Линклар

Шошилинч хабар
12 май 2021, Тошкент вақти: 17:24

Озод Европа-Озодлик радиоси Россияни халқаро шартномани бузганликда айблади


Озодлик радиосининг Прагадаги бош қароргоҳи.

Озод Европа/Озодлик радиоси Россияни мунозарали «хориж агентлари» тўғрисидаги қонун воситасида ўз фаолиятини нишонга олишда айблади.

Радио маъмурияти 11 февраль куни эълон қилган баёнотда қайд этилишича, бу ҳолат 1990 йилларда имзоланган халқаро сармоя келишувига зиддир.

Аввалроқ Роскомнадзор Озодлик радиосини «хориж агентлари» тўғрисидаги қонунга амал қилмаётганликда айблаб, деярли бир миллион доллар миқдорида жарима солишини билдирган эди.

Роскомнадзор Озодлик радиоси рус хизматидан ўз контентига «хориж агенти» белгисини қўйишни талаб қилмоқда.

Роскомнадзор талабича, Озодлик эълон қилган ҳар бир телевизион, радио ва онлайн дастур бошига хориж агенти экани таъкидланган ва 15 сониягача чўзилувчи огоҳлантириш қўйилиши шарт.

Радио бу талабларни бажаришдан бош тортди. Бунга жавобан Роскомнадзор радиога 260 та огоҳлантириш хатини юборди. Бу огоҳлантиришларни келгуси ҳафталарда Россия судлари кўриб чиқади.

Озодлик расмий баёнотида Кремлнинг ушбу талаби 1994 йилда Россия ва Чехия ўртасида имзоланган икки томонлама сармоя шартномасига зид экани айтилди.

Келишув Россия зиммасига Чехия сармояларига адолатли муносабатда бўлиш мажбуриятини юклаган. Озодлик маъмурияти Россияни келишмовчиликларни ҳал қилиш учун музокара олиб боришга чорлади.

Баёнотда таъкидланишича, Россия музокара олиб боришдан бош тортса, келишув шартларига биноан Озодлик халқаро судга мурожаат қилиши мумкин.

Озод Европа/Озодлик радиоси вице-президенти ва бош муҳаррири Дэйзи Синделар:

- Россия ҳукуматининг ушбу жазо чоралари Россиядаги аудиториямиз тез суратда ошиб бораётган бир пайтда Озодлик радиосини ҳайдашга қаратилган асабий реакциядир, — деди.

Синделар сўзида давом этар экан: «Аниқ ва журъатли журналистикани тақдим этишни давом эттиришимиз учун Россиядаги фаолиятимизни ҳимоя қилиш йўлида мавжуд бўлган барча қонуний йўллардан фойдаланамиз, чунки аудиториямиз биздан буни кутади ва шунга таянади», — деб баёнот берди.

Озодлик радиоси АҚШ Конгресси томонидан молиялаштирилади. Радионинг глобал қароргоҳи 1995 йилда Германиянинг Мюнхен шаҳридан Чехия пойтахти Прага шаҳрига кўчирилган ва Чехия қонунларига биноан «филиал» ўлароқ фаолият юритади.

Шу сабабдан радио Россиядаги сармояларини Прага ва Москва ўртасида тузилган шартнома қамраб олганини айтмоқда.

Озодлик радиоси рус хизматининг Прага бўлимида ўнлаб ходими бор. Россияда эса радионинг эллик нафарга яқин доимий ходими ва 300 га яқин кўнгилли мухбири бор. Озодлик радиоси рус хизмати тайёрлаган контентни ҳафтасига 6 миллион 700 минг россиялик тинглайди, ўқийди ва кўради.

Матбуот кузатувчиларнинг таъкидлашича, Россия расмийлари Озодлик радиосининг мамлакатдаги барча фаолиятини ёпишга бел боғлаган.

2012 йили Россияда хориждан молиялаштирилувчи ва сиёсий фаолият билан шуғулланувчи барча нодавлат ташкилотларга «хориж агенти» сифатида рўйхатдан ўтиш мажбуриятини юкловчи қонун қабул қилинган. Танқидчилар мазкур қонундан мақсад норозилар овозини ўчириш эканини айтиб келадилар.

Қонун хориждан молиялаштириладиган айрим хабар агентликларидан Россия ичида ўз контентини «хориж агенти» тайёрлаганини таъкидлашни талаб қилади. Мазкур қонунга асосан Озодлик журналистлари жиноий таъқиб қилиниши ҳам мумкин.

Ўтган ойда АҚШ Конгресси Кремль Озод Европа/Озодлик радиосининг Россиядаги фаолиятига тўсқинлик қилишда давом этадиган бўлса, мамлакатга қарши санкция жорий этилиши ҳақида огоҳлантирган эди.

XS
SM
MD
LG