Линклар

Шошилинч хабар
09 декабр 2021, Тошкент вақти: 18:37

Ўзбекистон хабарлари

Uzbekistan Airways қалбаки авиабилет сотувчи товламачилар кўпайганидан огоҳлантирди

Ширкат сотиб олинган билетнинг ҳақиқий эканини текшириш мумкин бўлган телефон рақамини ва сайтни ҳам эълон қилди.

Uzbekistan Airways йўловчиларни ўз рейсларига қалбаки авиабилет сотувчи товламачилар кўпайганидан огоҳлантирди.

“Шунинг учун йўловчилардан авиабилетларни фақат ширкат расмий сайтидан, Uzbekistan Airways Sales филиалларидан ёки авиакомпаниянинг расмий агентларидан сотиб олишга чақиради”,-дейилади хабарда.

Ширкат сотиб олинган билетнинг ҳақиқий эканини текшириш мумкин бўлган телефон рақамини ва сайтни ҳам эълон қилди.

Йўловчилар бу масалада +998781400200 телефонига мурожаат қилишлари ёки https://www.uzairways.com/ru/check-tiket орқали билетлари ҳақиқий эканини текширишлари мумкин.

Кун янгиликлари

Деновдаги портлаш юзасидан жиноят иши қўзғатилди

Иллюстратив сурат.

Сурхондарё вилояти Денов шаҳридаги Мустақиллик кўчасида жойлашган “Инденим” савдо мажмуасида 7 декабрга ўтар кечаси юз берган портлаш юзасидан Жиноят кодексининг икки моддаси бўйича жиноят иши қўзғатилгани тўғрисида Бош прокуратура 9 декабрь куни маълум қилди.

Расмий билдирувда айтилишича, Бош прокуратура томонидан Жиноят кодексининг 257 (Меҳнатни муҳофаза қилиш қоидаларини бузиш) ва 259 (Ёнғин хавфсизлиги қоидаларини бузиш) моддалари билан жиноят иши қўзғатилган. Ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

8 декабрда Сурхондарё вилоят ҳокими Тўра Боболов “Инденим” савдо мажмуасида рўй берган портлаш туфайли 65 та уйга зарар етгани, 6 уйнинг деворлари ёрилгани ва яшаш учун яроқсиз ҳолга келиб қолганини маълум қилган.

Т. Боболов ҳодиса ортидан шикастланган уйлар эгаларида расмийлар томонидан ёрдам кўрсатилишини билдирган.

Деновдаги “Инденим” савдо мажмуасида сешанбага ўтар кечаси портлаш содир бўлгани ҳақида Озодлик аввалроқ хабар қилган. Расмий маълумотларга кўра, ҳодиса чоғида икки киши ҳалок бўлган, тўққиз киши жароҳатланган.

Дастлабки суриштирув натижаларига қараганда, портлаш бинодаги газ қурилмалари узоқ муддат ишлаб, ўта қизигани оқибатида кучли чақнаш юзага келгани ортидансодир бўлган.

Ўзгидромет кейинги ҳафта бошидан ҳарорат -16 даражагача пасайиши мумкинлигидан огоҳлантирди

Жорий ҳафта охири-кейинги ҳафта бошидан Ўзбекистонда ҳаво ҳарорати кескин пасайиб кетиши мумкин. Бунга, Ўзбекистон Гидрометеорология хизмати маркази қайдича, 12-15 декабрь кунлари мамлакат ҳудудига Каспий денгизи ҳудудларидан нам ҳаво, сўнгра Урал ҳудудларидан совуқ ҳаво массалари кириб келиши сабаб бўлади.

Ўзгидромет 12-13 декабрь кунлари республиканинг тоғ ва тоғолди туманларида ёғингарчилик (ёмғир, қор) кузатилиши, айрим ҳудудларда ёғингарчилик кучли бўлиши, баъзи жойларда шамол тезлиги 15-20 м/с гача етиши, республика бўйлаб ҳаво ҳароратини меъёрдан 8-10° пасайиши кутилаётганидан огоҳлантирган.

