Линклар

Гулнора Каримованики эканлиги айтиладиган Takilant ширкатининг 135 миллион доллари мусодара қилинди


Швед журналистлари Takilantни Гулнора Каримовага боғловчи схемани 2012 йилги ҳужжатли фильмда жамоатчиликка ошкор қилган эди.

Швед журналистлари Takilantни Гулнора Каримовага боғловчи схемани 2012 йилги ҳужжатли фильмда жамоатчиликка ошкор қилган эди.

20 июль куни Ҳолландиянинг Амстердам шаҳри маҳкамаси "Ўзбекистон президентининг тўнғич қизига алоқадор Takilant Ltd. ширкатини VimpelCom Ltd. and Telia AB ширкатларидан симсиз частоталар учун катта миқдорда пора олишда айбдор", деб топди. Суд ҳукми билан Гибралтарда рўйхатга олинган Takilant ширкатининг хориж банкларидаги 135 миллион доллар пули мусодара қилинадиган бўлди.

Мусодара баробарида Takilant ширкати 1¸6 миллион евро жарима тўлашга ҳам ҳукм қилинди.

Суд қарори АҚШ, Ҳолландия, Швеция ва Швейцария прокуратура тизимларининг бир неча йиллик кенг кўламли тергов-текширувларнинг бир қисмидир.

Текширувлар VimpelCom, Telia ва Mobile TeleSystems PJSC мобиль ширкатлари Ўзбекистонга сармоя киритиш ва бизнес юритиш учун пора бергани ҳақидаги даъволар ортидан бошланган эди.

Суд ҳужжатлари ва мазкур ишдан хабадор шахсларнинг Bloomberg агентлигига билдиришича, даъволар марказида Гулнора Каримовага алоқадор Takilant фаолияти туради ва ҳозирда АҚШ ҳукумати ҳам Гулнора Каримова номини алоҳида қайд этган ҳолда¸ Takilant ширкатининг 550 миллион доллардан ортиқ пулини мусодара қилиш ҳаракатини давом эттирмоқда.

20 июль кунги ҳукми билан Амстердам суди Takilant ширкатини порахўрлик ва ҳужжатларни сохталаштиришда айбдор деб топди.

Айни пайтда¸ VimpelCom ва Telia томонидан пора сифатида берилган пулларнинг жиноий йўллар билан тўпланганига оид далиллар йўқлиги боис¸ маҳкама Takilantга қўйилган пул ювиш айбловлари суд жараёнида ўз тасдиғини топмади¸ деган хулосага келди.

Ўзбек президенти тўнғичига мамлакат телекоммуникация бозорига кириш учун катта миқдорда пора бергани судда исботини топган Швеция ва Ҳолландия телеком ширкатлари ҳозирча Амстердам маҳкамаси ҳукмини изоҳлашдан бош тортди.

Гибралтарда қайддан ўтган Takilant ширкатининг эгаси сифатида номи зикр этилган Гулнора Каримованинг шахсий ëрдамчиси Гаяне Авакян Ўзбекистон маҳкамаси ҳукми билан қатор иқтисодий жиноятларда айбланиб¸ узоқ йиллик қамоққа ҳукм этилган.

Гулнора Каримованинг фуқаровий эри экани айтиладиган қўшиқчи¸ оффшор ҳудудлардаги қатор ширкатлар соҳиби Рустам Мадумаров ҳам 2014 йили Ўзбекистон ҳарбий суди томонидан одам ўғирлаганлик айблови билан узоқ муддатли қамоқ жазосига ҳукм этилган.

Норасмий манбаларга кўра¸ Гулнора Каримованинг ўзи Ўзбекистонда уй қамоғида сақланмоқда.

Алоқадор

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG