Линклар

Шошилинч хабар
05 ноябр 2024, Тошкент вақти: 22:30

Бокс, бойкот ва "Газпром". Тошкентдаги жаҳон чемпионати нимаси билан ёдда қолди?


 19 давлатдан 21 та миллий федерация Тошкентдаги мусобақани бойкот қилган.
19 давлатдан 21 та миллий федерация Тошкентдаги мусобақани бойкот қилган.

Тошкентда бўлиб ўтган бокс бўйича 22-жаҳон чемпионати якунланганига бир ҳафта бўлганига қарамай эҳтирослар ҳануз тинмаяпти.

Ушбу мусобақа ташкилотчиси IBA раҳбариятининг Россия ҳукуматига ҳамда Ғарб санкцияси остидаги ширкатларга яқинлиги Халқаро Олимпия қўмитаси ва кўплаб нуфузли бокс федерациялари эътирозига сабаб бўлди.

Биринчи ўринни 5 та олдин медал билан мезбон Ўзбекистон қўлга киритди.

4 та олтин ва 1 та кумуш медал билан мусобақада иккинчи ўринни эгаллаган Қозоғистон терма жамоаси Тошкентни турнир бошланишидаёқ тарк этишига бир баҳя қолган.

"Ёшларга имкон беришга қарор қилдик!"

“Тенгри Спорт” нашрига берган интервьюсида Қозоғистон бокс федерацияси раҳбари Азиз Кожамбетов баҳсли ҳакамлик қарорлари жамоани Тошкентдаги чемпионатни тарк этиш қарорини кўриб чиқишга ундаганини маълум қилди. ​

“Ушбу жаҳон чемпионатининг янгилиги шундаки, IBA қоидаларига кўра, сиз апелляция беролмайсиз. Агар жанг 3:2 ҳисобида якунланса, компьютер автоматик равишда қарорни қайта кўриб чиқишни бошлайди. Бунда қарор чиқаришга кузатувчи ва баҳоловчи (жангдаги олтинчи ва еттинчи ҳакамлар - таҳр.) қўшилади; жангнинг натижаси уларнинг тажрибалироқ қарорларига боғлиқ”, деди Қозоғистон бокс федерацияси раҳбари.

Қозоқ бокс федерацияси раҳбарияти ўз етакчиси Сакен Бибосинов ҳакамлар қарори билан мусобақадан чиқиб кетганидан кейин мусобақани тарк этмоқчи бўлган, аммо охирги дақиқаларда қолган 9 нафар ўйинчисига имкон беришга қарор қилган.

2021 йилги жаҳон чемпиони ва 2020 йилги Олимпия ўйинлари бронза медали соҳиби 25 яшар Сакен Бибосинов ҳиндистонлик рақиби Дипак Кумарга биринчи жангдаёқ бой берганидан кейин Қозоғистон бокс федерацияси IBA раҳбарияти номига шикоят аризаси билан чиққанди.

Ўзбекистонда IBA бошчилигида ҳаваскор боксчилар орасида илк бор ўтказилган бу мусобақа тарихда энг катта бойкотга учраган чемпионат сифатида ҳам ном қолдирадиган бўлди. 107 мамлакатдан келган 538 нафар бокс устаси 13 вазн тоифасидаги медаллар учун беллашди.

Россиянинг 2022 йил феврал ойида Украинага бошлаган тажовузини қоралаган Халқаро Олимпия қўмитасининг Россия ва Беларус спортчиларига ўз миллий байроқлари остида мусобақаларда қатнашишларини тақиқлаш бўйича тавсиялариини берганди. Шунга қарамай, россиялик Умар Кремлёв бошчилигидаги Халқаро бокс ассоциацияси уларга чемпионатда ҳеч қандай чекловларсиз иштирок этишга рухсат берди.

Шу боис 19 давлатдан бўлган 21та миллий федерация мусобақани бойкот қилишга қарор қилди.

Тошкент чемпионатида Россия ва Беларус байроқлари кўтарилди, мадҳиялари янгради.

Умар Кремлёв, "Газпром" ва IBA

Спорт жамоатчилиги бойкот Халқаро бокс ассоциацияси (IBA) раҳбари 41 яшар россиялик Умар Кремлёв шахси билан бевосита боғлиқ эканига ҳам эътибор қаратмоқда.

Асли фамилияси Лутфуллоев бўлган Умарали Тожикистоннинг Ҳисоридан. Унга 2004 йилда Серпухов туман суди “товламачилик” моддаси асосида 5 йил, 2006 йилда эса ўша суд “тан жароҳати етказиш” моддаси асосида 1 йиллик шартли жазо муддати тайинлаган. 2019 йилда AIBAнинг Тартиб-интизом қўмитаси Умарали Кремлёв хотинининг фамилияси остида яшаб келаётгани, муқаддам бир неча бор судлангани, жиноий гуруҳларга алоқаси борлигида гумонлангани устидан суриштирув олиб боргани маълум.

