Линклар

Лукашенко: Бакиев ва оиласи Минскда


Афтидан¸ Бакиев билан Лукашенко МДҲнинг бошқа раҳбарлари даврасида олдин ҳам ўзларини жуда яхши ҳис этмаган кўринади.

Афтидан¸ Бакиев билан Лукашенко МДҲнинг бошқа раҳбарлари даврасида олдин ҳам ўзларини жуда яхши ҳис этмаган кўринади.

20 апрел куни Беларус президенти Александр Лукашенко ҳокимиятдан ҳайдалган Қирғизистон президенти Қурмонбек Бакиевнинг ҳозирда Минскда экани ва оила -аъзолари билан тиббий кўрикдан ўтаëтганини эълон қилди.


- Душанба куни мени Беларусдаги тегишли хизматларга Қурмонбек Бакиевни унинг ўз илтимосига кўра Минскка олиб келиш ҳақида топшириқ бердим. Бунгача ҳам у бу ҳақда бир эмас¸ бир неча бор илтимос қилди. Минскда ҳам аэропорт ëпиқ эди¸ аммо мен уларга "Бу сизлар ҳал қилишингиз керак бўлган муаммо¸ ахир сизлар ҳарбийсизлар. Мен Бакиевнинг Минскка олиб келинишини истайман!" дедим ва душанба кечқурун у Минскка олиб келинди¸ деди 20 апрел куни Беларус парламенти олдида нутқ сўзлаган Александр Лукашенко.

- Мен махсус тиббий комиссия ташкил қилдим ва ҳозирда мутахассислар Бакиев ва унинг оила-аъзолари саломатлигини кўрикдан ўтказишмоқда. Бакиев саломатлиги жуда ҳам кўнгилдагидай эмас. Аммо Бакиевга ўз соғлиғини тиклашгина эмас¸ балки тиббий муолажа ҳам лозим бўлса¸ биз унга ва оиласига бундай ëрдамни кўрсатамиз¸ дея давом этди Лукашенко.

Беларус раҳбарига кўра¸ Минскка Бакиев ва унинг уч оила аъзоси олиб келинган ва ҳозирда бу тўртовлон Беларус давлати ва шахсан президенти ҳимоясига олинган.

Лукашенконинг бу баëнотига қадар Қозоғистоннинг Тараз шаҳрини ҳафта охирида тарк этгани айтилган Бакиевнинг қаерда экани мавҳум қолаëтган¸ айрим манбалар унинг Дубайда эканини тахмин қилаëтган эди.

Беларус президенти баëнотига муносабат билдирган Қирғизистон муваққат халқ ҳукумати расмийси Эдил Байсалов¸ Лукашенкога мурожаат қилиб¸ ундан ўз жиноятлари учун жавобгарликка тортиладиган Бакиевни ҳозирча соғ-саломат ушлаб туришни сўради.

7 апрелнинг эртасигаëқ Беларус президенти Александр Лукашенко ўз мамлакати ҳокимиятдан четлатилган Қирғизистон президенти Қурмонбек Бакиевни қабул қилиши мумкинлигини айтган эди.

Давлатга қарашли Белта ахборот агентлиги¸ Лукашенконинг Беларусда Бакиевни “ҳурматли меҳмон ва ўз ҳамкасби” сифатида кутиб олиши ҳақида хабар тарқатган¸ бироқ мухбирлар билан учрашувда Бакиев бу таклифни рад қилган эди.

7 апрел кечқурун Бишкекдан махсус учқич билан Қозоғистоннинг собиқ пойтахти Олмаотага келган Қурмонбек Бакиевни Остона расмийлари қабул қилмаган ва шундан сўнг у ўзи туғилиб ўсган Жалолобод вилоятидан қўним топган эди.

Аммо муваққат халқ ҳукумати Қурмонбек Бакиевга мамлакатни тарк этиш ëки таслим бўлиш ҳақида ултиматум қўйгач¸ 15 апрел куни у Қирғизистонни тарк этиб¸ Қозоғистондан вақтинча бошпана топган эди.

Қозоғистон Ташқи ишлар вазирлиги¸ Бакиевга вақтинча бошпана бериш Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг жорий раиси Остона ҳукуматининг БМТ¸ шунингдек Россия ва АҚШ президентлари билан ўтказган маслаҳатларидан сўнг қабул қилинганини билдирган эди.

Аммо муваққат халқ ҳукумати Бакиевнинг ўз жиноятлари учун жавобгарликка тортилишини эълон қилгач¸ Қозоғистондаги кўплаб сиëсий гуруҳлар Қирғизистон янги ҳукумати билан алоқаларни бузмаслик мақсадида уни мамлакатдан чиқариб юборишни талаб қила бошладилар.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG