Линклар

Шошилинч хабар
18 апрел 2024, Тошкент вақти: 08:24

Фаластинлик рақиб гуруҳлар ўртасидаги зўравонликлар тинмаяпти


Фаластиннинг Ғазо секторида бир-бирига рақиб бўлган “Ҳамас” ва “Фатҳ” гуруҳлари тарафдорлари ўртасидаги қуролли тўқнашувлар жума кечқурун ва шанба куни эрталаб яна давом этди.

Ўзаро ўртасидаги отишмалар илгари эришилган бир неча келишувларга қарамай, тўхтаётгани йўқ. Шунинг учун аҳоли бу каби келишувларга ишонмай қўйди.

Жума кунги музокарадан кейин “Ҳамас” ҳаракати матбуот вакили Низар Раян ўт очишни тўхтатиш ҳақида келишувга эришилишига умид билдирди.

“Иккала фракция раҳбарлари ўт очишни тўхтатишга рози бўлди. Уни қандай амалга ошириш масаласи муҳокама қилиняпти. Ўт очишни тўхтатиш ҳақидаги битим амалга ошиши учун яна битта учрашув ўтказилади, деган умиддамиз”, – деди “Ҳамас” вакили.

Бироқ “Фатҳ” гуруҳи матбуот вакили Абдул Ҳаким Авад ўт очишни тўхтатиш ҳақидаги келишувни амалга ошириш осон кечмаслигига ишора қилди: “Тинчлик ўрнатиш учун биз бор имкониятни ишга соляпмиз. Учрашувдан кейин шуни айтишимиз мумкин, холос”, – дейиш билан чекланди.

Фаластин президенти Маҳмуд Аббос томонларни фаластинликлар қони беҳуда тўкилаётгани ҳақида ўйлаб кўришга чақирди.

“Мен Ғазодаги барча фракция ва гуруҳларни Фаластин халқи манфаатларига зарар келтирадиган ҳаракатларни тўхтатишга даъват қиламан. Қайси гуруҳ аъзоси бўлишингиздан қатъий назар мен ҳар бирингизни Фаластин халқи қонини тўкишни тўхтатишга чақираман”, - дея баёнот берди Маҳмуд Аббос.

Сўнгги тўқнашувлар ўлароқ, “Фатҳ” тарафдорлари Қишлоқ хўжалиги вазирлиги биносига бостириб кириб, компьютер ва ҳужжатларни ўғирлаб кетди. Шунингдек, улар “Ҳамас” вакили бош бўлган Алоқа ва почта хизмати вазирлиги биносига ракеталар отди.

“Ҳамас” вакили раҳбар бўлган Ички ишлар вазирлиги ва “Фатҳ” вакили бошқараётган Миллий хавфсизлик хизмати жойлашган бинолар яқинида икки гуруҳ тарафдорлари ўртасида отишмалар юз берди.

Исломий университет ҳамда Ал-Азҳар университетларида ҳам отишмалар рўй берди. Шанба куни эрталаб фаластинликлар бир кун олдин эълон қилинган ўт очишни тўхтатиш ҳақидаги битим кучга кирганини билиш мақсадида кўчага чиқди. Бироқ отишмалар овози эшитилганидан кейин Ғазо кўчалари яна бўм-бўш бўлиб қолди.

2 февраль куни содир бўлган тўқнашувларда 17 киши ҳалок бўлди. 1 февралдан бери давом этаётган отишмалар оқибатида эса камида 25 одам нобуд бўлди, 200дан ортиғи яраланди.
XS
SM
MD
LG