Халқаро хабарлар
Бугун Бағдоддаги "Шератон" меҳмонхонасига қарата ракета отилди.
Кеча Ироқда тўққиз нафар полиция курсанти ўлдирилган эди.
Улар тушган автобус Ҳилла шахридан сал нарида ўққа тутилган эди.
Худди шу куни Киркукда икки ироқлик полиция ходими ҳам ўлдирилди.
Мамлакат шимолидаги Мосул шаҳрида харбий база минометдан ўққа тутилгани оқибатида икки ироқлик нобуд бўлди¸олти нафари жароҳат олди.
Кун янгиликлари
Душанбе бошпана сўраган 60 чоғли афғонистонликни бадарға қилди
Жорий ҳафтада олтмишга яқин афғонистонлик бошпана сўровчи Тожикистондан чиқариб юборилди. Афғонистоннинг Ҳоруғдаги консуллиги вакили 5 декабрь куни бу маълумотни тасдиқлаб, бу одамларнинг ҳаммаси Шерхон-Бандар назорат-ўтказиш маскани орқали Афғонистонга қайтишганини қайд этган.
Исми ошкор этилишини истамаган консуллик ходимига кўра, “бадарға қилинган афғонистонликлар Ваҳдат шаҳри, Рудакий туманида ва Душанбеда яшаб ва ишлаб юрганлар”.
“Уларнинг ҳужжатлари жойида эди, шунинг учун уларнинг мамлакатдан чиқариб юборилиши сабабини билмайман. Афғонистонлик фуқароларнинг кўпчилиги Ваҳдат милицияси ходимлари томонидан қўлга олинган. Аввалига 16 киши, кейин эса яна 40 киши бадарға қилинган”, деган у.
Душанбе яқинида жойлашган Ваҳдат шаҳрида яшаб келган афғонистонлик қочқинлардан бири Рўё Ҳофизий унинг эри Нақибулло Ҳофизий 4 декабрь куни Тожикистондан чиқариб юборилганини маълум қилган. Унинг айтишича, уларга мамлакатдан чиқариб юбориш сабабини ҳеч ким айтган эмас. Бу оила Тожикистонда беш йилдан бери истиқомат қилиб келади.
“Чоршанба куни эрим маҳаллий милиция бўлимида бўлган, сўнгра қўлга олинганларнинг ҳаммаси Душанбега олиб келинган. Кейинроқ эрим чегарадан туриб қўнғироқ қилди. Менинг беш фарзандим бор. Биз ертўлага ўхшаган жойда яшаймиз. Эрим оиламизнинг ягона боқувчиси эди ва энди мен нима қилишимни билмайман”, деган афғонистонлик аёл.
Тожикистон ИИВ матбуот котиби Нусратулло Маҳмадзода Озодликнинг тожик хизматига афғонистонлик фуқаролар мамлакатдан бадарға қилинганидан хабари йўқлигини айтган. Бироқ, унга кўра, “қонунчиликка мувофиқ, Тожикистонда бўлган хорижлик фуқаролар мамлакатда юриш қоидаларини бузган пайтда бадарға қилиниши мумкин”.
Кўп йиллар олдин Тожикистонга ўтиб келган афғонистонлик қочқинлар асосан Душанбе четларида истиқомат қилишади. Айрим маълумотларга кўра, улар сони 10 мингга яқин.
БМТ маълумотларига мувофиқ, 2022 йили Тожикистон расмийлари камида 85 нафар афғон қочқинини мамлакатдан чиқариб юборган. Расмий Душанбе бу жараён юзасидан бирор-бир изоҳ берган эмас.
Сўнгги икки йилда 6000 россиялик Қирғизистон фуқаролигини олди
Сўнгги икки йил ичида олти минг нафар россиялик Қирғизистондан фуқаролик олган. Бу ҳақда парламент қўмитаси мажлисида Рақамли ривожланиш вазирлиги қошидаги Аҳолини рўйхатга олиш департаменти раҳбари Арсен Минбаев маълум қилди, деб ёзди Озодликнинг қирғиз хизмати.
Минбаевга кўра, 2023 йили қирғиз паспортини олиш учун Россия фуқароларидан 10 мингга яқин, 2024 йил бошидан буён эса 7 мингта ариза тушган.
