Линклар

Шошилинч хабар
23 апрел 2024, Тошкент вақти: 19:14

Мисрнинг Синай ярим оролида жойлашган курортда бомба ҳужуми содир этилди


Мисрнинг Синай ярим оролидаги курортда бир нечта бомба портлагани оқибатида ўнлаб одам нобуд бўлди, юздан ортиқ одам яраланди. Энг катта портлаш Исроил чегараси яқинида жойлашган “Taba Hilton” меҳмонхонаси яқинида юз берди. Орадан бир соатча вақт ўтмасдан атрофдаги оромгоҳлар яқинида ҳам икки портлаш содир бўлди. Исроилликлар бир ҳафталик байрамини нишонлаш учун курортга тўпланган пайтда ана шу портлашлар юз берди. Бугун Ҳасанжон билан суҳбатимиз ана шу мавзуда бўлади.

А.А.: Ҳасанжон аввал воқеа қандай содир бўлгани ҳақида маълумот берсангиз?

Ҳ.: Азизулло ака, ҳужум шундай бошланган. Дастлаб, бир юк машинаси Исроил чегарасига жуда яқин жойлашган Таба Хилтон меҳмонхонаси йўлагига бостириб кирган. Кейин ҳайдовчи ўзини портлатиб юборган. Кучли портлаш натижасида 430 хонадан иборат ўн қаватли бинонинг бир қисми қулаган. Ўша пайтда ўз хонасида дам олаётган меҳмонлар бино деворлари остида қолиб, уларнинг айримлари нобуд бўлди.
Тирик қолганларни қутқариш ишлари эндигина бошланган пайтда Табадан жануби-ғарбда яна иккита портлаш содир бўлди:
”Биз жойлашган Рас ас-Султон соҳилига террор ҳужуми уюштирилди. Икки марта портлади. Жуда кучли портлади. Дўстларимиздан бири нобуд бўлди. Кўпчилик яраланди. Қутқарувчилар етиб келгунича анча вақт ўтди“ - деди воқеа гувоҳи бўлган Исроил фуқароси.

А.А.: Портлаш юз берган пайтда меҳмонхонада фақат исроилликлар бўлганми?

Ҳ.: Россия Туризм саноати иттифоқи матбуот вакили Ирина Тюрига айтганларига асосланиб, ИТАР ТАСС ахборот агентлиги яқинда тарқатга хабарига кўра, портлаш содир бўлган пайтда Мисрнинг Таба Хилтон меҳмонасида 232 нафар россиялик турист рўйхатда бўлган. Портлаш юз берган пайтда меҳмонхонадагиларнинг кўпи ресторан, тунги клубларда бўлган ёки сайл қилиб юрган бўлган.

А.А.: Қанча одам нобуд бўлгани ҳақида аниқ маълумотлар борми?

Ҳ.: Азизулло ака, фожиада нобуд бўлганлар қанчалиги ҳақида бир-бирига қарама-қарши маълумотлар тарқатилмоқда. Баъзи манбаларда 31 одам нобуд бўлгани ва 160 одам яралангани айтилаётган бўлса, бошқа манбаларда 26 одам ўлгани ва 120 одамга тан жароҳати етгани билдирилмоқда. Нобуд бўлганларнинг 19 нафари исроиллик ва бир нафари россиялик экани хабар қилинди.
Исроил ҳарбийсига кўра, қулаб тушган меҳмонхона биносининг деворлари остидан камида 28 жасад топилган, 30га яқин одам бино қолдиқлари остида кўмилиб ётгани тахмин қилинмоқда. Расмийлар нобуд бўлганлар сони ортиши мумкинлигини айтмоқдалар.

А.А.: Ҳасанжон, бу - туристлар билан гавжум курортда содир этилаётган биринчи портлаш эмас. Маълумки, бундан олдин Индонезиянинг Бали ороли ва бошқа курорт масканларида ҳам ғарбликлар ва исроилликларга қарши ҳужумлар уюштирилган.
Мисрнинг Синай ярим оролидаги ушбу ҳужум кимлар томонидан уюштирган бўлиши мумкин?

Ҳ.: Азизулло ака, бу ҳақда ҳам ҳозирча аниқ бир гап айтилгани йўқ.
Миср Ташқи ишлар вазири Аҳмад Абул Ғайтга кўра, мазкур ҳужумни ким уюштиргани ҳақида бирон гап айтишга хали вақт эрта.
Аммо Исроил расмийлари портлашлар Ал-Қайда гуруҳи томонидан амалга оширилганини гумон қилмоқда. Ундан аввал Исроил Мудофаа вазири ўринбосари Зеев Боим портлашни Ал-Қайда сингари халқаро террорчи гуруҳ амалга оширган бўлиши мумкинлигини айтди.
Миср Ички ишлар вазирлиги ҳужум уюштиришдан мақсад, Фаластин ҳудудларида давом этаётган зўравонликларни тўхтатиш бўлиши мумкин, деган фикр билдирган.

А.А.: Ҳасанжон, ушбу фожиага расмийлар қандай муносабат билдирди?

Ҳ.: Исроил Бош вазири Ариел Шарон ва Миср Президенти Хусни Муборак ушбу ҳужумни кескин қораладилар. Муборак Синай ярим оролида хавфсизлик чоралари кучайтирилишини билдирди.
Мисрда уюштирилган портлашга Россия расмийлари ҳам муносабат билдирди. Хусусан Россия Ташқи ишлар вазири Сергей Лавров Табадаги фожиа Россияни терроризмга қарши янада қатъий кураш олиб боришга ундайди, деди.

А.А.:Раҳмат Ҳасанжон
XS
SM
MD
LG