Линклар

Шошилинч хабар
16 апрел 2024, Тошкент вақти: 20:52

Тараққий қилаëтган 8 Исломий давлатнинг Теҳрон саммити; Мамлакатнинг шимоли-шарқида юз беган поезд ҳалокати


А. Арол

Д-8 деб аталаëтган, Тараққий этаëтган 8 Исломий давлатнинг 2 кунлик саммити ниҳоясига етти. Унда ташкилотга аъзо давлат вакиллари ўзаро иқтисодий ҳамкорликни кенгайтиришга келишдилар ва бошқа бир қанча соҳалар бўйича қарорлар қабул қилдилар. Теҳронда саммит бошланган айни кунда мамлакатнинг шимоли-шарқидаги Нишопур шаҳри яқинида юз берган поезд ҳалокати оқибатида камида 200 киши ҳалок бўлди. Ушбу жараëнларни бугун ҳамкасбим Азизулло Арол кузатиб борди.

БҲ: Азизулло ака, дастлаб мана шу Тарақий этаëтган 8 Исломий Давлат гуруҳи ҳақида қисқача тўхталиб ўтсак. Бу гуруҳга қачон ва нима мақсадда асос солинган ва унга қайси давлатлар киради?

АА: Д-8 ëхуд Тараққий этаëтган 8 Исломий тавлат ташкилотига Туркиянинг собиқ Бош Вазири Нажмиддин Эрбоқан ташаббуси билан минтақавий ҳамкорликни кенгайтириш мақсадида 1997 йилда асос солган. Ташкилотга саккиз мусулмон мамлакат: Эрон, Туркия, Миср, Малайзия, Индонезия, Бангладеш, Покистон ҳамда Нигерия аъзодир.

БҲ: Хўш, мазкур давлатларнинг юқори мартабали расмийлари икки кунлик Теҳрон саммитида нималарни муҳокама этдилар ва қайси соҳалар бўйича қарорлар қабул қилдилар?

АА: Саммитда, асосан, ўзаро иқтисодий ва ижтимоий ҳамкорликни ривожлантириш ҳамда халқаро муаммоларни музокаралар орқали ҳал этиш кераклиги масаласи муҳокама этилди. Туркия, Эрон ва Индонезия Президентлари, Покистон ва Малайзия Бош Вазирлари, Миср Ташқи Ишлар Вазири иштирокида бўлиб ўтган ушбу саммит якунида минтақавий эркин савдо зонасини ташкил этиш, божхона тарифларини камайтиш ҳамда илм-фан, санъат ва тижорат соҳаларида ўзаро ҳамкорликни кенгайтириш бўйича қарорлар қабул қилинди.

Саммитда нутқ сўзлаган Эрон Президенти Муҳаммад Хотамийнинг айтишича, ташкилотга аъзо давлатларда эркинлик ва демократияни ривожлантириш учун илм-фан ва иқтисодий тараққиëтга эришиш керак.

"Бошқариш масъулияти зиммамизда бўлган жамиятларнинг ҳар бири озодлик, мустақиллик, тараққиëт учун жуда кўп кураш, саъй-ҳаракатлар қилишган. Аммо илм-фан ночор-нотавон аҳволда бўлган тақдирда, барқарор эркинлик ва демократияга эришиб бўлмайди",- деди Хотамий ўз нутқида жумладан.

БҲ: Тараққий этаëтган 8 Исломий давлат ўтган 7 йил давомида ўз олдиларига қўйган қайсидир мақсадларга эришдиларми? Ëки бу каби баëнотлар оғизда ва қоғозда қолиб кетмоқдами?

АА: Мутахассислар сўзи билан айтганда, ўтган давр ичида маълум мақсадларга эриша билмаганлар. Чунки мазкур давлатлар ташкилотга асос солинганидан кейинги 7 йил мобайнида ўз олдиларига мақсад қилиб қўйган савдо алоқаларини ривожлантириш соҳасида ҳам, яшаш даражасини ошириш соҳасида ҳам тўлиқ муваффақиятга эриша билганларича йўқ.

Мутахассис Фрайдун Ховандга кўра, кўпчилик Д-8 аъзолари ўзаро эмас, балки ташкилотда бўлмаган мамлакатлар билан иқтисодий алоқаларни ривожлантиришга интилмоқдалар.

"Масалан, Индонезия ва Малайзиянинг асосий мақсади Осиë мамлакатлари билан иқтисодий муносабатлари кенгайтиришдан иборат. Туркиянинг асосий интилиши эса Европа Иттифоқи мамлакатлари билан савдо алоқаларини ривожлантиришга қаратилган", - деб фикр билдиради Фрайдун

Мутахассисга кўра, ушбу мамлакатлар ўзларининг мусулмон бўлмаган қўшнилари билан яхшироқ иқтисодий алоқалар ўрнатишни изламоқда.
Шу боис Ислом, дин якка ҳолда Д-8 аъзолари ўртасида иқтисодий интеграцияни вижудга келтиришда асосий ролни ўйнай олмайди.

БҲ: Энди Азизулло ака, Теҳронда саммит бошланган куни Эроннинг шимоли-шарқида юз берган фалокат ҳақида қисқача тўхталсак. Сўнгги тафсилотлар қандай?

АА: Ҳодиса Нишопур шаҳри яқинидаги Хайëм бекатида юз берди. Айтилишича, чоршанба куни эрталаб гугурт, мазут, бензин ва пахта юкланган 51вагон ўз-ўзидан юра бошлаган. Натижада аварияга учраб ўт олган. Ҳодиса оқибатида 200дан ошиқ одам нобуд бўлди ва 400дан кўпроқ киши жароҳатланди, бекат атрофидаги 5 қишлоқ вайрон бўлди. Шундан сўнг Нишопурда 3 кунлик умумий мотам эълон этилди ва икки кунга Машҳад-Теҳрон поезд ҳаракатлари тўхтатилди. Ҳалокатга учраган поезднинг қандай қилиб ўз-ўзидан юра бошлаганини текшириш учун ҳодиса жойига Теҳрондан ҳайъат юборилган.
XS
SM
MD
LG