2022 йилда Қирғизистон президенти Садир Жапаров 6 минг 316 кишини фуқароликка қабул қилиш ва 646 кишини фуқароликдан чиқариш ҳақида 24 та фармон имзолаган. Бироқ ОАВда россиялик мулозимлар, тадбиркорлар ва бошқа таниқли шахслар Қирғизистон фуқаролигини олганига оид хабарлар чиққанидан кейин президент сайтида бунга оид фармонларни ёйинлаш тўхтаб қолган, аввалги фармонларга ишоратлар эса эндиликда ишламаяпти.
Қирғизистон фуқаролигини олган россияликлар орасида “Сколково” фонди вице-президенти Кирилл Каем, “Группа Оргсинтез” АЖ директори Ярослав Кузнецов, Россиянинг Тверь вилояти собиқ губернатори Дмитрий Зеленин, Bitzlato криптобиржаси ҳаммуассиси Антон Шкуренко, РФ ҳукуматининг юқори суд инстанцияларидаги вакили Михаил Баршчевскийнинг қизи Наталия Баршчевская ҳамда “Ароматний мир” эгаси бўлган тадбиркор Валерий Задориннинг ўғиллари Александр ва Михаилнинг отдошлари бор.
2024 йилнинг ноябрь ойи бошида Wildberries маркетплейси ҳаммуассиси, россиялик тадбиркор Владислав Бакальчук Қирғизистон фуқаролигини олганини маълум қилган.
Қирғизистонда молиявий консалтинг билан шуғулланувчи Михаил Жуховицкий 2024 йил январида “конвейер ишлаб ётгани” ҳақида ёзган эди.
“Одам учиб келиб, 30 дақиқа ичида ҳужжат топширади. Кейинги келишида паспортини олади, ўша куннинг ўзида иккала паспорти ҳам қўлида бўлади <...>. Янги тренд: офис-офис бўлиб паспортга ҳужжат топширишяпти. Масалан, инвестиция компаниясидан тўрт ходим учиб келишди. Ҳаммаси икки соат ичида ҳужжат топширишиб, Бишкек бўйлаб сайрга чиқиб кетишди”, дея иддао қилганди у. Кейин у “Қирғизистон фуқаролигини олиш бўйича маслаҳатлашиш учун улкан даражадаги бизнес эгалари тобора кўпроқ мурожаат қила бошлагани”ни билдирган.
Путин газга фақатгина “Газпромбанк” орқали пул тўлаш мажбуриятини бекор қилди
Россия президенти Владимир Путин Россия гази харидорларига фақат “Газпромбанк” орқали пул тўлаш мажбуриятини бекор қилди. Бу Путиннинг 2022 йил 31 мартида чиқарган хорижий ширкатлар томонидан газга пул тўлаш махсус тартибига оид фармонининг янгиланган версиясида акс этган. Мазкур чора “Газпромбанк”дан санкциялар олиб ташлангунича амалда бўлади.
Янги фармонда ўзаро ҳисоб-китоб бўйича иккита йўл кўзда тутилган. Булардан бири Россия гази учун хорижий ширкатлар тарафидан тўлов қилиниши мақсадида “учинчи шахслар”дан рублда келиб тушаётган маблағларнинг “ваколатли банк томонидан қабул қилиниши” бўлса, иккинчиси газга пул тўлаш бўйича мажбурият таъминотчи ташаббусига кўра “хорижлик харидорга россиялик таъминотчи томонидан қарама-қарши талабларни ҳисобга олиш йўли билан тўлиқ ёки қисман тўхтатилиши мумкин”лигидир. Бу ҳақда “Коммерсантъ” нашри хабар қилган.
Жорий йилнинг 21 ноябрида АҚШ Молия вазирлиги “Газпромбанк”ка нисбатан санкция киритган, бу билан хорижлик харидорларга етказиб берилган Россия гази учун пул тўлаш қарийб имконсиз ҳолга келган.
Янги чеклов чораларига мувофиқ, банк иштирокидаги операциялар учун 20 декабргача рухсат берилган. “Газпромбанк” иштирокида операцияларни амалга ошириш бўйича АҚШ фақат “Сахалин-2” лойиҳаси учун 2025 йил 28 июнигача истисновий тартиб жорий қилган.
Санкциялар изоҳида Вашингтон вакиллари Россия “Газпромбанк”дан Украинага қарши урушни давом эттириш учун ҳарбий анжомлар сотиб олиш ва россиялик ҳарбийларга пул тўлашда фойдаланаётганини таъкидлаган.
