Линклар

Шошилинч хабар
17 июн 2021, Тошкент вақти: 07:53

“Одамлар оғиз очишга ҳам қўрқиб қолган” – Хитой интернет устидан цензурани кучайтирмоқда


Пекиндаги глобал мобил интернетга бағишланган анжуман - 26 апрель, 2018

Халқаро алоқалар бўйича профессор Ма Хиаолин Хитойнинг энг йирик микроблогинг платформалардан бири Weibo тармоғида 2 миллионлик аудиторияга жорий сиёсат ҳақида фикр-мулоҳазаларини баён этиб борар эди. Лекин яқинда мазкур платформа маъмурияти унга қўнғироқ қилиб, сиёсат, иқтисодиёт ҳамда ҳарбий мавзуларда бошқа ёзмасликни уқтирган.

“Халқаро муносабатлар бўйича мутахассис ва шарҳловчи бўлатуриб энди фақат маиший мавзуларда ёзишга мажбур бўладиганга ўхшайман”, – деб ёзди Ма 31 январь куни ўз блогида.

Ассошиэйтед Пресс (AP) агентлигининг ёзишича, Хитойда интернет соҳасида таранглашаётган сиёсат ва қудратли цензорлар ўтказаётган тозалаш кампанияси сабаб Яқин Шарқ мавзусига ихтисослашган Ма, бошқа нуфузли блогерлар каби, ўз қарашларини аудиториясига етказишда тобора жиддийроқ қийинчиликларга дуч келмоқда. Аммо у бу борада очиқ суҳбатлашишни истамади.

Хитой кибермакон маъмуриятининг талаби билан кейинги ҳафтадан блогер ва инфлюенсерлар бир қатор мавзуларда ёзишдан олдин ҳукуматдан тегишли тартибда рухсат олиши керак бўлади. Айни пайтда рухсат фақат давлат тасарруфидаги ОАВ ва расмий тарғиботчиларгагина берилади деган ҳадиклар ҳам янграмоқда. Аслида сиёсий ва ҳарбий мавзуларда ёзиш учун рухсат олиш тартиби 2017 йилдан бери мавжуд, лекин у шу кунгача тўлиқ татбиқ этилмаган эди. Эндиликда соғлиқни сақлаш, иқтисодиёт, таълим ва ҳуқуқий мавзуларни ёритиш учун ҳам расмий ижозат талаб этилади. “Мутасаддилар ахборот-маълумот жабҳасини бутунлай назорат қилмоқчи”, – дейди Тайвандаги Сун Ятсен миллий университети тадқиқотчиси Титус Чен.

Бу талаб баҳс-мунозара маконини сезиларли даражада чеклаган Хитой раҳбари Си Цзиньпинь сиёсатига мувофиқ яна бир қадам бўлди. Си “рақамли суверенитет” ғоясини ўз бошқарувининг асосий тамойилларидан бирига айлантирган. Ушбу ғояга мувофиқ ижтимоий тармоқларда эркинлик тобора бўғилмоқда.

Янги талаблар Ма каби Хитой коммунистик партиясига очиқдан-очиқ қарши чиқа олмайдиган фаолларнинг янги контент яратишига ғов бўлиши мумкин. Weibo иловаси раҳбари Ванг Гаофей профессор Манинг постига ёзган жавобида қайд этишича, расмий ОАВда чоп этилган хабарларга изоҳ бериш мумкин бўлади, лекин шарҳловчиларнинг ўзлари мустақил “хабар чиқара олмайдилар”.

Бу чоралар “ижтимоий фикрни тўғри ўзанга солишда блогер ва ижтимоий тармоқларнинг масъулиятини ошириш ва стандартлаштириш” мақсадида татбиқ қилинмоқда, деб баёнот берган Кибермакон маъмурияти.

Январь охирларида янги қоидалар ҳақида хабар тарқалганда, маъмурият “онлайн матбуотда тартиб-қоидани кучайтириш” мавзусида анжуман ўтказган ва унда маъмурият раҳбари Жуанг Ронгвен агентликнинг “нималарга қодир экани”ни кўрсатиб қўйиш даври келганини писанда қилган эди.

4 февраль куни агентлик бир ой мобайнида онлайн қидирув тизимлари, ижтимоий тармоқлар ва браузерларни нишонга олган тозалаш кампанияси ўтказилишини эълон қилди. Ширкатларнинг сиёсатини ҳукумат талабларига мувофиқлаштиришга қаратилган бундай тадбирлар аввал ҳам ўтказиб турилар, лекин изчил амалга оширилмас эди. Масалан, 2017 йилда Weibo гейлар ҳақидаги контентни порнографияга тақиқ билан чалкаштириб юборгани сабаб шикоятлар йўллангач, компания бу борадаги сиёсатни қайта кўриш чиқишга мажбур бўлган эди.

Бу галги қадамлар эса мавжуд қоидалар татбиғига қатъий киришилганига ишора этмоқда. “Кенг кўламли кампания бошланган, улкан жараён кетяпти. Бу ҳали ўткир мавзуларда ёзмайдиган фойдаланувчиларга муносабат!” – дейди Калифорниядаги Беркли университетининг онлайн цензура бўйича тадқиқотчиси Сиао Киан.

Бошқа бир микроблогинг платформаси – Sohu маъмуриятининг маълум қилишича, тегишли рухсатга эга бўлмаган фойдаланувчиларга долзарб хабарларни ёзиш ёки бўлишиш тақиқланади. “Сиёсат, иқтисод, мудофаа ва дипломатия мавзулари” табу сирасига киритилган. Шунингдек, “партия ва мамлакат тарихини контекстдан узиб талқин этиш, шошилинч хабарлар бериш ва уларни шарҳлаш” ҳам ман этилган. Baidu платформаси ҳам ана шундай мазмунда баёнот берган.

Тегишли рухсатсиз шарҳ ёзган блогерларга қандай чора кўрилиши ҳозирча номаълум. Ўтган ҳафта WeChat тармоғида кундалик хабарларни тарқатадиган фойдаланувчилардан бири “интернет ахборот агентлигининг хизматларини бажараётгани” важидан тармоқдан ўчирилган эди. “Август қария Ю” деб номланган ушбу блогни CCTV давлат телеканалининг собиқ журналисти Ю Шенгон юритиб келган. Ю бу борада изоҳ беришдан бош тортди. Baidu, Sohu, Weibo ва Tencent вакиллари ҳам сўровларни жавобсиз қолдирди. Хитой кибермакон маъмурияти ҳам факс орқали йўлланган саволга жавоб қайтармади.

Тартиб-қоидаларнинг кескинлашувига коронавирус пандемияси ҳам ўз таъсирини кўрсатган бўлса ажаб эмас. Хитойда илк касалланишлар ҳақидаги хабарларни асосан блогер ва интернет нашрлар тарқатган эди. “Пандемия даврида ўзини ОАВ чоғлаганлар асоссиз миш-миш тарқатиб, бошқаларнинг ҳуқуқ ва эркинликларига тажовуз қилган ҳолда жамият барқарорлиги ва осойишталигига рахна солди”, – дея иддао қилади Кибермакон маъмурияти янги қоидалар юзасидан берган баёнотида.

“Янги қоидалар цензорларнинг ҳадикларини акс эттиради, лекин улар айнан нимадан ҳадиксираётгани ҳамон қоронғи бўлиб қолмоқда. Ўтган йили назорат шу қадар кучайтирилдики, одамлар оғиз очишга ҳам қўрқиб қолган”, – дея Беркли университети тадқиқотчиси Сиао Киандан иқтибос келтирган Ассошиэйтед Пресс.

XS
SM
MD
LG