Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2020, Тошкент вақти: 09:08

Хушхабар: ОИТСга чалинган яна бир киши бутунлай соғайиб кетди


Жаҳон бўйлаб йилига 1 миллионга яқин одам ОИТВ ва у келтириб чиқарадиган орттирилган иммун тақчиллиги синдроми (ОИТС) туфайли ҳалок бўлади.

Ҳужайраларни трансплантация қилиш йўли билан даволанган шахс орттирилган иммун тақчиллиги вирусидан (ОИТВ) бутунлай қутулган иккинчи шахс бўлди.

Шифокорлар беморда даволаш муолажалари тугатилганидан кейин 30 ой ўтгач, унинг танасида вирус йўқлигини аниқлашди.

Ўтган йилда келиб чиқиши венесуэлалик бўлган бошқа бир бемор қонида 18 ой давомида ОИТВ топилмаганидан кейин унинг бутунлай соғайгани эълон қилинган эди.

Иккинчи марта вирусдан қутулган бемор ҳақидаги илмий мақола бош муаллифи Равиндра Гупта ўтказилган тестлар бемор вирусдан бутунлай халос бўлганини кўрсатишини айтди.

Гупта AFP агентлигига берган интервьюсида:

- Тананинг ОИТВ яшириниб оладиган бир неча жойини текширдик ва уларнинг бирортасида фаол вирус изларини топмадик, — деди.

Тузалиб кетгани айтилаётган киши 40 ёшдаги Адам Кастильехо эканлигини маълум бўлди. Кастильехо 2003 йилда ОИТВ юқтирганидан хабар топган ва 2012 йили даволана бошлаган. Боз устига, 2012 йилда у саратоннинг бир тури бўлмиш Хожкин лимфомасига чалинган.

Кастильехо 2016 йилда қон саратонини даволаш учун суяк илиги трансплантация амалиётидан ўтган. Хусусан, у ОИТВ тарқалишига йўл қўймайдиган табиий мутацияга эга бемордан олинган илик ҳужайралари билан даволанган. Кастильеходан олдин «Берлин бемори» номи берилган 41 ёшдаги шахс айни муолажа ёрдамида ОИТВдан бутунлай тузалган илк бемор бўлган эди.

Кастильехо мияси, ичаклари ҳамда лимфаларидан олинган тўқималарда даволаниш тўхтатилганидан кейин 2 йил ўтиб вирус аломатлари аниқланмаган.

Гупта синовлар давомида ОИТВ қолдиқлари топилганини, аммо улар кўпайишга қодир эмаслигини ва шунинг учун хавфсиз эканлигини айтди.

- Бу кутилган натижа. Миллиардлаб ҳужайрага юққан вирус изини танадан бутунлай йўқ қилиб бўлмайди, — деди у.

Олимлар ушбу янги услуб ОИТВ учун умумий даво бўла олмаслиги ҳақида огоҳлантирди. Хусусан, Гупта бошқа бир неча шахсда айни муолажа ўтказилганини, аммо уларда яхши натижага эришилмаганини айтди.

Жаҳон бўйлаб йилига 1 миллионга яқин одам ОИТВ ва у келтириб чиқарадиган орттирилган иммун тақчиллиги синдроми (ОИТС) туфайли ҳалок бўлади.

Гупта бундай муолажанинг ахлоқий жиҳатлари ҳам эътиборга олиниши кераклигини айтди. Хусусан, олим илдиз ҳужайра трансплантацияси туфайли бемор ҳалок бўлиши эҳтимоли 10 фоиз эканлигини, бу кўрсаткич ҳеч қандай чора кўрилмаганда бемор вафот этиши эҳтимоли билан таққосланиши кераклигини айтди.

Кастильехонинг ўзи эса эришилган натижа уни исмини ошкор қилиб, бошқаларга ҳам ОИТВ ҳақида маълумот беришга ундаганини айтди.

XS
SM
MD
LG