Линклар

Шошилинч хабар
16 апрел 2024, Тошкент вақти: 19:18

Ўзбекистонликлар Россия халқи билан биргаликда мотам тутмоқда


Шайбон Шимолий Осетиянинг Беслан шаҳрида юз берган фожеа муносабати билан юзлаб ўзбекистонликлар ҳамдардлик билдириш мақсадида Россиянинг Тошкентдаги элчихонасига келмоқда. Элчихона олди гуллар, ҳамдардлик сўзлари битилган дастхатлар билан тўлиб кетган.

6 сентябрь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов ҳам ҳамдардлик билдириш мақсадида Россия элчихонасига ташриф буюрди.

“Шимолий Осетия халқи жудолик ва мотамни бошдан кечираётган бир пайтда уларнинг дардини енгиллаштириш учун сўз топиш мушкул. Ўзбек халқи ҳам бундай дарду ғамга тўла кунларни кўп бошдан кечирган. Ўзбекистон халқи улкан фожеа, мотам кунларида осетин, рус халқи билан бирга бўлиб, ўз ҳамдардлигини билдиряпти”, деди Президент ташриф чоғида.

Ислом Каримов БМТ, унинг Хавфсизлик Кенгаши, АҚШ ва Европа давлатларини террорчиликка қарши курашда сусткашликка йўл қўяётганликда айблади. Президентнинг фикрича, айнан мана шу нуфузли ташкилот ва йирик давлатлар қуруқ гапларни четга суриб, террорчиликка қарши амалий ҳаракатларга ўтиши керак.

7 сентбярь куни бир гуруҳ инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари, мухолифатдаги партиялар вакиллари ва оддий фуқаролар ҳам Россия элчихонаси олдида ҳамдардлик йиғини уюштирди. Йиғин қатнашчилари Бесландаги фожеалар муносабати билан Россия халқига ҳамдардлик изҳор этди. Улар бегуноҳ болаларнинг қурбон бўлишига олиб келган террорчилик ҳаракатини қаттиқ қоралади ва фожеа ташкилотчилари ҳамда ижрочиларини лаънатлади.

Бесландаги террорчилик ҳаракати муносабати билан Россия ҳукумати томонидан хавфсизликни кучайтиришга қаратилган бир қанча чора-тадбирлар кўрила бошлади.

Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари жамияти раиси Толиб Ёқубовнинг таъкидлашича, ҳар қандай чора-тадбирларни кўраётган пайтда Россия ҳукумати Россия буюк давлат эканини, бу ерда юзлаб миллатлар истиқомат қилишини унутмаслиги керак.
XS
SM
MD
LG