Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 15:53

Давосда динлараро муносабатлар муҳокама қилинди


Фарангис Саид Шу ҳафтада Давосда йиғилган мамлакат раҳбарлари ва таниқли олимлар Жаҳон Иқтисодий Форуми доирасида Ғарб ва Ислом дунёси ўртасидаги муносабатларни муҳокама қилиш учун алоҳида давра суҳбати ўтказдилар.

“Цивилизациялараро мулоқот ва алоқаларни ривожлантириш”, деб номланган давра суҳбатида қатнашганлар орасида, жумладан, Покистон Президенти Парвез Мушарраф, Кантенберрининг собиқ архиепископи, лорд Кери Клифтон, Саудия Арабистони Хавфсизлик Хизматининг собиқ раҳбари, шаҳзода Туркий Ал-Файсал Ас-Сауд, АҚШнинг Давлат Телерадио Ширкати раҳбари Патриция Митчелл бор эди. Улар глобаллашув, терроризм ва дин масалаларини муҳокама қилдилар.

Парвез Мушарраф ўз чиқишида Шарқ ва Ғарб ўртасидаги тафовут, биринчи навбатда, тушунмовчиликлардан келиб чиқишини таъкидлар экан, ғарбликларнинг аксарияти Ислом деганида экстремизмни тушунишини айтди. “Айни вақтда Шарқ мамлакатларида Америка ва Европа маданиятининг салбий таъсиридан қўрқаётганлар ҳам кам эмас”, - деди Покистон раҳбари:

- Ғарбда мусулмонлар ва Ислом, деганида нима тушунилади? Ислом деганида, Ғарбда, биринчи навбатда, экстремизм, терроризм, ақидапарастлик ва тоқатсизлик тушунилади. Иккинчидан, Ғарбда Ислом демократия, модернизм ва дунёвийликка зид, деган фикр бор. Ва учинчидан, ғарбликлар мусулмонлар жаҳон ҳамжамиятига қўшилишдан бош тортяптилар, деган фикрга эгалар. Буларнинг бари тушунмовчиликдир. Ҳа, мен уларни тушунмовчилик деб атайман, чунки уларнинг ҳаммаси нотўғри.

Шундай дер экан, Парвез Мушарраф, Ислом аслида тинчлик ва мўътадиллик дини эканини таъкидлади. “Экстремистлар фаолияти ғарбликларнинг Ислом ҳақидаги фикрини шакллантирмаслиги керак”, - деди Покистон Президенти.

Саудия Арабистони Хавфсизлик Хизматининг собиқ раҳбари, ҳозирда Қирол Файсал номидаги Ислом Тадқиқотлари Марказига раҳбарлик қилаётган шаҳзода Туркий Ал-Файсал Ас-Сауд ҳам бу фикрга қўшилар экан, экстремизм ортида диний эмас, балки сиёсий сабаблар борлигини айтди.

Сўнгги йилларда Саудия Арабистонида экстремистик гуруҳлар фаоллашгани ва мамлакат ўз тарихида биринчи бор терроризм хавфи билан тўқнашаётганини айтар экан, шаҳзода Ал-Файсал, яқинда Саудия Арабистонида содир этилган террор ҳужумларини бунга мисол келтирди. Ал-Файсалга кўра, террор ҳужумларини уюштирганлар нафақат Саудия Арабистонида ишлаётган ва у ерда сафарда бўлган ғарбликлар, балки мамлакат аҳолисини ҳам нишонга олганини айтди.

Президент Мушарраф ва шаҳзода Ал-Файсал Ғарб ва Ислом дунёси ўртасидаги фарқ диний эмас, балки сиёсий сабаблардан келиб чиқишини таъкидладилар.

Давра суҳбатининг яна бир иштирокчиси, Лондон Университети профессори Энтони Грейлинг икки дунё ўртасидаги тафовут аслида унчалик катта эмас, деб фикр билдирди:

- Икки цивилизация ҳар-хил эмас. Улар ўртасида муҳим фарқ бўлиши билан бирга, айни вақтда, уларнинг ўхшаш тарафлари шу қадар кўпки, биз мана шу умумийликка урғу бериб, бу билан мавжуд фарқ ва келишмовчиликларни бартараф этиш учун асос яратишимиз керак, - деди британиялик олим, профессор Энтони Грейлинг.

Давосдаги Жаҳон Иқтисодий Форуми доирасида ўтказилган ушбу давра суҳбати якунида Ғарб ва Ислом дунёлари вакилларидан таркиб топган “Юзлик кенгаши”ни тузишга келишилди. Ўз сафларида етакчи сиёсатчилар, диндорлар, тадбиркорлар ва матбуот вакилларини жамлаган Кенгаш фаолиятидан мақсад икки тараф - Ғарб ва Ислом дунёси ўртасидаги тушунмовчиликларни бартараф этиш ва мулоқотни йўлга қўйишдир.
XS
SM
MD
LG