Қирғизистонда хорижлик талабалар тунда сайр этмасликка чақирилди
Қирғизистон Ички ишлар вазирлиги Жиноят қидирув бош бошқармаси тезкор ходимлари Бишкекдаги тиббиёт институтларида таҳсил олаётган хорижлик талабалар билан учрашув ўтказган.
Озодлик қирғиз хизматининг ИИВ маълумотига таянган ҳолда хабар қилишича, маъруза чоғида милиция ходимлари маҳаллий қонунчиликнинг ўзига хос хусусиятларини тушунтирганлар, мамлакатда юриш тартиб-қоидалари, ҳуқуқбузарлик учун жавобгарлик мавжудлиги ҳақида сўзлаганлар ҳамда учрашув иштирокчиларига жамоат жойларида юриш-туриш қоидаларига риоя қилишни тавсия қилганлар.
Қайд этилишича, хорижлик фуқароларга қарши содир этилаётган жиноятларнинг аксарияти тунда рўй беради.
“Кўплаб хорижликлар тунга яқин шаҳарда сайр қилиб юришни маъқул кўришади, шундан келиб чиққан ҳолда милиция ходимлари талабаларни тунда сайр қилмасликка чақиришди”, дейилган ИИВ хабарномасида.
Аввалроқ Қирғизистон президенти маъмурияти мамлакат ҳудудида хорижликларга ҳужум қилганлик ва уларнинг мол-мулкига зарар етказганлик учун жазо чораларини кучайтиришни кўзда тутувчи қонун лойиҳасини ишлаб чиққан эди.
Сўнгги йилларда Қирғизистонда Ҳиндистон, Покистон ва Бангладешдан келган меҳнат мигрантлари сони ошган. Уларнинг аксарияти хизмат кўрсатиш соҳаси ва тикув цехларида ишлайди.
Ҳукумат 2024 йили Қирғиизстонда ишлайдиган хорижлик учун 25 минг кишилик квотани тасдиқлаган. Вазирлар Маҳкамаси вакиллари бу квота ишчи кучи етишмагани туфайли тадбиркорлар илтимосига кўра кўпайтирилганини билдиришган.
Бундан ташқари, Қирғизистондаги олий таълим масканларида 70 мингдан зиёд хорижлик талаба таҳсил олиб келмоқда.
Вашингтон AIнинг Ғазодаги “геноцид” хулосасига қўшилмайди
Қўшма Штатлар Исроилни Ғазо секторида геноцидни амалга оширганликда айблаётган Amnesty International (AI) халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилоти ҳисоботи муаллифлари хулосасига қўшилмайди. АҚШ Давлат департаменти расмийси вакилининг ўринбосари Ведант Пател 5 декабрь куни ана шундай баёнот билан чиқди.
Мазкур баёнот Amnesty International томонидан Исроил Ғазода фаластинликларга нисбатан геноцидни амалга ошираётгани иддао қилинган ҳисобот ёйинлангани ортидан берилди.
“Биз (Исроилни) геноцидда айблаб асосга эга эмаслигини аввал ҳам билдирганмиз ва буни таъкидлашда давом этамиз. Бироқ Amnesty International каби фуқаролик жамияти ташкилотлари ҳамда ҳуқуқбонлик гуруҳлари ва ноҳукумат ташкилотлари Ғазода содир бўлаётганлар ҳақида маълумот ва таҳлиллар тақдим этишда муҳим роль ўйнаётганини эътироф этиш зарур”, дея билдирган Пател.
“Агар биз ҳақиқатан ҳам Ғазодаги гуманитар шароит яхшиланишини, қолган гаровдаги кишилар уйларига қайтишини ва бу можарони тўхтатишни истасак, бунинг учун энг яхши қадам ҳар икки томон тарафидан урушни тўхтатиш ҳақида келишувга эришиш бўлади. Биз диққатимиз айнан шунга қаратишда давом этмоқдамиз”, деган Пател.
Amnesty International томонидан куни кеча ёйинланган ҳисоботда Исроил Ғазодаги фаластинликлар ҳаётини дўзахга айлантиргани урғуланган.
