Линклар

Шошилинч хабар
27 апрел 2024, Тошкент вақти: 01:37

АҚШ Тожикистонда ҳарбий база қурмоқчи эмас


Тожикистон президенти Имомали Раҳмон мамлакатга амалий ташриф билан келган АҚШ Марказий қўмондонлиги раҳбари Уильям Феллонни қабул қилиб, ҳарбий-техникавий ҳамкорлик ва минтақа хавфсизлигига доир масалаларни муҳокама этди.

Томонлар, жумладан, Афғонистондаги ҳозирги ҳарбий-сиёсий вазият юзасидан ҳам фикр алмашгани хабар қилинмоқда.

“Биз Тожикистонни Марказий Осиё минтақасидаги стратегик шеригимиз сифатида тан оламиз. Тожикистон Афғонистондаги коалиция қўшинлари ҳаракатларини қўллаб-қувватлаган ва қувватлайди ҳам. АҚШ ҳукумати Тожикистоннинг минтақада тинчликни барқарорлаштириш йўлидаги хизматларини қадрлайди ва миннатдорлигини билдиради”,- деди У.Феллон.

У АҚШ Тожикистон учун ҳарбий кадрлар тайёрлашга катта эътибор қаратаётгани, айни пайтда ҳам тожик армиясининг бир неча офицери АҚШда ҳарбий тайёргарликдан ўтаётганини маълум қилди.

У.Феллон Тожикистондаги Айний аэродроми АҚШ ҳарбийларига топширилиши ҳақидаги хабарларни рад қилди.

“Мен бу аэродром ҳақида биринчи марта эшитяпман. Тожикистон ва АҚШ ўртасидаги ҳарбий ҳамкорлик доирасида ҳали бу ҳақда гап бўлгани йўқ. АҚШ Тожикистонда ўз ҳарбий базасини очиш ниятида ҳам эмас”,- деди У.Феллон.

Бироқ таҳлилчилар Ўзбекистон билан алоқалари совуқлашгандан сўнг Тожикистон билан ҳар томонлама муносабатларни яхшилашга уринаётган АҚШнинг ягона мақсади Марказий Осиёда ўз позициясини мустаҳкамлаш эканини таъкидлашда давом этмоқда.

Таҳлилчи Қосим Бекмуҳаммадов ҳам АҚШнинг Тожикистон ва Марказий Осиёнинг бошқа давлатларига бераётган ҳарбий-техникавий ёрдамлари замирида геосиёсий манфаатлар ётганини айтади.

“АҚШ постсовет давлатлар, хусусан, Марказий Осиё мамлакатлари миллий армияларини молиялаштириш натижаси ўлароқ, уларни Россиядан узоқлаштиришга ҳаракат қилади. Боз устига, Афғонистонни ўз таъсирида ушлаб туриш учун АҚШ Тожикистонда ўз мавқеини мустаҳкамлашдан манфаатдордир”,- дейди таҳлилчи.
XS
SM
MD
LG