Линклар

Шошилинч хабар
25 октябр 2021, Тошкент вақти: 10:23

АҚШ Жамол Ҳашогги хотираси учун дунё бўйлаб журналистларни ҳимоя қилади


Saudi dissident Jamal Khashoggi speaks at an event hosted by Middle East Monitor in London Britain, September 29, 2018.

АҚШ давлат котиби Энтони Блинкен уч йил муқаддам Саудия Арабистони ҳукумати буюртмаси билан ўлдирилгани тахмин қилинадиган журналист Жамол Ҳашогги хотирасига баёнот эълон қилди. Бу ҳақда “Америка овози” хабар бермоқда.

“Қўшма Штатлар бутун дунё одамлари, жазоланиш ёки зарар етказилишидан қўрқмасдан ўз фуқаролик ҳуқуқларини рўёбга чиқариш имкониятига эга бўлиши лозимлиги тамойилини ҳамиша ҳимоя қилади”, дейилади баёнотда.

Жамол Ҳашоггининг Истанбулдаги Саудия Арабистони консуллиги биносида ўлдирилишига доир тергов материаллари жорий йилнинг февралида Конгрессга берилганидан сўнг АҚШ бу каби фожиалар такрорланмаслиги учун зарур чораларни кўрди.

“Биз ҳукуматларнинг ўз мамлакатларидан ташқарида журналистлар, фаоллар ва диссидентларга нисбатан амалга оширадиган ҳар қандай ҳужумлари олдини олиш ва уларга тезкорлик билан муносабат билдиришга қаратилган саъй-ҳаракатларни мувофиқлаштирдик, – дейди Блинкен. – Шунингдек, биз Америка визаларини беришни чеклаш глобал сиёсатини ишлаб чиқдикки, Ҳашогги номи билан аталувчи мазкур сиёсат Қўшма Штатларнинг журналистлар, фаоллар ва диссидентларнинг дунёнинг исталган нуқтасида экстерриториал таъқиб этилишига алоқадор шахсларга берилган визалар қайтариб олинишини назарда тутади”.

АҚШ Давлат департаменти Саудия Арабистонининг мамлакатдан ташқарида диссидентлар таъқиб этилишига алоқадор 76 нафар фуқароси, жумладан, Ҳашоггининг ўлдирилишига бош қўшган одамлар учун виза чекловлари кўринишида санкциялар жорий этди.

“Президент Байден Қўшма Штатлар инсон ҳақларини ўз ташқи сиёсати марказига қўйишини аниқ-равшан англатган эди... Инсон ҳуқуқлари ҳимояси Американинг миллий манфаатларига тўғридан-тўғри мос келади ва бизнинг миллий хавфсизлигимизни мустаҳкамлайди, – дея қўшимча қилди Блинкен. – Қўшма Штатлар журналистлар, фаоллар ва диссидентларнинг қаерда бўлмасин, хавфсиз шарт-шароитда иш олиб боришларини назорат қилиш учун барча мақбул воситалардан фойдаланади”.

The Washington Post газетаси колумнисти Жамол Хашогги 2018 йил октябрида Саудия Арабистонининг Истанбулдаги консуллигида ўлдирилганди. Ҳодисадан сўнг Хашоггининг жасади бўлакларга бўлиниб, консуллик биносидан олиб чиқиб кетилган ва ҳалигача топилган эмас.

Хашогги Саудия Арабистони расмийлари, хусусан, шаҳзода Муҳаммад сиёсатини танқид қилиб келган. Жиноятда шаҳзода Муҳаммад қўли борлиги ҳақидаги гумонлар қотиллик ортидан дарҳол юзага келди. Шаҳзоданинг ўзи Хашогги ўлимига алоқадор эканини қатъиян рад этиб келади.

XS
SM
MD
LG