AI бош котиби Аньес Калламарга кўра, ташкилот ҳисоботида Исроил Геноцид тўғрисидаги конвенция билан тақиқланган хатти-ҳаракатларни содир этгани, бу билан бевосита Ғазодаги фаластинликларни йўқ қилишни қасд этгани кўрсатилган.
“Бундай хатти-ҳаракатларга қотилликлар, оғир жисмоний ёки руҳий жароҳатлар етказиш ҳамда Ғазода фаластинликларни қасдан йўқ қилишга қаратилган турмуш шароити яратиш кабилар киради. Кўп ойлардан буён Исроил Ғазодаги фаластинликларни жисмонан йўқ қилиш ниятини очиқ-ошкор намойиш қилароқ уларга ҳеч қандай ҳақ-ҳуқуқ, инсоний қадр-қийматга эга бўлмаган чала инсонлар гуруҳидек муомала қиляпти”, дея билдирган AI бош котиби Аньес Калламар.
Исроил Ғазо секторидаги амалиётни 2023 йил 7 октябрида ҲАМАС гуруҳи (АҚШ ва ЕИда террор ташкилоти деб тан олинган) томонидан амалга оширилган трансчегаравий ҳужум ортидан бошлаган. Исроил маълумотларига кўра, 14 ой олдинги ҳужум чоғида ҲАМАС бошчилигидаги жангарилар Исроилда 1200 кишини ўлдирган ва 250 дан кўпроқ гаровга олинган шахсни Ғазога олиб кетган.
Ғазо Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотига кўра, Исроилнинг ҳарбий кампанияси натижасида 44 минг 400 дан зиёд фаластинлик қурбон бўлган ва яна кўплаб одам жароҳатланган.
Фаластин ва БМТ расмийлари таъкидича, кичик, аҳолиси зич жойлашган соҳилбўйи ҳудуди бўлмиш Ғазода хавфсиз жой қолган эмас. Ғазодаги 2,3 миллион аҳолининг аксарияти, баъзилари 10 мартагача сектор ичида кўчишга мажбур бўлган.
Грузия: Мухолифат партиялари офисларида тинтувлар ўтказилмоқда
Грузияда полиция вакиллари мухолифат партиялари офисларига тинтув ўтказиш учун келишган. Бу ҳақда Озодликнинг грузин хизмати ва “Эхо Кавказа” лойиҳаси хабар қилди.
Ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари, жумладан, “Ахали”, “Дроа”, “Гирчи – Кўпроқ эркинлик” ҳамда “Бирдамлик – Миллий ҳаракат” мухолифат партиялари офисига келишган. “Ахали” партияси асосчиси ва “Ўзгаришлар учун коалиция” лидери Ника Гварамия ва фаол Гела Хасая қўлга олинган.
Mtavari телеканали хабарига кўра, мухолифатнинг бир неча лидери ушланган. Telegram-каналлари етти киши қўлга олингани ҳақида ёзмоқда. Тинтувлар безорилик ва гуруҳ бўлиб амалга оширилган зўравонликни уюштирганлик моддалари бўйича ўтказилмоқда.
“Бу мухолифатни қўрқитиб қўйиш уринишидир”, дея иқтибос келтирган “Интерфакс” агентлиги “Ўзгаришлар учун коалиция” лидери Ника Мелия сўзларидан. Унинг фикрича, расмийларнинг бу каби хатти-ҳаракатлари Грузияда норозилик чиқишлари кўламининг кенгайишига олиб келади.
Грузияда норозилик акциялари 28 ноябрдан буён давом этмоқда. Бунга Грузия парламентининг Европа Иттифоқига кириш бўйича музокараларни 2028 йилгача тўхтатиб қўйиш ва Европа грантларидан воз кечиш қарори сабаб бўлган. Айни пайтда Грузия бош вазири Ираклий Кобахидзе расмийлар ўз мақсадларига содиқ қолаётганлари ва мамлакат 2030 йилга бориб ЕИга киришга тайёр бўлишини урғулаган.
Полиция норозилик намойишларини тарқатиш учун сувотар ва кўздан ёш сиздирувчи газни ишга солмоқда. Акцияларда умумий ҳисобда 300 га яқин киши қўлга олинган. Кобахидзе тартибсизликларни уюштиришда мухолифатни айблаган.
Биткоин нархи илк бор 100 минг доллардан ошди
Биткоин нархи тарихда илк бор 100 минг АҚШ долларидан ошиб кетди.
