Линклар

Шошилинч хабар
15 сентябр 2024, Тошкент вақти: 21:49

Қозоғистон халқаро нефт етказиб бериш лойиҳасига қўшилди


Қозоғистон Марказий Осиё нефтини Ўртаер денгизига етказиб бериш халқаро лойиҳасига қўшилди. Келаси ойда ишга тушадиган Боку-Тбилиси-Жайҳон нефт қувури лойиҳасига қўшилиш бўйича келишувни жума куни Алматида Қозоғистон президенти Нурсултон Назарбоев ва Озарбайжон президенти Илҳом Алиев имзоладилар.

Хужжатни имзолаш маросими тугаганидан кейин Қозоғистон президенти Нурсултон Назарбоев журналистлар билан суҳбатда мазкур келишувни Қозиғистон-Озарбайжон муносабатлари ҳамда Каспий хавзасини ўзлаштиришда тарихий аҳамият касб этади деди.

“Бу жуда муҳим келишув. Уни узоқ муддат давомида ишлаб чиқдик. Мутахассисларимиз жуда яхши ишлашди ва улар саъй ҳаракатлари натижасида ушбу хужжат имзоланди. Бу келишув аҳамиятини бахолаш жуда қийин. Каспий денгизининг икки томонида жойлашган айнан Озарбайжон ва Қозиғистон Кавказ минтақаси ва Марказий Осиё ўртасидаги савдо алоқаларининг асосий йўли ҳисобланади”, – деди Қозоғистон раҳбари.

Ўз навбатида Озарбайжон президенти Илҳом Алиев имзоланган шартнома Каспий соҳилида жойлашган икки давлат яхши қўшничилик алоқаларига эгалигини яна бир карра исботлашини айтди.

“Қозоғистон нефтини Боку-Тбилиси-Жайҳон қувурлари орқали транспорт қилиш ҳақида Қозоғистон ва Озарбайжон ҳукуматлари имзоланган шартнома икки давлат ўртасидаги муносабатлар юқори даражада эканининг яна бир далилидир”, – деди Озарбайжон раҳбари Илҳом Алиев.

Имзоланган шартномага мувофиқ Қозоғистон нефти Каспий денгизи орқали танкерларда Боку яқинида жойлашган Сангачал терминалига етказилади. У ердан Боку-Тбилиси-Жайҳон қувурлари орқали Ўртаер денгизига жўнатилади.

Узунлиги бир минг 770 километр бўлган Боку-Тбилиси-Жайҳон қувурлари йилига 50 минг тонна нефт транспорт қилиш қувватига эга. Бироқ президент Илҳом Алиев агар лозим бўлса, қувур қуввати икки баробар оширилиши мумкин, деди.

Озарбайжон нефт компанияси раҳбари Ровнақ Абдуллаев эса ҳозирча йилига 10 минг тонна Қозоғистон нефти Боку-Тбилиси-Жайҳон қувурлари орқали транспорт қилиниши режалаштирилганини айтди.

Қозоғистонда нефт қазиб чиқариш ҳажми келаси 10 йил давомида кўпайтирилиши режалаштирилган. Яқинда президент Нурсултон Назарбоев нефт экспорт қилувчи йўл қанча кўп бўлса, Қозоғистон учун шунча яхши бўлади, деган эди.

Шу ой бошида АҚШ президенти Жорж Буш Озарбайжон президенти Илҳом Алиевга мактуб йўллаб Марказий Осиё нефтини Ўртаер денгизига етказиб бериш халқаро лойиҳасига Қозоғистоннинг ҳам қўшилишини қўллаб-қувватлашини билдирган эди.

13 июл куни Боку-Тбилиси-Жайҳон нефт қувури ишга туширилади. Айни пайтда, Туркияда бу тадбирга қизғин тайёргарлик кўрилмоқда. Ғарб ахборот агентликлари хабарига кўра, Туркия ҳукумати элликка яқин давлат раҳбарларини ана шу тантанали маросимга таклиф қилган.
XS
SM
MD
LG