Ўзбекистонлик синоптиклар тахминига кўра, 13-15 декабрь кунлари ҳаво ҳарорати кечалари –3 –8 даражагача совийди, кундуз кунлари 0 +5 даражагача илиқ бўлади, мамлакат шимолида ҳарорат кечалари –7 –12 даражагача, баъзи жойларда –14 –16 даражагача пасайиши, кундуз кунлари –3 +2 даража атрофида бўлиши мумкин.

ССВ: COVID-19 га чалинганларнинг умумий сони 195 минг нафардан ошди

Ўзбекистонда коронавирус инфекцияси қайд этилганлар сони, 2021 йил 8 декабрь ҳолатига кўра, 195 минг 98 нафарга етган.

Соғлиқни сақлаш вазирлигининг маълум қилишича, кеча мамлакат бўйлаб 194 киши коронавирусга чалинган.

Чоршанба куни Қорақалпоғистон Республикаси, Жиззах, Қашқадарё ва Сирдарё вилоятларидан ташқари барча ҳудудларда 179 киши тузалиб, соғайганларнинг умумий сони 191 минг 781 нафарга етган.

ССВ ўтган кеча-кундузда коронавирусга чалинган беморлардан яна 3 нафари вафот этиб, коронавирус қурбонлари сони 1 минг 428 нафарга етганини қўшимча қилган.

Сурхондарё вилояти ҳокими Деновдаги портлашда 65 та уйга зарар етганини билдирди

Сурхондарё вилоят ҳокими Тўра Боболов

Денов шаҳри Мустақиллик кўчасида жойлашган “Инденим” савдо мажмуасида рўй берган портлаш туфайли 65 та уйга зарар етган. Бу ҳақда Сурхондарё вилоят ҳокими Тўра Боболов 8 декабрь куни ўтказилган матбуот анжумани чоғида маълум қилган.

Вилоят ҳокимига кўра, портлаш сабабли 6 уйнинг деворлари ёрилган ва яшаш учун яроқсиз ҳолга келиб қолган. Т. Боболов ҳодиса ортидан шикастланган уйлар эгаларида расмийлар томонидан ёрдам кўрсатилишини билдирган.

Матбуот анжуманида иштирок этган Бош прокуратура бошқарма бошлиғи ўринбосари Дониёр Масалиев савдо мажмуасидаги портлаш портловчи моддалар ёки нефть маҳсулотлари иштирокисиз рўй берганини урғулаган.

Тадбирда портлаш, дастлабки суриштирув-ўрганишларга кўра, бинодаги газ қурилмалари узоқ муддат ишлаб, ўта қизигани оқибатида кучли чақнаш юзага келган бўлиши мумкинлиги қайд этилган.

Деновдаги “Инденим” савдо мажмуасида сешанбага ўтар кечаси портлаш содир бўлгани ҳақида Озодлик аввалроқ хабар қилган. Расмий маълумотларга кўра, ҳодиса чоғида икки киши ҳалок бўлган, тўққиз киши жароҳатланган. Ҳодиса юзасидан тергов-суриштирув ишлари давом этмоқда.

Вазир Комилов ЕИнинг Марказий Осиё бўйича махсус вакили билан учрашди

Ўзбекистон ташқи ишлар вазири А. Комилов Европа Иттифоқининг Марказий Осиё бўйича махсус вакили Тери Хакала билан, Тошкент, 2021 йил 8 декабри (ТИВ фотоси)

Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов жорий йилнинг 8 декабрь куни Марказий Осиё ва Италия ташқи ишлар вазирлари учрашувида иштирок этиш учун Тошкентга келган Европа Иттифоқининг Марказий Осиё бўйича махсус вакили Тери Хакала билан учрашди.

ТИВ матбуот хизмати маълумотига кўра, учрашув чоғида ноябр ойида Европа Иттифоқи билан ўтказилган икки томонлама ва минтақалараро музокаралар натижалари муҳокама қилинган. Сиёсий, дипломатик, савдо-иқтисодий ва сармоявий ҳамкорликни янада ривожлантириш, парламентлараро алоқаларни кенгайтириш, шунингдек, Оролбўйида Европа Иттифоқи ва унга аъзо давлатлар билан қўшма янги ижтимоий лойиҳаларни амалга оширишдан ўзаро манфаатдорлик билдирилган.

