Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 17:52

Давлат харидларига масъул "ёпиқ" ташкилот ёпилди, янгиси қачон очилиши номаълум


Ўзбекистонда давлат харидларини амалга оширишга масъул бўлган Халқаро саноат ярмаркаси ва Кооперация биржаси дирекцияси фаолияти тугатилди. Ўзбекистон президентининг 31 июл куни имзолаган “Товарлар (ишлар, хизматлар)нинг давлат ва корпоратив харидлар тизимини янада ислоҳ қилиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорида айни ташкилот давлат ва корпоратив харидларни тендерлар ўтказмасдан тўғридан-тўғри шартномалар асосида ёпиқ амалга ошириб келгани танқид қилинган.

“Савдолар доирасида асбоб-ускуналар, бутловчи буюмлар, қайта ишланган хом ашё ва материалларни харид қилишнинг амалдаги тартиби турли хил коррупция кўринишлари, шу жумладан, реал бозор конъюнктурасини инобатга олмасдан шартномалар тузиш, нархларни ошириш ва сифатсиз маҳсулотларни етказиб бериш учун шароит яратмоқда”, дейилади президент Шавкат Мирзиёев 31 июл куни имзолаган қарорда.

Ўзбекистонда тугатилган Халқаро саноат ярмаркаси ва Кооперация биржаси дирекцияси ўрнида қандай идора ташкил этилиши маълум эмас.

Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамасининг давлат харидларига масъул бўлган мулозими Озодлик билан суҳбатда ҳозирда корпоратив харидларнинг очиқ ва шаффофлигини таъминловчи янги тизим жорий этиш масаласи муҳокама этилаётганини айтди.

- Қандай бўлмасин ҳамма учун очиқ бўлган ягона тизим ташкил этилади. Шаффоф тизим давлат харидларини амалга оширишда коррупция, откат, нархларнинг асоссиз оширилиши каби ҳолатлар олдини олади, деб ўйлаймиз. Ҳозир бу бўйича иш боряпти, - деди Вазирлар Маҳкамаси мулозими.

Грузия, Қирғиғистон, Украина каби бошқа собиқ совет ўлкаларида давлат харидлари учун масъул бўлган ташкилотлар тугатилиб, улар ўрнида шаффоф тизимлар жорий этилган.

Украинада икки йилдан буён давлат тендерлари ProZorro деб аталувчи онлайн тизимида амалга ошириб келинмоқда.

Солиқ тўловчилар пулига харид қилмоқчи бўлган ҳар бир идора ва ширкат фақат шу тизим орқали савдони амалга оширишга мажбур.

Мазкур тизим коррупцияга қарши курашувчи Транспаренси Интернешнл ташкилотининг Украинадаги бўлими кўмагида йўлга қўйилган.

Ташкилотнинг ProZorro тизимини жорий этишда бевосита қатнашган мутахассиси Виктор Нестуля Озодлик билан суҳбатда тизим мукаммал ишлаётганини айтди.

- Бу “ҳамма нарсани ҳамма кўриб турибди” деган тамойил асосида ишлайди. Яъни давлат харидлари ҳамма учун очиқ. Оддий аҳоли учун ҳам, назоратчилар учун ҳам онлайн режимида очиқ ишлайди. Масалан, қандайдир идора солиқ тўловчилар пулига А4 форматида қоғоз сотиб олди, дейлик. Қанақа қоғозни қай миқдорда қанчага қаердан сотиб олди? Бир-икки тугмани босиб бу харидга оид барча ҳужжатларни олишингиз мумкин. Бу тизим коррупцияга қарши курашнинг муҳим компоненти бўлиб хизмат қилмоқда ва шу пайтгача давлат харидларида муаммо кузатилмади, - деди Виктор Нестуля.

Трансперенси Интернешнл ташкилоти мутахассиси Нестуля Ўзбекистонда давлат харидларини амалга ошириб келган монополист ташкилотнинг тугатилишини тўғри қарор, деб ҳисоблайди.

- Чунки монополия ёмон тизим, бундай тизим доим ғирромликлар учун майдон бўлиб келган. Украинада ҳам икки йил аввал давлат ҳаридларига давлатга қарашли монополист ширкат масъул бўлган. Жамоатчилик учун ёпиқ бўлган ва ҳеч ким уни назорат қилмаган ва ҳеч ким у ерда ғирромлик бўлмаган, деб айтолмаган. Ўзбекистонда ҳам монополист ширкат тугатилиб, ўрнида шаффоф тизим яратилиши ҳақида гап кетаётган экан, буни фақат олқишлаш мумкин, - дейди Нестуля.

Лекин, Ўзбекистонда тугатилган Халқаро саноат ярмаркаси ва Кооперация биржаси дирекцияси ўрнида тузилажак тизимнинг қанчалик шаффоф бўлиши маълум эмас.

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Молия вазирлиги, Иқтисодиёт вазирлиги, Хусусийлаштирилган корхоналарга кўмаклашиш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитасига биргаликда икки ой муддатда давлат ва корпоратив харидлар тизимини тубдан такомиллаштириш бўйича таклифларни ишлаб чиқишни тайинлаган.

XS
SM
MD
LG