Binance биржаси маълумотига кўра, биткоин нархи 5 декабрь куни Тошкент вақти билан эрталабки соат 7:39 да 100 минг доллардан ошган ва ўсишда давом этган. Соат 8 га бориб нарх 104 минг долларга етган. Бу пайтга келиб 20 дан зиёд биржа маълумотларини ўрганиб борадиган CoinMarketCap сайти биткоин 101 минг долларгача қимматлагани ҳақида хабар қилган.
Биткоин курси Дональд Трамп АҚШ президенти этиб сайланганидан кейин ўса бошлаган. 5 ноябрь куни Трамп сайловда ғалаба қозонгани маълумот бўлган пайтда биткоин нархи 40 фоизга, йил бошидан бери эса икки бараварга ошган.
Трамп АҚШни “жаҳоннинг криптопойтахти”га айлантириш ҳамда биткоин захираси тўплашни ваъда қилган. Ваҳоланки, Трамп бор-йўғи уч йил аввал биткоинни товламачиларнинг найранги деб атаган эди. Бугунги кунда криптовалюта бозори ҳажми, мутахассислар ҳисоб-китобига кўра, уч триллион доллардан кўпроқни ташкил этади.
Биткоин янги рекордга Дональд Трамп Қимматбаҳо қоғозлар ва биржалар бўйича комиссия раҳбари лавозимига криптолоббист Пол Аткинсни тайинламоқчи эканини эълон қилганидан бир неча соат ўтиб эришган.
Комиссия жаҳон молия оламида криптовалюталарнинг энг нуфузли душманларидан бири бўлиб ҳисобланади. Регулятор етакчи криптовалюта ширкатларини судга бергани маълум.
Алишер Усмонов FIE президенти лавозимидан четланди
Асли ўзбекистонлик миллиардер Алишер Усмонов Халқаро қиличбозлик федерацияси президенти ваколатларини топширди. Бу ҳақда федерация Усмонов президентликка қайта сайланганидан бир неча кун ўтиб маълум қилди.
Тадбиркор Россиянинг Украинага босқини туфайли санкция рўйхатига киритилган. Федерация баёнотида Усмонов президентликдан кетиш қарорига FIEнинг самарали фаолиятини таъминлаш мақсадида келгани айтилган. Ташкилотнинг ижроия қўмитаси мазкур қарорни ратификация қилган, дея хабар қилди Sports нашри.
Усмонов Халқаро қиличбозлик федерацияга 2008 йилдан буён раҳбарлик қилиб келаётган эди. 2022 йилда у АҚШ, Европа Иттифоқи, Буюк Британия ва яна бир неча давлат санкция рўйхатига киритилганидан кейин ўз ваколатларини тўхтатиб қўйганди. Федерация раҳбари вазифасини Эммануэль Катсиадакис бажариб турган.
Ишдан четланганига қарамай, 30 ноябрь куни Тошкентда бўлиб ўтган конгрессда Алишер Усмонов ўз лавозимига қайта сайланган. Унинг номзоди 103 та миллий федерация томонидан кўрсатилган, овоз беришда эса уни 120 та миллий федерация қўллаган. Сайловда россиялик миллиардернинг ягона рақиби швециялик Отто Дракенберг бўлган, у 26 та овоз олган. Мазкур қарор Украина Қиличбозлик федерацияси (УҚФ) томонидан танқид қилинган.
“Федерация виждонга, инсонийликка юзланиш хорижлик спорт мулозимларига ҳеч қанақа таъсир кўрсатмаслигини аллақачоноқ тушунган”, дейилган УҚФ баёнотида.
Катсиадакис бошқаруви даврида Париждаги Олимпия ўйинларигача россиялик қиличбозларнинг ҳеч бири нейтрал мақомда мусобақаларга қўйилган эмас. Улар 2016 йилдаги ўйинда 3 та, 2021 йилдаги ўйинда эса 4 та олтин медални қўлга киритишган.
Тожикистонда парламент сайлови 2025 йил мартига белгиланди
Тожикистон президенти Эмомали Раҳмон парламент сайлови санасини эълон қилди. У томонидан 4 декабрь куни имзоланган фармонга мувофиқ, парламент қуйи палатаси ва маҳаллий кенгашларга депутат сайлови 2025 йил 2 мартида бўлиб ўтади. Юқори палатага сайлов эса 2025 йил 28 мартига белгиланган.