Суҳбат чоғида турли даража ва шаклларда бўлажак тадбирлар жадвали ва ташкилий жиҳатлари, жумладан, 2022 йилда Европа Иттифоқи ва Марказий Осиё давлатлари ўртасидаги алоқаларни мустаҳкамлаш ва барқарор ривожланиш бўйича биринчи вазирлар конференциясини Ўзбекистонда ўтказиш юзасидан фикр алмашилган.

Музокараларда минтақавий ва халқаро кун тартибининг айрим масалалари, шу жумладан Афғонистондаги мавжуд вазият ҳам кўриб чиқилган.

Ташқи ишлар вазирлиги қайдича, чоршанба куни Абдулазиз Комилов Италия ташқи ишлар ва халқаро ҳамкорлик вазири Луижи Ди Маё ҳамда қирғизистонлик ҳамкасби Руслан Казакбаевлар билан ҳам учрашган.

Тошкентдан Андижонга 9 декабрдан қўшимча поезд қатнови йўлга қўйилмоқда

Жорий йилнинг 9 декабридан Ўзбекистон пойтахтидан Андижон шаҳрига қўшимча поезд қатнови йўлга қўйилади.

“Ўзтемирйўлйўловчи” АЖ матбуот хизмати маълумотига кўра, “Тошкент-Андижон-Тошкент” йўналишида ҳаракатини амалга ошираётган 60/59-сонли йўловчи поезди бугундан эътиборан ҳафтанинг пайшанба кунлари ҳам қатнай бошлайди.

Мазкур поезд 9, 16, 23 ва 30 декабрь кунлари амалдаги жадвал асосида Тошкент марказий ҳамда Андижон темир йўл вокзалларидан ҳаракатланиши билдирилган.

Ўшлик таниқли хонанда Муҳаммадкарим Соипов вафот этди

Муҳаммадкарим Соипов 58 ёшда эди. Сурат Муҳаммадкарим Соипов Телеграм-каналидан олинди.

1989 йилда Тошкентда ўтган “Камолот” кўрик-танловининг мутлақ ғолиби бўлгани ортидан қўшиқ мухлислари орасида шуҳрат қозонган хонанда Муҳаммадкарим Соипов 8 декабрь куни вафот этгани тўғрисида "Ўзбекконцерт" давлат муассасаси хабар берди.

1963 йили Қирғизистоннинг Ўш шаҳрида туғилган Муҳаммадкарим Соипов “Аламжон”, “Оқбура”, “Олапакким”, “Фарғона гўзалсан” ва бошқа ўнлаб қўшиқларни маҳорат билан ижро этгани ва ҳеч қачон фонограмма билан қўшиқ айтамагани сабабли халқ меҳрини қозонган эди.

Муҳаммадкарим Соипов меҳнат фаолиятини Ўшдаги Бобур номидаги ўзбек академик театрида бошлаган. “Камолот” кўрик-танловидаги ғалабасидан сўнг у узоқ йиллар Ўзбекистон филармониясининг “Мумтоз” ансамблида меҳнат қилди.

Сўнгги йилларда Ўзбекистон радио ва телеканалларида санъаткор ҳаёти ва ижодига бағишланган қатор кўрсатув ва эшиттиришлар эфирга узатилган.

Расмий хабарда хонанданинг ўлимига нима сабаб бўлгани ҳақида маълумот берилмаган.

Ўзбекистонда электр энергияси нархи Қирғизистон ва Тожикистондан қиммат

Ўзбекистон жаҳонда электр энергияси энг арзон бўлган давлатлар ўнлигида 7-ўринни эгаллади. Қирғизистон ва Тожикистонда электр энергияси Ўзбекистонга нисбатан анча арзон.

Энергетика соҳасига ихтисослашган Британиянинг Cable.co.uk портали жаҳондаги 230 давлатдаги электр энергияси нархини таққослаб чиққан.

Порталнинг билдиришича, Ўзбекистонда 1 киловатт-соат электр қуввати $0,027 ёки 295 сўмга тенг. Ўзбекистон рейтингда 7-ўринни эгаллади.

