Линклар

Шошилинч хабар
16 апрел 2024, Тошкент вақти: 14:42

Ўзбекистон Исломий Ҳаракатининг Покистондаги фаолияти.


Азизулло Арол Олдин хабар қилганимиздек¸ Покистон ҳарбий кучлари мамлакатнинг Афғонистон билан туташ Вазиристон минтақасида Толибон ва Ал-Қайда террор тармоғига қарши ҳарбий амалиëтлар олиб боришмоқда. Айрим оммавий ахборот воситаларига кўра¸ амалиëтлар жараëнида толиблар томонида ўзбеклар ҳам борлиги аниқланган. Покистон ҳарбийларининг билдиришича¸ амалиëтлар давомида Ўзбекистон Исломий Ҳаракати раҳбари Тоҳир Юлдош қочишга муваффақ бўлган. Ҳафта бошида Покистон армияси матбуот вакили Шавкат Султон Тоҳир Юлдош қўлга олинганини эълон қилган эди. Мавзу тафсилотларини Азизулло Арол лавҳасида.

Ўтган ҳафта сўнггида Покистон хавфсизлик кучлари Вазиристон минтақасини ўраб олганида¸ Ал-Қайданинг иккинчи раҳбари Айман ал-Заваҳирий қуршовга олингани ҳақида хабар тарқалган эди. Орадан бир неча кун ўтиб¸ унинг Калуша қишлоғидан ер ости туннели орқали қочиб кетгани билдирилди. Покистон расмийларига кўра¸ 11 сентябр террор ҳужумларига алоқадор шахслардан бири¸ деб кўрилаëтган Ал-Заваҳирий ëнида кўплаб жанггарилар бор. Улардан бири Ўзбекистон Исломий Ҳаракати раҳбари Тоҳир Юлидош экани айтилмоқда. Покистон ҳарбийларининг тахминига кўра¸ амалиëтлар давомида у яраланган бўлиши мумкин.

Покистоннинг Вазиристон минтақасидаги хавфсизлик масалалари бўйича масъул расмийси генерал Маҳмуд Шоҳ минтақада Ўзбекистон Исломий Ҳаракатининг бошқа етакчилари борлигини таъкидлайди.

Покистон ҳукуматига кўра¸ Вазиристон минтақасида тақрибан 500 жанггари мавжуд бўлиб¸ уларнинг кўпчилигини ўзбеклар ва чеченлар ташкил этади. Қолганлари эса маҳаллий жанггарилардан иборат.

Марказий Осиë бўйича мутахассис Аркадий Дубновнинг таъкидлашича¸ чечен ва ўзбек жанггарилари бир-бирлари билан кўпинча арабча гаплашадилар. Дубнов Ўзбекистон Исломий Ҳаракати раҳбари ва аъзолари хусусида Покистон ахборот воситалари тарқатган хабарларга унчалик ишонмаслигини айтади.

"Покистондаги ахборот манбалари воқеликни ҳар доим ҳам ҳаққоний ëритавермаслигини ҳисобга олиб¸ бу гапларнинг ҳақиқат эканлигига шубҳа билдираман"¸ - дейди Дубнов.

Манбаларда Ўзбекистон Исломий Ҳаракатининг ҳарбий раҳбари Жума Намангоний Афғонистонда АҚШ кучлари томонидан нишонга олиб ўлдирилгани айтилмоқда. Бироқ буни тасдиқловчи етарли маълумотлар йўқ.

Афғонистонда толиблар ҳукумати ағдарилганидан кейин¸ Ўзбекистон Исломий Ҳаракати аъзолари Афғонистондан қўшни Покистонга ўтиб¸ у ердан ўзларига бошпана топган. Покистонлик мутахассис Аҳмад Рашид бу ҳақда шундай дейди.

"Толибонга қарши уруш ниҳоясида Ўзбекистон Исломий Ҳаракатининг Афғонистондаги ҳарбий кучлари батамом суриб чиқарилди. Аммо¸ уларнинг айримлари Покистонга қочиб ўтди. Ҳозир улар ўша ерда яшамоқда"¸ - дейди Аҳмад Рашид.

1999-2000 йилларда Ўзбекистон Исломий Ҳаракати Ўзбекистоннинг жорий ҳукуматини ағдариб¸ мамлакатда Исломий тузум ўрнатиш масадида Қирғизистон ва Ўзбекистонга ҳужумлар уюштирган эди. Ўша пайтда Тоҳир Юлдош ва Жума Намангонийлар Толибон ҳаракати билан яқин алоқада бўлганлар. Ўзбекистон Исломий Ҳаракати ҳозирги кунда Ўзбекистон ҳукуматига қай даражада таҳдид қилиши мумкин? Бу борада фикр билдирган Россиялик журналист Аркадий Дубнов бугунги кунда ташкилот Ўзбекистон учун хавф туғдирмайди¸ деб ҳисоблашини маълум қилади.

"Ўзбекистон Исломий Ҳаракати бундан 4 йил аввалгидек яхлит жанговор ташкилот эмас ва шунинг учун унинг хавфи катта бўлмаса керак¸ деб ўйлайман"¸ - дейди Аркадий Дубнов.
XS
SM
MD
LG