Линклар

Шошилинч хабар
18 апрел 2024, Тошкент вақти: 16:18

Чехия Врбетицедаги портлашлар учун Россиядан товон талаб қилмоқчи


Врбетицедаги ўқ-дори омборлари портлашдан сўнг.
Врбетицедаги ўқ-дори омборлари портлашдан сўнг.

Чехия 2014 йилда Врбетицедаги ўқ-дори омборларида юз берган портлашлар учун Россиядан камида 1 млрд крон (қарийб 47 млн доллар) товон пули талаб қилишни режаламоқда. Бу ҳақда мамлакат молия вазири Алена Шиллерова Чехия телевидениесидаги чиқишида маълум қилди.

Товон тўлаш ҳақидаги даъвони мамлакат ҳукумати яқин бир неча ҳафта ичида тайёрламоқчи. Бу ерда гап ўқ-дори захиралари портлаганидан сўнг ҳудудни тозалашга сарфланган маблағ ўрнини тўлдириш ҳақида бормоқда — бу харажатлар Чехия давлат бюджетидан қопланган.

Молия вазири Шиллеровага кўра, товон пули халқаро ҳуқуқ қоидаларига мувофиқ талаб қилинади, зеро 2014 йилги портлашлар бўйича очилган жиноят иши доирасида ҳаракат қилинганда тўлов ундириш “жуда узоққа чўзилади”.

Чехия ТВ маълумотига кўра, бир миллиард крон, катта эҳтимол билан, ҳали якуний сумма эмас, чунки жабр кўрган ҳудуд ҳукумати ҳам, жумладан, маънавий зарар ва яроқсиз ҳолга келган мол-мулк учун товон талаб қилиши мумкин.

Чехия парламенти депутати Ондржей Бенешик Россиядан товон пули ундириш Чехияга қийин бўлишини айтди, бироқ, унинг фикрича, Чехия ҳукумати “бунақа ишларга кўз юма олмаслигини” кўрсатиб қўйиши учун ҳам шунга уриниб кўриши керак.

Аввалроқ Чехия бош вазири Андрей Бабиш Европа Иттифоқига аъзо бошқа мамлакатлар раҳбарларига мурожаат қилиб, уларни Врбетицедаги ўқ-дори омборларидаги портлашлар ишида Чехия билан бирдамлигини намойиш этиш учун Россиянинг ақалли бир нафардан дипломатини ўз ҳудудидан бадарға қилишга чақирганди.

Чехия Республикаси махсус хизматлари 2014 йил октябрида Врбетице қишлоғидаги ҳарбий омборларда юз берган портлашларда Россия мудофаа вазирлигига қарашли Бош разведка бошқармаси (БРБ — ГРУ) ходимларининг қўли бор, деб ҳисоблайди.

Чехия ТИВ ҳамда махсус хизматларнинг қўшма баёнотида ушбу қўпорувчилик амалиётини Россиянинг Прагадаги элчихонасида дипломатик ҳимоя остида фаолият юритган жосуслар (ГРУ ҳамда Ташқи разведка хизмати ходимлари) бошқаргани иддао қилинган эди.

Чехия ҳукумати 2014 йилда мамлакатга Александр Петров ҳамда Руслан Боширов номига берилган Россия паспортлари билан кирган икки шахсни қидирувга берган. Бу ерда гап Буюк Британия ҳукумати 2018 йили Солсбери шаҳрида ота-бола Сергей ва Юлия Скрипалларни заҳарлаганликда гумон қилаётган муҳтамал жосуслар ҳақида бормоқда. Уларнинг ҳақиқий исмлари Анатолий Чепига ва Александр Мишкин эканлиги иддао қилинади.

“Respekt” нашри ҳамда “Bellingcat” гуруҳининг қўшма тадқиқотига кўра, Чехиядаги амалиёт Москвадаги 29155-сонли ҳарбий қисм командири генерал-полковник Андрей Аверьяновнинг шахсий назорати остида бажарилган.

Кейинроқ чех матбуоти тадқиқотда ГРУнинг эҳтимолий агентлари Чепига ва Мишкиндан ташқари, яна бир россиялик – собиқ ҳарбий хизматчи ва айни пайтда Чехия фуқаролигига эга Николай Шапошников номи ҳам мавжудлиги ҳақида ёзди. У 27 йил бурун Чехияга кўчиб ўтгани айтилмоқда.

Тадқиқотчилар аниқлашича, айнан Шапошников таниши Бернатикка электрон мактуб юбориб, ўзини қурол-яроқ инспекторлари қилиб кўрсатган ГРУ жосусларининг Врбетице қишлоғига етиб келиш санасини хабар қилган.

Портлашлар юз берганида Шапошников ҳам Чехияда бўлган, ҳолбуки, у анчадан бери Грецияда муқим истиқомат қилади.
Уни полиция сўроқ қилган, аммо бошқа тафсилотлар жамоатчиликка маълум эмас.

XS
SM
MD
LG