Линклар

Шошилинч хабар
20 апрел 2024, Тошкент вақти: 00:32

Жиззахлик 19 яшар йигит Қизил майдонда йиқилиб ҳалок бўлди


Москва шаҳрининг Қизил майдонидаги яхмалакда йиқилиб, музга боши билан тушган 19 яшар ўзбек муҳожири 17 декабрда шифохонада вафот этди. 1-Градский касалхонаси врачлари жиззахлик Фарруҳ миясига қон қуюлиши оқибатида ҳалок бўлганини қайд этди.

Бугун-эрта муҳожир жасади Ўзбекистоннинг Москвадаги консуллиги ва меҳнат агентлиги ваколатхоналари кўмагида Тошкентга юборилади.

Москва шаҳар полицияси хорижликнинг ўлими юзасидан яхмалакда текширув бошланганини маълум қилди.​

9 декабрда Россия пойтахти марказидаги Қизил майдонда ўрнатилган “ГУМ-каток” яхмалагида икки дўсти билан коньки учаётган меҳнат муҳожири боши билан ўнғайсиз йиқилиб, энсаси билан музга урилади.

Фарруҳ Нурматов
Фарруҳ Нурматов

“Комсомольская правда” хабарига кўра, боши билан урилган йигит ўртоқлари ёрдамида метрога тушади, аммо кўнгли айниб, қайт қилади ва ҳодиса гувоҳлари ёрдамида чақиртирилган “Тез ёрдам” болани шифохонага олиб кетади.

- Бошининг қаттиқ урилиши оқибатида унинг миясига қон қуюлган, - дея хабар қилди 1-Градский шифохонаси расмийлари журналистлар мурожаатларига.

17 декабрь куни ўзбекистонлик экани аниқланган мигрант миясидан олган жароҳат туфайли ушбу касалхонанинг реанимация бўлимида вафот этди.

Москва шаҳар полицияси хорижликнинг ўлими юзасидан яхмалакда текширув бошланганини маълум қилди. Терговчилар ўзбекистонлик мигрантнинг ўлими бахтсиз ҳодиса экани тўғрисида дастлабки хулоса чиқарилганини билдирди.

Озодлик Қизил майдонда йиқилиб ўлган йигит Жиззахнинг Дўстлик туманилик 1999 йилда туғилган Фарруҳ Нурматов эканини аниқлади.

Фарруҳнинг отаси Фарҳод Нурматов Озодлик билан суҳбатда ўғли Москвага биринчи марта келганини айтди.

- Коньки учиб, йиқилиб ҳушидан кетибди, боши айланиб, қайт қилибди, дейди. Бошқа ҳеч нарса бўлмаган, шу конькидан йиқилган. Мияси чайқалиб, операция олибди. Бегона юртда болам шундай бўлиб турибди... Аяси эшитса тамом бўлади. Шу йилнинг 13 январида кетувди, отделка ишлар билан шуғулланарди. Эртага, бир ярим ойдан кейин, 16 февралда 20 ёшга кириши керак эди. Тақдири шу эканда боламни, - дея кўзига ёш олди ота.

Яхмалак маъмурияти вакили Озодлик сўровига жавобан ўзбекистонликнинг ўлимини бахтсиз "ҳодиса" деб атади.

Терговчилар Фарруҳ шифохонага олиб борилганида ҳушида бўлгани, бўлиб ўтган воқеани ўзи айтиб, шифокорлар саволларига жавоб берганини айтмоқда.

1-Градский шифохонасида миясига қон қуюлиши натижасида вафот этган Фарруҳ Нурматовнинг жасади шаҳар ўликхонасида қолаётгани, яқин орада у Москвадаги Ўзбекистон консуллиги ва Ташқи меҳнат миграция агентлигининг Россияда ваколатхонаси ёрдамида Тошкентга учоқда жўнатилишга ҳозирланаётгани маълум бўлди.

Алоқадор

XS
SM
MD
LG