Хитой ҳукумати маҳаллий уйғур деҳқонлари, Қапчиғай ўрмонида ишлайдиган уйғурлар, чўпонлар – жами 18 минг кишини бошқа жойга кўчиришни режалаган. Тўғон эса Или дарёси ирмоқлари - Текаш ва Токкуз Тара дарёлари туташган жойга қурилиши мўлжалланган.
Хитой ҳукумати бошқа жойга кўчириладиган уйғур оилаларига 38 минг юандан, яъни, 4 минг 600 АҚШ доллари миқдорида товон пули тўлашни ваъда қилган. Бироқ уйғурларга атиги 880 юан (106 АҚШ доллари) берилган холос. Бу эса уйғурлар норозилигига сабаб бўлган.
Гувоҳларга кўра, бўлиб ўтган норозилик намойишида тахминан минг уйғур қатнашган. Ўз исмини айтишни истамаган Текаш туман полиция идораси вакили норозилик намойиши бўлиб ўтгани ва 16 нафар намойишчи қўлга олингани ҳақидаги маълумотни тасдиқлади. Аммо у бу ҳақда қўшимча маълумот беришдан бош тортди.
Германияда жойлашган “Шарқий Туркистон Ахборот Маркази” раҳбари Абдужалил Қорақошга кўра, ваъда қилинган товон пули тўлиқ берилган тақдирда ҳам у уйғурлар ўзларига янги уй қуриб олишлари учун етарли эмас.
Уйғур фаоли ҳукумат барча ахборот воситаларини қаттиқ назорат қилгани боис Шинжонда бўлиб ўтган норозилик намойиши ҳақида тафсилий маълумот олиш қийин, деди. Абдужалил Қорақош 15 июн куни Озодлик радиосига берган суҳбатида, ҳозирда амалга оширилаётган барча ишлар Пекин расмийлари уйғурларга қарши олиб бораётган сиёсатнинг бир қисми эканини айтади:
“Бу уйғурларни ўз ерларида хонавайрон қилиш, йўқотиш, талаш йўлида Хитой ҳукумати олиб бораётган сиёсатнинг бир кўринишидир. 1997 йил феврал воқеасидан буён Хитой ҳукумати Ғулжа вилоятига икки миллиондан ортиқ хитойни олиб келиб жойлаштирди” - дейди Абдужалил Қорақош.
Шуни эслатиб ўтиш лозимки, 1997 йил февралида маҳаллий уйғур ёшлар ўз раҳбарининг озод этилишини ва уйғурларнинг ҳуқуқлари поймол этилиши тўхтатилишини талаб қилиб, Или вилоятида норозилик юриши ўтказганлар. Хитой ҳукумати эса мазкур намойишни қуролли полиция ёрдамида бостирган. Гувоҳларга кўра, юз берган тўқнашувда кўплаб уйғурлар ўлдирилган ва бир неча юз киши ҳибсга олинган.
Абдужалил Қорақош ўшандан бери вилоятда турли масалаларда кўп норозиликлар бўлганини, шунга қарамай уйғурлар вазияти яхшиланмаганини айтади:
“1997 йилги феврал воқеасидан кейин Ғулжада норозиликлар кўп бўлди. Хитой раҳбарларининг мақсади ерли халқ – уйғурларни ўз уйидан ҳайдаб чиқариб, улар ўрнига хитойларни жойлаштиришдир. Хитой ҳукуматининг ассимиляция сиёсати қурбони бўлаётган уйғурлар ниҳоятда кўп. Баъзи уйғурлар норозиликларини ошкор изҳор қила оладилар, баъзилари қилолмайди. Норозиликларга қарамай, барибир у ерда уйғурлар ҳақ-ҳуқуқлари тан олинмаяпти” - дейди Абдужалил Қорақош.