Кремлёвнинг ўзи бойкот эълон қилган энг нуфузли 21 та бокс федерациясини "масхарабозлик"да айблади:

- Бу босим ҳам эмас. Бу масхарабозлар фикри. Уни муҳокама қилишдан нима фойда!? Бизда байрам, бугун очилиш...Бизда маданият, тартиб бор, низомимиз мавжуд.... Биз миллат ажратмаймиз, бизда барча иштирок этаётганларнинг гимнлари янграйди.

Бу нуфузли мусобақа бойкот қилинганига яна бир сабаб бор.

Умар Кремлёв 2020 йилнинг декабрида АИБАга раҳбар этиб тайинланганидан кейин имзолаган биринчи ҳужжати - Россиянинг “Газпром” компанияси билан спонсорлик тўғрисидаги контракт бўлди. Бу келишув Халқаро Олимпия қўмитаси эътирозига сабаб бўлди.

"IBA нинг ягона бош ҳомийси сифатида “Газпром” билан ҳомийлик шартномасини узайтириш ХОҚ 2019 йилдан бери қайта-қайта билдираётган хавотирларни кучайтирмоқда. Бу IBA асосан Россия ҳукумати томонидан назорат қилинадиган компанияга қарам бўлиб қолишини тасдиқлайди", дейилади Қўмита расмий баёнотида.

IBA ва Халқаро Олимпия қўмитаси можароси

Халқаро Олимпия ташкилоти IBAни Токио-2020 ва 2028 йилги Лос-Анжелесдаги Олимпия ўйинлардан четлатди, талаблар бажарилмаса ва вазият ижобий томонга ўзгармаса Париждаги 2024 йилги олимпиададан ҳам маҳрум қилиши мумкин.

2022 йилда "Газпром" қўл остида фаолият юритаётган Халқаро бокс ассоциацияси ҳатто Украина боксчиларига халқаро мусобақаларда украин давлат нишонларини кўтариб чиқишни тақиқлагани ва жамоатчилик босимидан кейин бу қарорини бекор қилгани ҳам спорт оламида катта норозиликларни келтириб чиқарганди.

Бугунга қадар Россия терма жамоасигина Токио ва Пекиндаги Олимпиада ўз мамлакати байроғи остида иштирок этишдан маҳрум этилганди. У ерда рус спортчилари ROC (Россия олимпия қўмитаси) қисқартмаси ва Олимпия қўмитаси байроғи остида беллашдилар. Аммо ташкилотнинг тўлиқ номи, шу жумладан "Russian" сўзидан фойдаланиш тақиқланган.

2019 йилнинг декабр ойида Лозаннадаги Спорт арбитраж суди (CАС) россиялик спортчиларни йирик халқаро мусобақаларда, жумладан, Олимпия ва Паралимпия ўйинларида, шунингдек Бутунжаҳон антидопинг агентлиги (WАДА) иштирокида ўтказиладиган жаҳон чемпионатларида Россия байроғи остида қатнашишни тақиқлаган эди.

Тақиққа Россия жамоалари ҳукумат назорати остида ноқонуний допинг фирибгарликларида иштирок этгани исботини топгани сабаб бўлган.

Россиянинг Украинага тажовузи ортидан россиялик спортчиларнинг иштироки деярли барча халқаро спорт мусобақаларида тақиқ остига тушди ёки Россия байроғи ва гимнисиз иштирок этишга рухсат берилди.

1998 йилдан буён AIBAнинг ижроия қўмитаси таркибида ўзбекистонлик Ғофур Раҳимов ҳам бор. 2018 йилнинг ноябрида бўлиб ўтган сайловда халқаро жиноий гуруҳга аъзоликда гумонланган Раҳимов АҚШ Молия вазирлиги санкцияларига қарамасдан кўпчилик овоз билан раисликка сайланганди. Аммо халқаро босим туфайли у 2019 йилнинг март ойида ташкилотни тарк этган.

Бўшаб қолган ўринга давогарлик қилиб келган Умарали Кремлёв Ғофур Раҳимовни “AIBAни банкротлик ҳолатига етказиш ва бокс жамоатчилигини алдашда” айблаган. Ташкилотни қўлига олган россиялик бизнесмен "Газпром" ёрдамида 20 миллион долларга яқин қарзлардан қутулиш ва икки баробар кўп маблағ жалб қилишга ваъда берганди. Шу тариқа 2021 йил декабрида Кремлёв обрўси тўкилган AIBA номини IBA га ўзгартирди.

Ҳозирча россиялик Умарали Кремлёв бошқараётган IBA гина рус ва белорус спортчиларга ўз байроғини кўтаришни ва гимнини ижро этишни тақиқламади. Жумладан, Тошкентдаги чемпионатда ҳам.

Ўзбекистон бокс федерацияси ҳам “халқаро спорт қоидаларига риоя қилган ҳолда сиёсатдан ҳоли” экани ҳақида баёнот берди.

