Линклар

Шошилинч хабар
18 апрел 2024, Тошкент вақти: 19:11

Қозоғистондаги Ўзбекистон фуқароларининг аксари президентлик сайловида овоз бермади


Аксар ўзбекистонликларнинг тирикчилик мақсадида хориж мамлакатларига, жумладан қўшни Қозоғистонга ҳам кетиш ҳоллари кузатилмоқда. Ўз навбатида Қозоғистон расмий органлари ҳам мамлакатда ишлаётган меҳнат мухожирларининг кўпчилигини ўзбекистонликлар ташкил қилаётганини маълум қилмоқда. Ўзбекистон фуқароларининг ўзга юртда, хусусан Қозоғистонда яшаб Ўзбекистонда бўлиб ўтаётган президент сайловида иштирок этишларини Олмаотадаги мухбиримиз Комила Собирова кузатди.

Қозоғистондаги юз минглаб ўзбекистонликлардан атиги бир неча ўн нафари Ўзбекистондаги президентлик сайловида овоз бера олди холос. Қозоғистондаги Ўзбекистон фуқаролари учун фақатгина Ўзбекистоннинг Олма отадаги элчихонасида битта сайлов участкаси очилган ва маълум бўлишича, элчихона рўйҳатида турган Ўзбекистон фуқароларининг сони 500 кишидан ошмайди.

Озодлик мухбири билан суҳбатда бўлган Қозоғистондаги Ўзбекистон элчисининг маслаҳатчиси Улуғбек Абдуяминов президентлик сайловида иштирок этиш ҳар бир ўзбекистонликнинг фуқаролик бурчи бўлгани боис, улар Қозоғистоннинг қайси ҳудудида яшашидан қатъий назар, ўз ҳамёнидан пул сарфлаб, элчихонада ташкил этилган сайлов участкасига келиши лозимлигини айтди. Элчихона мулозими Қозоғистоннинг ҳар бир ҳудудида сайлов участкаларини ташкил этиш шарт эмаслигини ҳам таъкидлади.

Гарчи Олмаота шаҳрига ҳар куни кўплаб ўзбекистонликларнинг тирикчилик мақсадида келаётгани маълум бўлсада, президентлик сайловида фақатгина элчихона консуллик бўлимида рўйхатдан ўтган ўзбекистонликлар иштирок эта олди.

Ўзбекистоннинг Қозоғистондаги элчихонаси консуллик бўлимида неча нафар ўзбекистонлик рўйхатдан ўтгани борасида қизиққанимизда, Ўзбекистоннинг Қозоғистондаги фавқулодда ва мухтор элчиси ҳамда 2-сайлов округи, 685-сайлов участкасининг раиси Турдиқул Бўтаёров Озодлик мухбирига мана буларни маълум қилди.

“Консуллик учётимизда турган Ўзбекистон фуқароларининг ҳаммаси 338 одам. Булар ҳаммаси таклиф қилинган” – деди Ўзбекистоннинг Қозоғистондаги элчиси.

Ўзбекистонда президентлик сайлови куни, яъни 23 декабр соат 10 га қадар Қозоғистондаги 50 нафар ўзбекистонликнинг овоз бергани маълум бўлди.

Элчихонага сайловда иштирок этиш ниятида келган оз сонли ўзбекистонликлар учун элчихона томонидан жуда дўстона шароит ташкил этилганини кузатдик.

Сайлов залида ёзилган дастурхон атрофида элчи билан бир пиёла чой ичиб, дўстона суҳбат қураётган оддий ўзбекистонликларга микрофон тутиб, уларнинг сайлов борасидаги фикрлари билан қизиқдик.

“Шу эрталабдан туриб, сайлов эканлигини билиб, тўғри элчихонага келдик. Ўзимизнинг президентимизни сайладик”.

“Ўзбекистон келажаги учун номзодларнинг ичидан биттасини танлаб, яхши кўрган одамимга овоз бердим. Мен бундан фахрланаман” – дейди байрамона кайфиятдаги ўзбекистонликлар.

Аммо сайлов участкасидан чиқаётган ўзбекистонликлар орасида сайловга фақат байрам кайфиятида эмас, балки ўз юртларида қандайдир ижобий ўзгаришлардан умидвор бўлиб, бунга ўз ҳиссасини қўшиш ниятида келганларни ҳам учратдик.

“Биз Ўзбекистонга қайтиб яшашни, у ерда оила қуриб, фарзанд кўришни истардик. Бироқ, Ўзбекистондаги шароит камида Қозоғистондаги каби бўлса. Аммо ҳозир бирор кишининг у ерга қайтишига кўзим етмайди. Ҳокимият тепасида ким бўлишидан қатъий назар Ўзбекистонда ўзгаришлар бўлиши керак” – дейди суҳбатдош.

Қозоғистон миграция қўмитасининг келтирган яна бир маълумотига кўра, айни пайтда мамлакатда 2 миллионга яқин меҳнат мухожирлари ишлаётган бўлса, улардан 70 фоизи ўзбекистонликлар.

Ўзбекистоннинг Қозоғистондаги элчихонаси президентлик сайловида элчихона консуллик рўйхатидан ўтган 300 дан ошиқ одам иштирок этишини маълум қилганини ҳисобга олсак, қўшни мамлакатда яшаётган ўзбекистонликларнинг аксари президентлик сайловида иштирок этмаган.

Ўзбекистонда президентлик сайлови куни Қозоғистонда яшаётган аксар ўзбекистонликлар билан суҳбатда уларнинг юртларининг сиёсий ҳаётида бўлиб ўтаётган муҳим жараёнда иштирок этиш кайфияти йўқлиги ва уларнинг бу ҳолатга мутлақо бефарқ эканликларини кузатдик.

Қозоғистондаги Ўзбекистон элчихонасида ташкил этилган сайлов участкаси ўз ишини Олмаота вақти билан эрталабки соат 6 да бошлади. Сайлов участкаси ўз фаолиятини кечки соат 8 да тамомлади.
XS
SM
MD
LG