Тожикистонда ҳар икки палата – Мажлиси намояндагон (қуйи палата) ва Мажлиси миллий (юқори палата) депутатлари беш йилга сайланади.
Тожикистонда еттита сиёсий партия рўйхатга олинган бўлиб, уларнинг аксарияти амалдаги ҳукуматга хайрихоҳдир. Улар ҳали сайловга тайёр эканларини билдиришмаган.
Аввалги йилларда бир неча бор парламент сайлови натижалари сохталаштирилгани ҳақида билдирилган.
Тожикистондаги сайловни кузатиш учун Душанбега одатда миссия йўллайдиган ЕХҲТнинг Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бюроси (ДИИҲБ) ўтган сайловларнинг биронтасини шаффоф ва халқаро стандартлар мувофиқ, дея баҳолаган эмас.
Жанубий Кореяда мухолифат парламентга президент импичментига оид қонун лойиҳасини киритади
Жанубий Кореядаги олтита мухолифат партияси мамлакат президенти Юн Сок Ёлга импичмент эълон қилиш тўғрисидаги қонун лойиҳасини тайёрлашган. Бу ҳақда Yonhap агентлиги хабар қилди.
Ҳужжат 5 декабрь куни парламентга киритилиши ва кейинги икки кун ичида у бўйича овоз бериш ўтказилиши режаланган. Қонун лойиҳаси қабул қилиниши учун камида 200 нафар депутатнинг овози (жами депутатларнинг учдан икки қисми) керак бўлади. Парламентда еттита партия билан тамсил этилган мухолифатда фақат 192 та мандат бор.
Аввалроқ мухолифат партиялари Юн Сок Ёлни давлатга хиёнатда ҳам айблаш ниятида экани ҳақида хабар қилинганди. Улар фикрича, ҳарбий ҳолат жорий этилиши ва ўша пайтда ҳарбийларнинг парламентни эгаллаб олишга ҳаракат қилиши исёнга тенг ва президентнинг дахлсизлиги доирасидан ташқарига чиқади.
Президент Юн “КХДРнинг тарафдорларига қарши кураш учун” ҳарбий ҳолат жорий этилгани ҳақида 3 декабрь куни маҳаллий вақт билан соат 22:25 да эълон қилган эди. Олти соат давомида амалда бўлган фармон сиёсий партиялар фаолияти, норозилик чиқишлари, иш ташлашларга тақиқ қўйиб, унда цензурани ҳамда ўлим жазоси чиқариш ҳуқуқига эга бўлган ҳарбий-дала трибуналларини жорий қилиш кўзда тутилганди.
Бунинг ортидан парламент биноси олдига, мухолифат ҳисоб-китобига кўра, беш мингдан зиёд норози йиғилган. Штурм чоғида парламент биносига кириб олган депутатлар президент қарорининг бекор қилиниши учун овоз беришган. Шундан сўнг президент қонунга мувофиқ равишда фармонни бекор қилишга мажбур бўлган.
Душанбе шаҳри яқинида йирик дрон қулаб тушди
Тожикистоннинг Ҳисор тумани Шарора қишлоғида 3 декабрь куни йирик ҳажмли дрон ҳалокатга учради. Мазкур қишлоқ пойтахт Душанбедан 5 километр нарида жойлашган.
Озодликнинг тожик хизмати хабарига кўра, дрон қулаган жойга милиция ходимлари ва ҳарбийлар етиб боришган. Маҳаллий турғунлар таҳририятга ҳарбий дронга ўхшаган объект электр узатиш симларига ўралашиб қолиб, ерга қулаганини айтиб беришган. Ҳодиса чоғида қишлоқдаги уйларга шикаст етмаган ва ҳеч ким жабрланмаган.
Воқеа жойида олинган видеода дрон қисман ёниб кетганини кўриш мумкин.
Озодликнинг тожик хизмати мухбири воқеа содир бўлган жойга олиб борадиган йўл ёпиб қўйилгани, у ёққа ҳеч ким қўйилмаётганини қайд этган.
Тожикистон расмий идоралари ҳодиса юзасидан ҳали изоҳ берганларича йўқ.
Эрдўғон ва Путин Суриядаги вазиятни муҳокама қилишди
Россия президенти Владимир Путин ва Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғон Сурия шимолидаги можаро дипломатик йўл билан ҳал этилиши лозим, деган фикрдалар. Икки лидер бу мамлакатда жанговар ҳаракатлар қайта бошланганини 3 декабрь кунги телефон мулоқоти чоғида муҳокама қилишган.
