Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 19:49

Муҳаммаджон Обидов айбловларни рад этади


Шайбон Ўзбекистон телевидениесининг Фарғона вилояти бўйича мухбири Муҳаммаджон Обидов жорий йилнинг апрель ойида Ўзбекистон туманидаги Туэл қишлоғида деҳқонларнинг ойлик маошини ўз вақтида олаётгани тўғрисидаги лавҳасида сохталикка йўл қўйганини инкор қилди.

Эслатиб ўтамиз, Туэл қишлоғи фуқаролар йиғини раиси Эркин Қўзиевнинг маълум қилишича, “Ахборот” кўрсатуви мухбири М.Обидов ўз оператори билан бирга 25 апрель куни Туэл қишлоғида бўлган. Улар бир гуруҳ аёлларни тўплаб, деҳқонларга маош ўз вақтида берилаётгани бўйича лавҳа тайёрлаган. Лавҳани тайёрлаш жараёнида аёллар гўёки маош олаётгани саҳнасини ижро этган. Аслида эса уларга ойлик тарқатилмаган. Мазкур лавҳа 27 апрель куни “Ахборот” дастурида эфирга узатилган.

М.Обидов ҳақиқатан ҳам вилоятдаги туманлардан бирига бориб, лавҳа ҳозирлагани, бироқ воқеа бироз бошқача бўлганини таъкидлади.

“Борган қишлоқнинг номини билмайман. Лекин ўша ердаги хўжаликлардан бирида дала ишларининг бориши юзасидан материал тайёрлашга боргандик. Далада аёллар ягоналаш ва зах қочириш ишларини бажараётган экан. Ўша жойда хўжалик аъзоларига, ўнтача бўлса керак, иш ҳақи берилаётганди. Операторга шу манзарани тасвирга олишни буюрдим. Бор гап шу”, - деди М.Обидов.

Э.Қўзиев айтаётган даъвога изоҳ билдирар экан, М.Обидов ҳамма ҳам дўст эмаслигини таъкидлади. Унинг фикрича, журналистнинг қилаётган иши кимгадир ёқиши, бошқасига ёқмаслиги мумкин. Бундай пайтларда кимларнингдир номидан шикоятлар уюштирилиши ҳолатлари ҳам бўлиб туради.
XS
SM
MD
LG