Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 09:41

Маккартизм қайта бошландими?


Фарангис Саид Маълумотларга кўра, 31 ёшлик Аҳмад Фатҳий Меҳалба Ал-Қайда террор тармоғига алоқадорликда гумон қилинаётган маҳбуслар сақланаётган Гуантанамо ҳарбий базасидаги қамоқхонада таржимон бўлиб ишлаган. Душанба куни у Бостон шаҳридаги Логан аэропортида махфий маълумот ёзилган компютер дисклари билан қўлга туширилди. АҚШ хавфсизлик хизмати ходимлари дисклардаги маълумот Гуантанамодаги федерал ҳукуматга қарашли компютердан кўчириб олинганини аниқлашди.

Меҳалба, сўнгги бир неча ҳафта ичида ҳибсга олинган учинчи Гуантанамо хизматчисидир. Бундан олдин бир руҳоний ва ҳарбий ҳаво кучларининг бир таржимони жосуслик айби билан қўлга туширилган эди.

Келиб чиқиши мисрлик бўлган Меҳалба АҚШ фуқаросидир. 2000-2001 йилларда у АҚШ армиясида хизмат қилган, сўнг тиббий сабабларга кўра, армияни тарк этишга мажбур бўлган. 2002 йилда у Сан-Диего шаҳрида мудофаа соҳасида фаолият олиб борувчи “Титан” ширкатига таржимон бўлиб ишга кирган ва ҳарбий маҳбуслар билан ишлаш учун зарур бўлган барча текширувлардан муваффақиятли ўтган.

Душанба куни Қоҳирадан АҚШга қайтаётган Меҳалба ёнидан 132 компютер диски топилди. Улардан камида биттасида махфий маълумот ёзилгани аниқланди. Аммо Меҳалбанинг ўзи буни инкор этиб, дискларда фақат мусиқа ва видео-ўйинлар ёзилганини таъкидлади. Судя Меҳалбани судга ёлғон гапиргани учун ҳибсга олишга қарор қилди. Дисклар текширилмоқда. Меҳалба шахсияти ҳам. Ҳозиргача унинг собиқ қайлиғи 2001 йилда ўғирланган ахборот билан ҳибсга олингани, бундан олдин эса у АҚШ армиясида хизмат қилгани аниқланган.

АҚШ Федерал қидирув бюроси ходимлари Меҳалба қўшниларини сўроқ қилиб, Аҳмаднинг кўп сафар қилгани, бирда такси ҳайдовчиси, бирда эса олмос бўйича маслаҳатчи бўлиб ишлаганини аниқлашди. Қўшниларнинг айтишича, Меҳалбанинг ислом динига мансублиги қўшнилар билан алоқаларнинг ёмонлашишига олиб келган.

Мана шу маълумотлар юзага чиқар экан, бу жараёнга оид қатор саволлар туғилади. Меҳалба ҳамда Гуантанамо базасининг ҳибсга олинган икки собиқ ходими ҳақиқатан ҳам жосусми ёки бу ўзига хос “маккартизм” сиёсати кўринишими? Балки, “маккартизм” даврида коммунист ва либералларга қарши кураш олиб борилгани каби, ҳозирда ҳам барча мусулмонларга қарши кураш олиб борилаётгандир? Бу Ғарб ва Ислом дунёси, ғарбликлар ва мусулмонлар ўртасидаги зиддиятлар тобора кучайиб бораётганидан далолат бермайдими?

АҚШ президенти Жорж Буш ўзининг шу йил август ойида Сент-Луис шаҳрида қилган чиқишида дунёни цивилизация ва тартибсизлик ҳукм сураётган икки қутбга ажратган эди:

- Цивилизация ва тартибсизлик ўртасидаги курашда ҳеч бир давлат бетараф қола олмайди. Эркинлик ва инсон ҳаётини қадрлаган ҳар бир давлат терроризмни қоралаши ва кўпчилик умидини пучга чиқармоқчи бўлган озчиликка қарши ҳаракат қилиши лозим.

Аҳмад Меҳалбанинг ҳақиқатан ҳам жосус экани ҳозирча аниқ эмас. 8 октябр куни суд бу масалани кўриб чиқади.

Биз билан суҳбатда АҚШдаги Ташқи сиёсат кенгаши собиқ ходими, ҳозирда Озод Европа-Озодлик радиосининг халқаро хавфсизлик бўйича таҳлилчиси Виктор Яссман бу жараённи маккартизм билан солиштириб бўлмаслигини айтар экан, фикрини мана бундай тушунтиради:

- Йўқ, бу маккартизм эмас. Биз ўта нотинч даврда яшаяпмиз. Бу даврда тинчлик учун қулай бўлган фуқаровий эркинликларга ҳар доим ҳам риоя қилиб бўлмайди. 2001 йил 11 сентябр ҳодисаларидан сўнг вазият ўзгарди. АҚШ етакчилигида халқаро аксил-террор коалицияси тузилди. Кўплаб давлатлар ўз қонунчлик асосларини ўзгартириб, хавфсизликни таъминлаш мақсадида фуқаролар эркинликларини чекловчи қонунларни қабул қилди. Бу ўзгаришлар вақтинча киритилган бўлиб, улар демократик амалиёт доирасидан чиқмаган.

Виктор Яссман киритилаётган ўзгартишлар қонунга хилоф бўлмаса-да, айни вақтда одамлар таффакури ўзгараётганини қайд этади. Мутахассис, шунингдек, кўпинча ҳар бир мусулмон террорчи, деб тушунилаётганини айтиб, буни адолатсиз ва ҳақоратли, дея баҳолайди.
XS
SM
MD
LG