Линклар

Шошилинч хабар
18 апрел 2024, Тошкент вақти: 11:10

Машҳур В.Дубовицкийни ҳеч ким танимади


Шайбон 20 январь куни Интернетда журналист Сергей Ежков шахсиятини қораловчи мақола эълон қилинди. Мақола муаллифи журналистни ортиқча манмансирашда айблаган.

В.Дубовицкий имзоси қўйилган мазкур мақола “Кўзини ёғ босган шахсларни ҳимоя қилиш айрим журналистларнинг муқаддас бурчидир” сарлавҳаси остида чоп этилган. Муаллиф гўёки ўзининг эски таниши бўлган Сергей Ежковни ўқувчиларга ўта жанжалкаш ва ичкиликка муккасидан кетган шахс сифатида таништиради. В.Дубовицкийнинг ёзишича, С.Ежков “Тошкент ҳақиқати” газетасида ишлаб юрган пайтлари аллақачон ҳаётдан кўз юмган шахс номидан танқидий мақола ёзган. Кейинчалик, мақола қаҳрамони аллақачон боқий дунёда экани маълум бўлгач, С.Ежков "ўсал" бўлиб қолган.

Мақолада муаллиф С.Ежков шаънига бундан-да кескинроқ айбловлар ёғдиради.

“Демократ ниқобига бурканиб олган С.Ежков “Правда востока” газетасида гўёки ҳуқуқ-тартибот органларидаги қонунбузарликларни фош қилувчи мақолалар эълон қила бошлади. Уларда фирибгарларни “виждон тутқунлари”, деб атади”, дейилади мақолада.

Бундан ташқари, С.Ежков пул эвазига яқинларини ҳам сотишга тайёр инсон сифатида баҳоланган.

Мақола муаллифи ўзини С.Ежковнинг ҳамкасбларидан бири сифатида таништирган. Бироқ “Правда востока” газетаси бош муҳаррири Бахтиёр Ҳасанов бундай шахс газетада ишламаслиги, ундай одамни танимаслигини маълум қилди.

Б.Ҳасановнинг айтишича, С.Ежков ҳақиқатан ҳам бир пайтлар ичкиликка берилган. Бироқ кейинчалик бу одатига чек қўйган.

Б.Ҳасановнинг таъкидлашича, айни пайтда С.Ежков ариза ёзиб, ўз ҳисобидан меҳнат таътили олган.

Эслатиб ўтамиз, С.Ежков яқинда штат қисқартирилиши баҳонасида ишдан бўшатилгани тўғрисида хабарлар тарқалган эди.

“Озодлик” мухбири С.Ежковни уйидан топишга муваффақ бўлди. У В.Дубовицкийнинг мақоласига муносабат билдирар экан: “Ҳукуматга малол келиб қолганга ўхшайман. Шунинг учун менга нисбатан бундай ҳаракатлар қилинмоқда”, деди.

Маҳаллий кузатувчиларнинг фикрича, С.Ежков шахси атрофида кечаётган воқеалар (унинг ишдан бўшатилиши, кейин эса уни камситувчи мақола эълон қилиниши) аслида эркин фикрли журналистни руҳан синдиришга қаратилган. Алимардон Аннаевнинг таъкидлашича, С.Ежковга нисбатан тазйиқлар аввал ҳам кузатилган.

“Озодлик” мухбири билан суҳбатда бўлган маҳаллий журналистларнинг бирортаси В.Дубовицкий исмли шахсни танимаслигини билдирди.

С.Ежков эса бу исм-фамилия ортида кимлар яширинганини сезаётганини таъкидлади.

“Ишдан кетишимни кимлар уюштирган бўлса, мақола ортида ҳам ўшалар турибди”, деди журналист.
XS
SM
MD
LG