Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 15:26

АҚШнинг Эронга нисбатан сиёсати йўқми?


Фарангис Саид 2001 йил январ ойида президентлик фаолиятини бошлаган Жорж Буш ва унинг маъмурияти ҳанузгача Эрон бўйича ташқи сиёсат доктринасини ишлаб чиқмаган. Кузатувчилар фикрича, бунинг сабаби – маъмуриятдаги АҚШ Давлат котиби Колин Пауэлл каби мўътадил сиёсатчилар ҳамда Мудофаа котиби Доналд Рамсфелдга ўхшаган қатиққўл сиёсат тарафдорлари ўртасидаги келишмовчиликлардир.

Эрон бўйича мутахассис, Колумбия университети профессори Гэри Сик ҳам бу фикрга қўшилади:

- Менимча, ҳозирда АҚШнинг Эронга нисбатан маълум сиёсати йўқ. Фақат баёнотлар сиёсати мавжуд, холос.

Шундай дер экан, профессор Сик “баёнотлар сиёсати” деганида, жумладан Бушнинг Эрон халқига мурожаатини мисол келтириш мумкинлигини айтади. Эрондаги норозилик намойишларини қўллаб-қувватлашини билдирган Жорж Буш бу билан Теҳрон раҳбариятига қаршилигини намойиш қилди. “Чунки намойишлар Эрон президенти Муҳаммад Хотамий ва олий руҳонийси оятулло Али Ҳўманаийга қарши қаратилган”, - дейди Гэри Сик.

Дарҳақиқат, якшанба куни Жорж Буш намойишларни ижобий баҳолашини баён этди:

- Одамлар Эрон эркинлигини очиқчасига талаб қила бошладилар. Менимча, бу ижобий ҳолдир.

Бушга жўр бўлган АҚШ Давлат департаменти матбуот котиби Ричард Баучер Қўшма Штатлар Эрондаги намойишчиларни руҳан қўллаб-қувватлашини билдирди.

Чоршанба куни АҚШ Давлат котиби Колин Пауэлл ҳам айни шу фикрни билдирар экан, айни вақтда АҚШ ҳукумати Эрон расмийлари билан бевосита музокаралар бошлаши кераклигини таъкидлади. Ушбу баёнот Буш маъмурияти Эронни Ироқ ва Шимолий Корея билан биргаликда “жаҳолат ўқи”нинг бир қисми, деб ҳисобласа-да, унга нисбатан кескин чоралар кўришни режалаштирмаётганидан дарак беради, дейишмоқда мутахассислар.

АҚШнинг Мичиган университети профессори, Роналд Рейган маъмуриятида Эрон масалалари бўйича маслаҳатчи бўлиб хизмат қилган Реймонд Тантер Эронга нисбатан дипломатик босим ўтказиш самара беришига ишонмаслигини айтади:

- Менимча, дипломатик босим самара бермайди. Мен Буш маъмуриятининг Эронга нисбатан сиёсати мақсади Теҳрон раҳбариятини ўзгартиришдан иборат бўлиши керак, деб ҳисоблайман.

“Бироқ Эронда ҳукуматни ўзгартириш керак, деганимда мен, - деб тушунтириш беради профессор Тантер, - Эрон ҳудудига шимолдан Учинчи пиёда дивизиясини, жанубдан эса Тўртинчи пиёда дивизиясини олиб киришни ва ҳукуматни ағдаришни назарда тутмайман”. “Эрон Ироқ эмас”, - дейди мутахассис.

Унинг фикрича, АҚШ Эрондаги намойишчиларга кўмаклашиши лозим. Шу орқали Муҳаммад Хотамийнинг ҳокимиятдан четлаштирилишига эришиш мумкин, деб ҳисоблайди Мичиган университети профессори, Роналд Рейган маъмуриятида Эрон масалалари бўйича маслаҳатчи бўлиб хизмат қилган Реймонд Тантер.

Бироқ баъзи бошқа мутахассислар АҚШ Эрондаги намойишчиларга молиявий кўмак берса, мамлакатдаги вазият янада оғирлашиши мумкинлигини қайд этмоқдалар. Чунки, бу ҳолда Эрон ҳукумати норозиларга нисбатан тазйиқларни кучайтириб, буни миллий хавфсизликни таъминлаш ва ички барқарорликни сақлаш зарурати билан тушунтиради.
XS
SM
MD
LG