Рейтингда қайд этилишича, Марказий Осиёдаги энг арзон электр энергияси Қирғизистонда. Бу мамлакатда 1 киловатт-соат электр қуввати нархи с $0,017. Рейтингда Қирғизистон 4-ўринда. 6-ўринни эса электрга $0,023 нарх белгилаган Тожикистон эгаллади.

Қозоғистон эса 16-ўринда қайд этилди. Бу давлатда 1 киловатт-соат электр қуввати $0,039 га тенг.

Электр энергияси энг арзон давлатлар учлигидан Африка давлатлари — Ливия ($0,007), Ангола ($0,013) ва Судан ($0,014) ўрин олди.

Электр энергияси энг қиммат давлатлар учлиги эса Соломон ороллари ($0,692), Муқаддас Елена ороли ($0,612) ва Вануату ($0,591) дан иборат.

Ҳукумат расмийси “мардикор экспорти” Ўзбекистон учун муҳим омил эканини тан олди

Россияда қор кураётган ўзбек мигрантлари.

Айни пайтда Ўзбекистоннинг 35 миллионлик аҳолисининг 2 миллиони ёки деярли 20 фоизи доимий равишда меҳнат муҳожири бўлиб қолмоқда. Улардан 80 фоизи Россия ҳудудида, қолганлари Қозоғистон, Корея ва АҚШда ишламоқда. Бу ҳақда Ўзбекистон Бандлик ва меҳнат вазири ўринбосари Баҳодир Умрзоқов МДҲ ташкил этилганининг 30 йиллиги муносабати билан ТАСС мухбирига берган интервьюсида маълум қилди.

Умрзоқовнинг айтишича, расмий Тошкент МДҲ ҳудудида меҳнат муҳожирларини ташкиллаштирилган равишда ишга жўнатиш механизми тезроқ жорий этилишидан манфаатдордир.

Умурзоқов Бандлик ва меҳнат вазирлиги яқин келажакда ишчи кучи экспорти Ўзбекистон экспортининг асосий қисмига айланишини башорат қилаётганини тан олди.

“Ҳар йили Ўзбекистонда 300 мингга яқин иш ўрни яратилади. Мактаблар ва ўрта махсус билим юртларини эса 700-750 минг йигит-қиз битиради. Улардан 150 мингга яқини олийгоҳларга ўқишга киради. Шундан келиб чиққан ҳолда, қанча киши бошқа мамлакатлардан иш қидираётганини ҳисоблаб чиқиш қийин эмас”,-деб айтган вазир ўринбосари.

Умурзоқов “меҳнат ресусрларини экспорт қилиш” Ўзбекистон иқтисодтиёти тараққиётининг муҳим омили эканини таъкидлади.

Ўзбекистон Марказий банкининг билдиришича, жорий йилда Россиядаги ўзбек муҳожирлари ватанига жўнатган пул миқдори 6 миллиард доллардан ошган.

“Мутахассислар фикрича, бу Ўзбекистон олтин экспортидан оладиган даромаддан кўпроқдир”,-дейилади хабарда.

Тошкентда Оғир атлетика бўйича жаҳон чемпионати бошланди

Иллюстратив сурат.

Тошкентда 7 декабрь куни Оғир атлетика бўйича жаҳон чемпионати бошланди. Унда жаҳоннинг 65 давлатидан 432 та спортчи иштирок этмоқда.

17 декабргача давом этадиган чемпионатда эркаклар ўртасида 10 комплект, аёллар ўртасида 10 комплект, жами 20 медал комплекти ўйналади.

Мазкур чемпионатни дастлаб Перуда ўтказиш режалаштирилган эди. Бироқ пандемия туфайли Оғир атлетика халқаро федерацияси чемпионатни Ўзбекистонга кўчирди.

Коронавирус пандемияси сабабли Хитой, Жанубий Африка Республикаси ва Ботсвана спортчилари жаҳон чемпионатида иштирок этишдан бош тортди.

8 декабрда ўтган илк мусобақаларда биринчи олтин медални қозоғистонлик Арли Чонтей 260 кг натижа билан қўлга киритди.

