Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 21:50

30 декабр куни тонгда Ироқнинг собиқ президенти Саддам Ҳусайн қатл қилинди


"Озодлик" http://gdb.rferl.org/AD689A9E-44E2-4EF0-ABAE-A9DA3C92E032_w203.jpg Дунё бўйлаб барча оммавий ахборот воситалари Саддамнинг қатл дақиқаларини намойиш қилмоқда. 24 йил давомида Ироққа раҳбарлик қилган ва дунё аҳлига энг қаҳри қаттиқ диктаторлардан бири бўлиб танилган Саддам Ҳусайн ўз даврида инсониятга қарши амалга оширган жиноятлари учун шу йил 5 ноябр куни ўлим жазосига маҳкум қилинган эди. Ўтган ҳафта Ироқ аппелляция суди бу жазони ўз кучида қолдирди.

Уни қатл этиш маросимида иштирок қилган судя Мунир Хаддад суд ҳукми ва уни ижро этиш тўғрисида қарорни ўқиб эшиттирди. Сўнгра жараён ҳақида халқаро оммавий ахборот воситаларига баёнот берди:

“Саддам Ҳусайн қора либосда эди. Унинг қўлида эса ўзининг машҳур Қуръон китоби бор эди. У қўрқмади. У йиғилганларга қарата: “Мен курашишга кўникканман ва ўлимдан қўрқмайман” деди. Кейин икки калима оят ўқиди. Сиёсат ҳақида бир неча сўз айтди ва “Форслар билан эҳтиёт бўлинг. Ироққа эса сабрли ва саботли бўлишни тилайман” дея қўшимча қилди. Кейин эса яна икки калима оят ўқиди. У бир лаҳзада жон берди”, - деди ироқлик судя, Саддамни қатл этиш жараёнига бош бўлган Мунир Хаддад.

Ироқ Хавфсизлик кенгаши маслаҳатчиси Муваффақ ал-Рубоий собиқ диктаторни қатл этиш бўйича суд ҳукмининг ижро этилиши жараёнини кузатди ва бу қатлни шундай изоҳлади.

“Гап бу ерда қасос ҳақида бораётгани йўқ. Адолат қарор топди. Ахир мамлакатнинг жанубида ёки Халабжа шаҳрида курдларга қарши кимёвий қурол ишлатиши натижасида юзлаб, миллионлаб одам қурбон бўлган. Эронга бостириб киришга ҳаракат қилгани, саккиз йил уруш олиб боргани, ёки Қувайтга тажовуз қилганини эсланг. Ҳамма ерда қурбонлар бўлган. Ундан жабр кўрганлар хозир адолат ҳукм қарор топганини эшитиб қониқиш ҳис қилган бўлар эдилар”, - деди Ироқ Хавфсизлик кенгаши маслахатчиси Муваффақ ал-Рубоий.

Шу тариқа, Ироқ ҳукумати суд ҳукмини ижро этди. Мамлакатнинг ўзида эса бу ижро маросимига нисбатан турли муносабатлар кузиталмоқда. Мамлакат аҳолисининг шиа мусулмонларига тегишли қисми бу қатлни маъқуллаб, хурнсандчилик қилмоқда. Ҳатто, пойтахт Бағдод кўчаларида Саддамнинг катта портретларини олиб чиқиб, ёқиш, йиртиш ҳаракатлари бўлаяпти.

Ана шундай кайфиятдаги аҳоли вакилларидан бири шундай муносабат билдирди:
“Бугун Ироқ халқи учун жуда улуғ кун. Бу улуғ кун эса биз учун муқаддас байрам кунига тўғри келгани яна-да улуғ иш бўлди. Биз Саддамнинг қатл этилганидан жуда хурсандмиз. Чунки у бутун мамлакатни вайрон қилди, халқига зулм қилди”, - дейди ироқлик аҳоли вакилларидан бири.

Яна бир ироқлик фуқаро эса қатлнинг бугун амалга оширилганидан норози эканини айтади.
“Саддамнинг айнан бугун қатл этилиши ироқ халқига ҳеч қандай яхшилик келтирмайди. Бу мусулмонлар учун асл хуррамлик, шодлик байрамининг илк куни. Бизнинг болаларимиз бу кунни байрам қилиш учун кутган эди, Саддамнинг қатлини кўриш учун эмас”, - дейди ироқликлардан бири.

Шу тариқа, ироқликлар орасида собиқ диктаторнинг бугун қатл этилишидан рози ва норози фуқаролар ҳам бор. Ироқ пойтахти яқинида бир неча террорчилик амалиётлари содир этилди ва тахминан 30 га яқин одам қурбон бўлди. Бу эса Саддамнинг қатл этилишига норозилик ифодаси сифатида талқин қилинмоқда.

Айни пайтда Ироқдаги АҚШ ҳарбийлари тўла сафарбарлик ҳолига келтирилган. АҚШ президенти Жорж Буш эса бугун чиқиш қилиб, Саддам Ҳусайн адолатли суд қарорига биноан қатл этилганини эътироф этди. Айни позицияни Британия ва Австралия ҳукуматлари ҳам қувватламоқда. Шунингдек, Исроил ва Эрон ҳукуматлари Саддамнинг қатл этилишини адолатли ҳукм, деб баҳоламоқда.

Бироқ, Европа Итифоқи ҳамда инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш халқаро ташкилотлари Саддам Ҳусайнга нисбатан ўлим жазоси ҳукмининг ижро этилишини қораламоқда. Хусусан, “Халқаро Амнистия” ва “Хюман Райтс Уотч” ташкилотлари Саддам устидан суд жараёни қатл ижросини адолатсиз, деб баҳоламоқда.
Рим папаси Бенедикт 16 ҳам ўз муносабатни билдирди. Унинг фикрича, бу фожеали қатлдир ва ўз ортидан қасддан қилинган ҳаракатларни келтириб чиқариши мумкин.
XS
SM
MD
LG