамма жойида бир хил камаймаяпти: бу борадаги гапларни, шимолга қараганда, жанубда кўпроқ эшитасиз".

Қишлоққа нисбатан шаҳарда фоҳишалар хизмати қимматроқ туради, хизматлар нархи фоҳишаларнинг ёшига ҳам боғлиқ. "Бу каби хизматлар ҳозирда бир соати 50-80 сомони ($5-$8)дан 30-35 сомони ($3-$3,6)гача арзонлашди», - деди ҳуқуқ ҳимоячилари.

«Шах-айим» тармоғи вакилларининг таъкидлашларича, фоҳишалар хизматининг арзонлашишига милиция рейдлари ва эркак-мижозларнинг бу хизматдан фойдаланишдан воз кечаётгани таъсир кўрсатди.

Пойтахтда яшовчи 29-ёшли Фарангиснинг айтишича, баъзида у фоҳишалик билан шуғулланиб туради. Унинг сўзларига қараганда, ҳозир эркаклар анча эҳтиёткор бўлиб қолган, чунки улар ижарага олинган хонадон ёки бошқа иншоотга видеоаппаратуралари билан кириб келиб, жиноят устида суратга олиши мумкин бўлган милиция ходимларидан хавфсирашади.

Тожикистон ИИВ маълумотларига қараганда, 2018 йилнинг 9 ойи мобайнида ҳуқуқ-тартибот идоралари томонидан 6 мингга яқин фоҳиша рўйхатга олинган, уларнинг 32 нафари балоғат ёшига етмаганлар, 1500 нафари эса18 дан 30 ёшгача, қолганларининг ёши эса 30 дан ошган.

Сўнгги йилларда Тожикистонда фоҳишаликнинг олдини олиш учун “тушунтириш ишлари” билан бир қаторда уларга нисбатан жазо чоралари ҳам кучайтирилмоқда.

Масалан, биринчи марта ҳуқуқ-тартибот органлари қўлига тушган фоҳиша 500дан 2 минг сомоний яъни 220 АҚШ долларгача жарима тўлайди.

Агар бу аёл бир йил ичида иккинчи марта қўлга олинса 15 кунга қадар ҳибсга олиниши мумкин.

2018 нинг декабри бошида Тожикистон парламенти Жиноят кодексига ўзгартишлар киритиб, фоҳишахоналар ташкил этганларга ёки қўшмачилик қилганларга жазони кучайтирди.

Тожикистон парламенти қуйи палатасининг Қонунчилик ва инсон ҳуқуқлари қўмитаси аъзоси Бахтовар Сафарзода Озодлик билан суҳбатда мазкур ўзгартишларни қуйидагича изоҳлаган эди:

“Жиноят кодекснинг 239- моддасига киритилган ўзгартириш асосида фоҳишахоналар ташкил этганлар ёки қўшмачилик қилганлар 100 минг сомоний (11 минг доллар) жарима ёки 5 йилдан 8 йилгача қамоқ жазосига ҳукм этилади”.

Фоҳишаликка қарши кураш Ўзбекистонда ҳам кучайтирилди.

Бу иш билан шуғулланганлар энг кам иш ҳақининг уч бараваридан етти бараваригача жаримага тортилади.

Бу меъёр президент Мирзиёев 9 январда имзолаган "Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига жамоат тартибини таъминлаш механизмларини такомиллаштиришга қаратилган ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида"ги қонунда белгилаб қўйилди.

Қонун матни "Халқ сўзи" газетасида 10 январда эълон қилинди ва кучга кирди.

Шу пайтгача фоҳишалик учун жарима миқдори энг кам ойлик иш ҳақининг бир бараваридан уч бараваригача эди.

Ушбу ҳуқуқбузарлик бир йил давомида такрор содир этилган бўлса энг кам иш ҳақининг етти бараваридан ўн бараваригача миқдорда жарима солишга ёки ўн беш суткагача маъмурий қамоққа олишга сабаб бўлади. Шу пайтгача энг кам ойлик иш ҳақининг уч бараваридан беш бараваригача жарима эди.

XS
SM
MD
LG