Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 11:24

Эронда исломий либос киймаган аёллар таъқиб қилинмоқда


Теҳрон расмийлари Исломий либос ҳақидаги кодексга риоя қилмаган аёлларга қарши чора кўриш учун рейдлар ўтказа бошлади. Кодексда белгиланган талабларга амал қилмаётган аёллар таъқиб этилаётир.

Исломий либос ҳақидаги кодексни амалга жорий қилиш мақсадида Теҳрон полицияси пойтахтнинг одамлар билан гавжум туманлари, жумладан, Валиаср кўчасида сайёр полиция маркази ташкил этиб, кўчаларга кузатув автомобилларини қўйди.

Теҳрон полицияси бошлиғи генерал Аҳмад Риза Радан журналистлар билан суҳбатда қишки кампания бошланганини эълон қилган эди.

“Шим устидан этик, рўмол ўрнига шляпа, баданига ёпишган (тор) кийим, тиззадан баланд кийим кийганлар таъқиб этилади. Машинада юрганда ҳам аёллар бу тартибга риоя қилиши шарт”, – деди Теҳрон полицияси бошлиғи.

Генерал Радан кўчада кетаётган автомобиллар тўхтатилиб, аёллар Исломий либос кодексига риоя қилаётгани текширилиши ҳақида огоҳлантирди. Шунингдек, у ресторан, қаҳвахона ва дўкон соҳибларини ўз мижозлари либос тартибини бузмаслиги, акс ҳолда оқибати ёмон бўлиши ҳақида огоҳлантирди.

Эрон телевидениеси ва радиолари рекламалар орқали полиция рейдлар ўтказаётгани ҳақида кенг оммага маълумот етказмоқда. Кўчаларга эса аёлларни Исломий либос кодексига риоя қилишга чақирувчи плакатлар ёпиштирилган.

Исломий либос кодексига риоя қилмаганларга қарши кураш Эронда 10 йил олдин бошланган. Бироқ полиция, айниқса, бу йил унинг бажарилиши учун кенг кўламли рейдлар ўтказмоқда. Тартибга итоат этмаган аёлларга кодексга риоя этишни ваъда қилиш ҳақида мажбурлаб ариза ёздирилади. Полиция ходими билан тортишган аёллар жаримага тортилади ёки қисқа муддат ҳибсда сақланади.

Теҳронлик Ризвон Муқаддам аёллар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш билан шуғулланади.

Унинг фикрича, полиция аёллар либосини назорат қилиш учун кетказаётган вақт, маблағ ва саъй-ҳаракатини жамиятнинг бошқа муаммоларини бартараф этиш учун сарфласа, мақсадга мувофиқ бўлади.

“Жамиятда бошқа ижтимоий муаммолар кўп. Ҳижоб хавфсизликка таҳдид солувчи масала эмас. Кўчаларда аёлларни безовта қилувчи ва таҳқирловчи одамлар бор. Тунда безовта қилувчилар бор. Одам савдоси билан шуғулланувчилар ва ёшлар орасида наркотиклар сотувчилар бор. Бундай одамлар жамиятга муаммолар яратади. Полиция ўшаларга қарши курашиши керак”, – дейди эронлик ҳуқуқ ҳимоячиси.

Давлатга қарашли ахборот воситалари ижтимоий сўров натижаларига асосланиб тарқатган хабарга кўра, эронликларнинг 80 фоизи Исломий либос кодекси амалда бажарилишини назорат қилиш ишларига полициянинг жалб этилганини қўллаб-қувватлаган.

Теҳронлик мустақил сиёсий таҳлилчи Фарид Мударрис сўзларига кўра, либос ҳақидаги кодекс амалда қандай бажарилаётганини назорат қилиш борасида ўтказилган сўнгги рейдлар одамлар норозилигига сабаб бўлмайди.

“Менимча, бундай рейдлар Эронда кескин норозиликка сабаб бўлмайди. Бу масала ижтимоий, сиёсий ва маданий соҳаларда жорий қилинган бошқа чекловлар билан бирга ўрта ва узоқ муддатда ўз таъсирига эга бўлиши мумкин”, – деди Фарид Мударрис.

Эрон полициясининг қишки рейдлари аёлларга қаратилган бўлишига қарамай, эркаклар ҳам улар назаридан четда қолаётгани йўқ. Полиция эркакларнинг калта кўйлак кийиши, баданига игна билан расм тушириши, қошини териши ва сочига гел суришини тақиқлаган.
XS
SM
MD
LG