Иккинчи ўринни таиландлик Тада Самбонуан, учинчи ўринни болгариялик Ангел Русев эгаллади.

Тошкентда пиёдалар йўл қоидасига амал қилмагани ортидан 500 дан ортиқ автоҳалокат юз берди

Тошкентда 10 октябрь куни содир этилган автоаварияда икки киши ҳалок бўлган эди.

Пойтахт Тошкентда жорий йилнинг январидан ноябригача пиёдалар йўл ҳаракати қоидаларини бузгани оқибатида 524 та автоавария содир этилди.

Тошкент Ички ишлар бош бошқармасининг билдиришича, мазкур автоаварияларда 32 киши ҳалок бўлган, 487 киши эса турли даражадаги тан жароҳатларини олган.

Мазкур давр мобайнида йўл қоидасини бузган 101 минг 861 та пиёдага нисбатан маъмурий баённома расмийлаштирилган.

Аввалроқ Ўзбекистонда 2021 йил бошидан бери то шу кунгача содир этилган 6551 та йўл-транспорт ҳодисасида 1682 киши ҳалок бўлгани билдирилган эди.

Расмийнинг билдиришича, автоаварияларда 5920 киши турли даражадаги тан жароҳатларини олган. Аварияларнинг деярли 40 фоизи тезликни меъёридан ошириш натижасида юзага келган.

Об-ҳаво шароити туфайли Тошкентдан Нукус ва Урганчга парвозлар кечиктирилди

Иллюстратив сурат

Чоршанба тонгида кузатилган қуюқ туман Урганч, Нукус ва Навоий аэропортлари ишига ўзгартишлар киритган. Бу ҳақда Uzbekistan Airports матбуот хизмати маълумот тарқатди.

Ширкат хабарномасида айтилишича, 8 декабрь куни Тошкентдан учажак HY051 рейси Урганч аэропортига соат 08:20 да қўниши керак эди. Бироқ қабул қилувчи аэропортда туман тушгани туфайли парвоз қолдирилган. Мазкур учоқ пойтахтдан соат 11:00 да парвоз қилиб, Урганчга соат 12:10 да қўниши режалангани билдирилган.

Туман туфайли бугун тонгда Тошкент – Нукус рейси ҳам қолдирилган. Парвози соат 07:30 га мўлжалланган учоқ, дастлабки маълумотларга кўра, соат 10:30 га кечиктирилган.

Uzbekistan Airports бугун эрталаб қуюқ туман Навоий аэропортида ҳам кузатилгани, бироқ тонгда мазкур аэропорт жадвалида йўловчи рейслари бўлмаганини қўшимча қилган.

Ширкат қайдича, айни пайтда аэропортларда об-ҳаво шароити ўнгланган.

ССВ: Коронавирус қурбонлари сони 1 минг 425 нафарга етди

Ўзбекистонда 7 декабрь куни коронавирусга чалинган беморлардан 1 нафари вафот этган, шу тариқа бу хасталикдан қурбон бўлганларнинг умумий сони 1 минг 425 нафарга етган.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги қайдича, сешанба куни мамлакат бўйлаб 201 киши коронавирусга чалинган, вирус юқтириб олганларнинг умумий сони эса 194 минг 904 нафарни ташкил қилган.

Айни пайтда кеча Қорақалпоғистон Республикаси, Навоий, Сирдарё ва Сурхондарё вилоятларидан ташқари ҳудудларда 325 киши тузалиб, соғайганларнинг умумий сони 191 минг 602 нафарга етган.

ССВ ўтган кеча-кундузда Ўзбекистонда COVID-19га қарши 235 минг 906 доза вакцина қўлланилгани, коронавирусга қарши эмлаш тадбирлари бошланган апрель ойидан буён шу кунгача эса 35 миллион 353 минг 114 доза вакцинадан фойдаланилганини маълум қилган.

Вазирлик маълумотига кўра, шу кунгача Ўзбекистонда Pfizer вакцинаси билан 12 ёшдан 18 ёшгача бўлган 485 минг 532 нафар бола эмланган.

