Линклар

Шошилинч хабар
11 декабр 2019, Тошкент вақти: 22:51

Тожикистонда фитр садақасини имомлар ва маҳалла раисларига бериши тавсия қилинмоқда


Рамазон ҳайити арафасида Тожикистон расмийлари фуқароларга фитр садақасини масжид имомлари ёки маҳалла раисларига беришни “тавсия” қилди.

Расмийларнинг айтишича, маҳаллаларда махсус комиссия ташкил этилади ва у садақаларни камбағал ва бошқа муҳтожларга тақсимлайди.

Суғд вилоятида яшовчи Мирзораҳим Қозиевнинг 7 июнь куни Озодликка айтишича, маҳалла раиси бир неча киши билан унинг уйига келиб, фитр садақасини маҳалла раиси ёки масжид имомига беришни талаб қилган.

“Садақа бериш ҳар кишининг шахсий иши ҳисобланиб, бундай ишга аралашиш инсофдан эмас. Мен аллақачон садақани камбағал ва етим болалари бор оилага бердим. Биз қишлоқдаги муҳтож шахсларни яхши биламиз”, - деди Мирзораҳим Қозиев.

У маҳалла раиси ёки масжид имоми томонидан жамғарилган садақалар муҳтожлар орасида адолатли тақсимланишига шубҳа қилишини айтди.

Душанбе яқинидаги Ҳисор шаҳар масжиди имоми Азалшо Шарифзода эса бундай шубҳаларни асоссиз, дея баҳолади:

“Биз бир маҳаллада яшаймиз, бир-биримизни яхши таниймиз. Фуқаролар садақа тақсимлаш жараёнини назорат қилишлари мумкин”-деб айтди Азалшо Шарифзода.

Дин ишлари бўйича давлат қўмитасининг фитр садақасини маҳалла раислари ёки имом-хатибларга топшириш борасидаги қарор 6 июнь куни эълон қилинди.

Айни пайтда, Тожикистон Дин қӯмитаси сӯзчиси Афшин Муқим Озодлик билан суҳбатда маҳалла раисларида муҳтож оилалар рӯйхати борлиги ва шу боис садақани уларга беришга қарор қилинганлиги айтди.

“Мазкур қарор тавсия сифатида кӯрсатилиб, бажариши мажбурий бурч ҳисобланмайди. Олдин фуқаролар фитр садақасини кимга беришни билмасдан бизга мурожаат қилишарди. Шунинг учун биз бу масалада уларга маслаҳат беряпмиз”-деди Афшин Муқим.

Маҳалий таҳлилчиларнинг фикрича, Тожикистон Конситуциясида дин давлатдан ажралган бўлса-да, аммо ҳукумат диний экстремизмга қарши қураш баҳонасида барча турдаги диний фаолиятларни ӯз назоратига олган.

Таҳлилчи Далер Шариповнинг таъкидлашича, энди навбат фитр садақаси келган.

“21 асрда садақа беришни ҳам давлат назорат қилиши шармандалик. Бундай амал давлат обрўсига жиддий путур етказади”, деди Далер Шарифов.

Охирги 5 йил давомида Тожикистон ҳукумати жоме масжидлар имомларини тайинлашдан бошлаб, аёллар либоси, эркаклар соқоли, масжид ва ҳажга борувчилар ёши устидан назоратни кучайтирди.

Буларнинг бари сўнгги йилларда Тожикистонда диндорларга ўтказилаётган тазйиқнинг давоми сифатида кўрилмоқда.

Тожикистондаги диний эркинликлар устидан чекловлар халқаро ташкилотлар ва хорижий давлатлар, жумладан, АҚШ Давлат департаменти томонидан мунтазам танқид қилиб келинмоқда.

XS
SM
MD
LG