Линклар

Шошилинч хабар
18 апрел 2024, Тошкент вақти: 07:29

Овоз эгаси ҳақиқатан ҳам бин Ладенми?


Фарангис Саид

2001 йил 11 сентябр Нью-Йорк ва Вашингтон терактларини амалга оширганликда гумон қилинаётган Усама бин Ладиннинг тирик ёки ўликлиги ҳамон номаълум. 12 ноябр кечқурун эса у тирик бўлиши мумкинлигини исботлайдиган бир далил олинди. Қатарнинг “Ал Жазира” телекомпаниясига Усама бин Ладинга тегишли, деб тахмин қилинаётган овоз ёзилган аудиотасма етиб келди ва телекомпания уни телевидение орқали томошабинларга эшиттирди. АҚШ расмийлари эса аудиотасмадаги овоз ҳақиқатан ҳам бин Ладинга тегишлими, деган савол устида бош қотира бошладилар.

АҚШнинг исмини ошкор этишни истамаган бир расмийси сешанба кечқурун Қатарнинг “Ал Жазира” телекомпаниясига юборилган аудиотасмани эшитиб чиқиб, унда ёзилган овоз Усама бин Ладинга тегишли эканидан деярли шубҳаланмаётгани, бу эса 2001 йил декабр ойидан буён бин Ладиннинг тириклигини исботловчи биринчи қўлга киритилган далил, деб айтди.

Аудиотасмада ёзилган ва бин Ладинга тегишли, деб гумон қилинаётган овоз сўнгги бир ой давомида содир этилган террор хуружларига юқори баҳо берар экан, айни вақтда Ғарб давлатларини Ироққа ҳужум қилмаслик керак, деб огоҳлантирди.

Британия, Канада, Франция, Австралия ва АҚШнинг бошқа ҳамкорларига мурожаат қилар экан, овози аудиотасмада ёзилган одам, “қотиллик содир этсангиз, ўзингиз ҳам ўласиз, бомбардимон қилсангиз, сизни ҳам айни йўл билан бомбардимон қиладилар”, деган. Усама бин Ладинга тегишли, деб гумон қилинаётган овоз эгаси АҚШ мудофаа котиби Доналд Рамсфелдга алоҳида тўхталган: “Тинчликка жаҳолатни инкор этиш орқали эришиш мумкин. Адолатга адолат билан жавоб бериш лозим. Рамсфелд эса Вьетнамда 2 миллион одамнинг ўлимига сабабчи бўлган”, - дейди овоз эгаси.

Айни вақтда Туниснинг Жерба оролида немис туристларининг ўлдирилиши, Москва театрида одамларнинг гаровга олиниши ва натижада 128 кишининг нобуд бўлиши, Яман яқинида Францияга қарашли нефт танкерига ҳужум қилиниши, Индонезиянинг Бали оролида дискоклубларнинг портлатилиши ва натижада кўплаб ғарбликларнинг ўлиши, Қувайтдаги ҳарбий амалиётлар давомида америкалик денгизчининг отиб ўлдирилиши, Иорданияда юқори мартабали америкалик расмий ҳаётига суиқасд қилиниши – бу ҳодисаларга овози “Ал Жазира” телекомпаниясига юборилган аудиотасмада ёзилган одам юқори баҳо берган ва ҳужумларни амалга оширганларни “исломнинг ҳақиқий ўғлонлари”, деб атаган.

“Бу ҳужумлар, - дейди овози Усама бин Ладинга тегишли, деб тахмин қилинаётган одам, - аср фиръавни бўлмиш Жорж Буш сиёсатига жавобдир. У Ироқда бизнинг ўғлонларимизни ўлдирмоқда. У Исроилнинг қилмишлари учун жавобгардир. У Америка учқичлари ёрдамида аёллар, болалар ва қариялар яшайдиган уйларни бомбардимон қиляпти”.

“Фиръавн” сўзининг ишлатилишига тушунтириш берар эканлар, мутахассислар, Қуръонда ўз қудратини Аллоҳ қудрати билан таққослаган ва шу сабабли қудратини йўқотган фиръавн ҳақида ривоят бор, демоқдалар.

АҚШ расмийлари аудиотасмани текшираётганлари ва овоз, ҳақиқатан ҳам, Усама бин Ладинга тегишли ёки тегишли эмаслигини аниқлашга уринаётганларини таъкидламоқдалар.

Радикал исломий гуруҳлар билан алоқаларга эгалиги маълум бўлган “Ал Жазира” телекомпанияси эса, аудиотасмани қайси йўл билан олганини ошкор этишдан бош тортмоқда.

АҚШ расмийлари ўтган йил, декабр ойидан буён дараги бўлмаган Усама бин Ладин ўлик бўлишининг эҳтимоли жуда катта, деб ҳисоблаётган эдилар. “Интерпол” халқаро полиция ташкилотининг бош котиби Роналд Нобл эса Франциянинг “Ле Фигаро” газетасига берган интервьюсида Усама бин Ладин тирик, деб таъкидлар экан, 11 сентябр ҳужумларидан сўнг бин Ладинни қўлга туширишга қаратилган ишлар қайси босқичда бўлган бўлса, ҳозирги кунда ҳам айнан шундайлигича қолаётганини айтди.
XS
SM
MD
LG