Линклар

Паспортини унутган йўловчилар М-39 йўлида Қозоғистон орқали ўта олмайди


Тошкент-Термиз М-39 автомобиль йўлининг Қозоғистон ҳудуди орқали ўтадиган қисми очилгани эълон қилинганидан сўнг, йўлни яқин қилмоқчи бўлиб чегара масканига келган юзлаб автомобиль эгалари ва йўловчилар ортга қайтиб, эски йўлдан юришга мажбур бўлди. Ҳайдовчиларнинг айтишича, улар бу ҳудуддан фақат биометрик паспорти борларгина ўта олиши мумкинлигини билмаган.

Фейсбук ижтимоий тармоғи фойдаланувчиларидан бири 13 июль куни бу йўлдан юзлаб одамлар ўтолмагани ҳақида шундай шарҳ қолдирди:

“Кечагина М-39 (Тошкент-Термиз Қозоғистон чегараси орқали) очилди деб ОАВда шов-шув бўлган эди, аммо бугун 07:00 да постга борганимизда ёпиқ ҳолда экан. Чегарачининг айтишича йўл 08:00 дан 18:00 гача очиқ бўлар экан ва болалар учун ҳам чет элга чиқиш учун бериладиган махсус паспорт бўлиши шарт экан. 100 га яқин машина яъни 500 нафар одами билан сал кам 40 км йўлни ҳамда вақтини йўқотган ҳолда орқага қайтишга мажбур бўлдик. Нима учун ОАВларида бу тўғрисида аниқ маълумот берилмади. Маслаҳатим, тинчгина 26 км (30 мин) узоқроқ бўлсада ўзимизнинг йўлимизда юринглар”, деб ёзди Фейсбук фойдаланувчиларидан бири.

Ҳар куни ўз автомобилида Тошкентга қатнайдиган жиззахлик ҳайдовчи Шокирнинг айтишича, одамлар замон ўзгарганини, бошқа давлат ҳудудида фақат паспорт билан юриш мумкинлигини эсдан чиқариб қўйишган:

- Бу йўл ёпилгунча, яъни 2006 йилга қадар ҳеч ким чегарада паспорт кўрсатмасдан ўтган. Ҳозир эса, замон бошқа. Мен, кеча паспортимни кўрсатиб, бемалол Тошкентга бориб келдим. Биометрик паспорт талаб қилиняпти, эски паспортлар ўтмайди экан. Қозоқ чегарачилари миграцион карта бериб, шуни тўлдириш шартлигини айтяпти. Қозоғистон ҳудудини босиб ўтгандан сўнг, бу карточкани ўзимизнинг чегарачиларга топшириб, кетамиз. Паспорти ёнида бўлмаган ўнлаб машиналар ортга қайтиб, аввалги йўлдан кетишяпти, деди Шокир.

Ўзбекистон – Қозоғистон давлат чегарасида “Оқ олтин – Целинний” ва “Малик – Сирдарё” ўтказиш пунктларининг расмий очилиш тантанаси 11 июлда ўтказилган эди. Мазкур чегара пунктлари орқали Тошкент-Термиз йўналишидаги М-39 трассаси ўтган. Тантана Жанубий Қозоғистон вилояти расмийлари томонидан уюштирилган.

Трассанинг қайта очилиши Жиззах, Самарқанд томондан Тошкентга келувчилар ва кетувчиларнинг йўлини 24 километрга қисқартиради.

Ўзбекистон – Қозоғистон давлат чегарасида “Оқ олтин – Целинний” ва “Малик – Сирдарё” ўтказиш пунктларининг очилиши ортидан ўзбекистонликларга М-39 йўлининг Қозоғистон ҳудудидан ўтувчи қисмидан фойдаланишга имконият яратилди.

Дастлаб, мазкур чегара пунктлари ва М-39 трассасининг очилиши тўғрисида 13 февраль куни Қозоғистоннинг Ўзбекистондаги элчиси Ерик Утембаев маълум қилган эди. Утембаев мазкур йўл февраль ойи охиригача очилишига умид билдирган.

Бироқ кейинроқ бу йўл ва чегара пунктлари 15 майда очилиши эълон қилинди. Ушбу иккита чегара пунктини очиш бўйича президент Мирзиёев 26 апрель куни махсус қарорни имзолаган.

Тошкентдан Термизгача бўлган йўлни 24 километрга қисқартирувчи М-39 йўли Қозоғистоннинг Мақтаарал тумани ҳудудидан ўтади.

Бу пунктлардан юк ташувчи автомобиллар ва тижорат товарларини ортган машиналар ўтиши тақиқланган.

XS
SM
MD
LG