Нью-Деҳлидаги мусобақада ғолиб бўлган россиялик спортчини тақдирлаш маросимида аввалига Россия Олимпия қўмитасининг янги норасмий гимни - Чайковский мусиқаси янгради.

Кейин эса ташкилотчилар рус мадҳиясини қўйди.

Бугунга келиб Умар Кремлёв бошқараётган IBA “Газпром” билан шартнома якунлангани, аммо контрактни узайтиришга қарши эмаслигини айтиб келади. Халқаро спорт жамоатчилиги IBA раҳбариятидан “Газпром” билан молиявий алоқалари тафсилотларини очиқлашни талаб қилиб келади.

Тошкентда ўтган бокс бўйича жаҳон чемпионатининг соврин жамғармаси рекорд даражадаги 5,2 миллион долларга етказилгани, олтин медал соҳиблари 200 минг, иккинчи ва учинчи ўринларга 100 ва 50 минг АҚШ доллари берилиши хабар қилинган эди.

Кузатувчилар Тошкентдаги мусобақа ташкилотчиларининг турнир бош ҳомийси тўғрисида бирор расмий маълумот бермаганига эътибор қаратди.

Озодлик сўровига жавобан Ўзбекистон бокс федерацияси вакили чемпионат ҳомийлари​ Ўзбекистон темир йўллари, Божхона қўмитаси, “Ориент финанс” банки эканини таъкидлади.

"Асосий ташкилотчининг спонсорларини билмаймиз, "Газпром" ҳақида эшитмаганмиз",- деди федерациянинг ўзини таништирмаган вакиласи.

Ҳомийлар ва катта соврин жамғармаси борасида Озодлик юборган расмий сўровга Халқаро бокс федерациясидан ҳозиргача жавоб олинганича йўқ. Шу тариқа IBAнинг катта совринларининг келиб чиқиши масаласи очиқлигича қолмоқда.

Озодликка исмини очиқламаслик шарти билан гапирган Ўзбекистон спорт жамоатчилиги вакилларидан бири Россия ҳукумати бокс ассоциациясидаги россиялик лоббиларини қўллашда давом этмоқда, деган фикр билдирди:

-“Eriell” компанияси ташкилотчиларга 15 кунга “Хумо” залларини ва ресторанларини текинга бергани учун реклама қилинди. 200 минг долларлик мукофотларни бераётган ташкилот аниқ “Газпром”, чунки соврин жамғармаси улар шартномаси тугамасдан эълон қилинган эди. Яъни унинг дастури, молияланиши масаласи бир неча йил олдин қабул қилинган. Шунинг учун уни АҚШ, Германия, Британия ва бошқа давлатлар бойкот қилди. Энди ажралган бокс жамиятлари ўзларининг АIBA сини тузяпти",- дедм Ўзбекистон спорт жамоатчилиги вакилларидан бири.

Суҳбатдош бу мусобақа Ўзбекистонда ўтказилиши "2021 йилнинг апрелида эълон қилинган", дейди.

Бундан олдинги бокс бўйича Жаҳон чемпионати Россиянинг Екатеринбург шаҳрида ўтказилган эди.

Тошкентда бўлиб ўтган жаҳон чемпионатига президент Шавкат Мирзиёев ташриф буюрди.

Humo Arena спорт мажмуасида ўтказилган финал баҳсларини Шавкат Мирзиёев оила аъзолари билан кузатди, олтин медаллар ва чемпионлик камарларини тарқатди.

Мусобақада зиддиятли тадбиркор Салим Абдувалиев, президентнинг кенжа куёви Отабек Умаров ҳам кўриниш берди.

Халқаро спорт ташкилоти амалдорларидан бири Озодлик билан суҳбатда айниқса бокснинг коррупциялашгани ва сиёсий режимлар манфаатлари хизматига ўтгани ҳақида гапирди.

- "Спорт тарихида жуда кам мусобақалар бундай катта бойкотга учраган. Халқаро бокс федерацияси бир гуруҳ россиялик ярим криминал шахслар томонидан қўлга олингани ачинарли ҳолат. Улар очиқчасига пул қилиш, Кремл сиёсатини юргизиш, спорт ҳамжамияти орасига рахна солиш билан машғул. Бу бокс ва умуман спорт вакиллари норозилигини оширмоқда. Уларнинг ХОҚда тарафдорлари ҳам бор. Кремлёвнинг шармандаларча ассоциацияни тарк этиши -бироз вақт талаб қилади. Ўзбекистон бокс федерацияси раҳбарияти ҳам буни англаши керак,"- деди Халқаро спорт ташкилоти амалдорларидан бири

Халқаро бокс ассоциацияси томонидан 2025 йилда Япониянинг Осака шаҳрида ўтказиладиган навбатдаги жаҳон чемпионати соврин жамғармаси ҳажми ҳам маълум.

Дунёнинг энг яхши боксчилари икки йилдан кейин Тошкентдагидан икки баробар кўп соврин - 10 миллион АҚШ доллари учун курашади.

Форум

XS
SM
MD
LG