Мирзиёев Конституция куни муносабати билан 182 нафар маҳкум афв этилганини билдирди

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Конституция куни арафасида “жиноят содир этган, қилмишига чин дилдан пушаймон бўлиб, тузалиш йўлига қатъий ўтган” 182 нафар шахсни муддатидан олдин озод қилишга оид фармонни имзолаган. Бу ҳақда у Конституция куни муносабати билан ватандошларига йўллаган табригида билдирган.

Президент матбуот хизмати томонидан ёйинланган байрам табригида 182 нафар шахснинг қайси жиноятлари учун жазога тортилганига аниқлик киритилган эмас.

Кейинроқ Адлия вазирлиги афв этилган шахсларнинг 3 нафари асосий жазодан тўлиқ озод этилгании, 108 нафари жазони ўташдан муддатидан илгари шартли озод қилингани, 8 нафарининг озодликдан маҳрум этиш жазоси енгилроқ жазо билан алмаштирилгани ҳамда 63 нафар шахсга тайинланган озодликдан маҳрум этиш жазосининг муддатлари қисқартирилгани ҳақида маълумот тарқатди.

Қайд этилишича, афв этилганларнинг 6 нафарини чет эл фуқаролари, 6 нафарини 60 ёшдан ошган шахслар, 9 нафарини аёллар ҳамда 25 нафарини тақиқланган ташкилотлар фаолиятида қатнашган шахслар ташкил этади.

Ўзбекистонда сўнгги бор Мустақиллик куни муносабати билан 215 маҳкум амнистияга тушган эди. Шу йил август ойи охирида мамлакат президенти томонидан имзоланган фармонга мувофиқ афв этилганлар орасида хориж давлатларининг 69 фуқароси ва тақиқланган ташкилотларга аъзоликда айбланган 15 киши борлиги айтилган.

Ўзбекча дресс-код: Маданият вазирлиги ходимлари бундан буён дўппи кийиб ишлашади

Ўзбекистон Маданият вазирлиги ходимлари бундан буён одатдаги иш кунида ўзбек миллий бош кийими саналган дўппи кийишади. Бу ҳақда маданият вазири Озодбек Назарбеков мамлакатда Конституция куни нишонланадиган 8 декабрь арафасида ўз Телеграм-канали орқали маълум қилди.

Мулозимга кўра, вазирлик ходимлари мазкур ташаббус орқали миллий анъаналар тарғиб этишда намуна кўрсатишни мақсад қилишган.

О. Назарбеков видеомурожаатида вазирлик ходимларининг дўппи кийган ҳолда ишлаётгани акс этган.

“Барча соҳа вакилларини, ижодкорларни, ватан фидоийларини, кўнгиллиларни ушбу ташаббусни қўллашга чақириб қоламан”, деган маданият вазири.

Назарбеков дўппи кийишни “Қомусимиз ҳимоялаган яна бир қадриятимиз” дея таърифлаган.

Аввалроқ Маданият вазирлиги Тошкентда россиялик ва украиналик блогерлар иштирокида ўтказилиши мўлжалланган TikTok Fest шоу-концертини” маънавий жиҳатдан ёшлар онгига, дунёқарашига салбий таъсир этади”, дея баҳолаган ҳамда “ўзбек халқи миллий менталитети, ахлоқий тарбияси, тарихан бой маданияти, ёшлар дунёқараши бу каби шоу-дастурларни асло қабул қилмаслиги”ни урғулаган эди. Вазирликнинг бу муносабати ортидан мазкур шоу-концерт бекор қилингани ҳақида Озодлик кеча хабар қилган эди.

Уч йил муқаддам Ўзбекистон Миллий университети доценти Мирёқуб Ҳайдаров Озодлик билан суҳбатда Олий Мажлис депутатларига парламентга “миллий кийимларда, масалан, ёзда беқасам ёки банорас чопонларда келиш”ни таклиф қилган, бироқ қандай бош кийим кийиш масаласини уларнинг ўзларига ҳавола қилганди. У тавсиясини “миллий ғурурни тиклаш зарурати” билан изоҳлаган эди.

Давомини ўқинг

XS
SM
MD
LG