Мазкур мулоқот ортидан Эрдўғон девонхонаси тарқатган баёнотда: “Президент Эрдўғон, гарчи Туркия Сурия ҳудудий яхлитлигини дастаклашда давом этаётган бўлса-да, у Сурияда адолат ва барқарор вазият ўрнатилишига ҳам интилаётганини урғулади”, дея қайд этилган.
Эрдўғонга кўра, Анқара Туркия ва АҚШда террор ташкилоти ўлароқ тан олинган Курдистон Ишчи партиясига (КИП) кескин курашини давом эттиради.
Эрдўғон билан Путин ўртасидаги суҳбат суриялик исёнчилар ўтган ҳафтада Ҳалабни эгаллаб олганларидан кейин ҳукумат қўшинларига қарши ҳужумни давом эттираётган кунларга тўғри келди. 3 декабрь куни исёнчилар Хама шаҳрига яқинлашишди, дея маълум қилди Сурия инсон ҳуқуқларига риоя қилиш мониторинг маркази.
Марказ сешанба куни исёнчиларнинг шимолдаги ҳужумларида қурбон бўлганлар сони 600 дан ошгани, улар орасида 104 нафари тинч аҳоли вакиллари эканини билдирган.
Путин Эрдўғон билан суҳбатда “радикал гуруҳларнинг Сурия давлатига қарши террористик тажовузи имкон қадар тезроқ тўхтатилиши” лозимлигини таъкидлаган. Икки лидер бу масала бўйича Россия, Туркия ва Эрон ўртасида бундан буён ҳам тиғиз мувофиқлаштирув муҳимлигини қайд этишди, дейилган Кремль баёнотида.
Суриядаги можарода Москва ва Теҳрон Туркия билан тўқнашган. Анқара Ҳайъат Таҳрир уш-Шом (ҲТШ) раҳбарлиги остида ҳужумда иштирок этаётган қуролли гуруҳларни дастаклаб келади. Бу сунний гуруҳ Сурияда шариатга асосланган давлат тузиш ниятида.
Эрон ташқи ишлар вазири Аббос Ароқчи 3 декабрь куни Қатар нашрига берган интервьюсида, агар Дамашқ илтимос қиладиган бўлса, Теҳрон Сурияга қўшин йўллаш имкониятини кўриб чиқишини билдирган.
Ироқ бош вазири Шиа ас-Суданий Бағдод бунга “бир четдаги томошабин” бўлиб қараб турмаслигини қайд этган.
Тбилисида полиция норозилик акциясини куч билан тарқатди
Учинчи декабрь оқшомида Грузия пойтахти марказида полиция аксилҳукумат норозилик намойишини тарқатиб юборган. Улар норозиларга қарши сувотар ва кўздан ёш сиздирувчи газ қўллашган. Гувоҳлар тасвирга олган видеода ўқ овозларини эшитиш мумкин, тахминларга кўра, полициячилар намойишни тарқатиш учун резина ўқлардан фойдаланишган.
Озодликнинг “Эхо Кавказа” лойиҳаси хабарига кўра, полициянинг махсус топшириқлар бажарувчи отряди норозилар томонга Озодлик майдони томонидан ҳаракатланган. Намойишчилар қўлга олинган. Айни пайтда у ерда қўлга олинган одамлар сони маълум эмас.
Грузияда ҳукуматнинг ЕИга кириш жараёнини тўхтатиб қўйиш қарорига қарши мухолифат ва евроинтеграция тарафдорларининг норозилик акциялари олти кундан буён давом этмоқда. Бунгача парламент сайлови расмий натижаларига қарши норозилик намойишлари бўлиб ўтган.
Тбилисида намойишлар кузатилган олти кун ичида маъмурий моддалар бўйича 293 киши, жиноий моддалар бўйича эса 6 киши қўлга олинган. Намойишлар бостирилаётгани учун Болтиқбўйи мамлакатлари Грузия Ички ишлар вазирлиги ва “Грузия орзуси” ҳукмрон партияси раҳбариятини санкция рўйхатига киритган. Бунинг ортидан Эстония, Латвия ва Литва элчилари 3 декабрь куни Грузия ТИВга чақирилган.
Жанубий Корея президенти ҳарбий ҳолатни бекор қилди
Жанубий Корея президенти Юн Сок Ёль депутатларнинг овоз бериш жараёнидан кейин мамлакатда ҳарбий ҳолат жорий этилиши тўғрисидаги фармонини бекор қилди. Мазкур қарор ҳақида маҳаллий вақт билан тонгги соат 4:27 да давлат раҳбари қароргоҳидан туриб узатилган телеёйинда билдирилди. Кейинроқ эса у ҳукумат мажлисида маъқулланган. Бу ҳақда Yonhap агентлиги хабар қилди.
Фавқулодда ҳолат жорий этилиши ҳақида 3 декабрь куни маҳаллий вақт билан соат 22:25 да эълон қилинган эди. Олти соат давомида амалда бўлган фармон сиёсий партиялар фаолияти, норозилик чиқишлари, иш ташлашларга тақиқ қўйиб, унда цензурани ҳамда ўлим жазоси чиқариш ҳуқуқига эга бўлган ҳарбий-дала трибуналларини жорий қилиш кўзда тутилганди.
Режимга қўмондонлик қилиш қуруқликдаги қўшинлар штаби бошлиғи Пак Ан Суга топширилган. У парламент фаолияти тўхтатилганини эълон қилган. Ҳарбийлар парламент биносини эгаллаб олишга уринишган.
Штурм чоғида парламент биносига кириб олган депутатлар президент қарорининг бекор қилиниши учун овоз беришган. Шундан сўнг у қонунга мувофиқ равишда фармонни бекор қилиши лозим эди. Тахминларга кўра, ҳарбийлар сиёсий партиялар лидерлари ва парламент раисини ҳибсга олишга уринишган.
Жанубий кореялик айрим сиёсатчилар, агар ҳарбий ҳолатни жорий қилиш тўғрисидаги қарор қонуний деб қабул қилинса, депутатларнинг овоз беришининг олдини олишга уриниш ҳокимият узурпацияси ўлароқ баҳоланиши мумкинлигини қайд этишмоқда. Президентга нисбатан бирор расмий айблов билдирилгани ҳақида ҳозирча маълум эмас.
Мухолифатдаги Демократик партия вакили брифингда президент истеъфога чиқиши лозимлигини билдирган.
Жанубий Корея президенти мамлакатда ҳарбий ҳолат эълон қилди
Жанубий Корея президенти Юн Сок Ёль ўз телемурожаати чоғида мамлакатда ҳарбий ҳолат жорий этилиши ҳақида эълон қилди. У мазкур тадбирни конституциявий тузумни шимолий кореяпараст кучлардан ҳимоя қилиш истаги билан изоҳлаган, дея хабар қилди “KBS жаҳон радиоси”.
Юн Сок Ёль мухолифатдаги Демократик партияни ҳукумат ишини фалажлаш ҳаракатида айблаган.
Yonhap агентлиги маълумотига кўра, партия парламентдаги бюджет қўмитаси орқали бюджетни қисқартириш тўғрисидаги қонун лойиҳасини ўтказган ҳамда давлат аудитори ва бош прокурор истеъфосини талаб қилган.
“Ҳарбий ҳолат эълон қилиниши эркин Корея республикасининг конституциявий қадриятларига ишонган ва риоя қилган дуруст инсонлар учун айрим ноқулайликлар яратади, бироқ мен бу ноқулайликларни имкон қадар камайтиришга ҳаракат қиламан”, дея билдирган президент.
Айни пайтда таркибига президент Юн Сок Ёль ҳам кирган ҳукмрон партия вакиллари ҳарбий ҳолат жорий этишга оид қарорни нотўғри деб аташган ва уни тўхтатишни ваъда қилишган. Мухолифатдаги Демократик партия мазкур қарор Конституцияга зид эканини билдириб, депутатларни парламент биносига йиғилишга чақиришган.
Полиция ва парламент қўриқчилари қонун чиқариш органи биносини ўраб олишган. Бинога фақат депутатлар, парламент ходимлари ва аккредитациядан ўтган журналистларгина қўйилмоқда.
Президент мамлакатда ҳарбий ҳолат жорий этгани ортидан ўнлаб одам парламент биноси олдига чиқишган, улар ва полиция ходимлари ўртасида тўқнашувлар бўлиб ўтган.