Линклар

Шошилинч хабар
08 декабр 2023, Тошкент вақти: 21:28

Қаҳратон совуқ Жанубий Қозоғистонни чироқ ва газсиз қолдирди


Сўнгги бир ой давомида Жанубий Қозоғистон аҳолиси об-ҳаво кескин пасайиб кетгани оқибатида вужудга келаётган электр энергияси ва табиий газ тақчиллигидан азият чекмоқда.

Айни кунларда вилоятнинг барча ҳудудларида чироқ тез-тез ўчириб қўйилаётгани, газ босими кескин камайганини кузатиш мумкин.

“Тунда совуқ 20-25 даражага боряпти. Илгари чироқни ўчиришмасди. Энди у ҳам тез-тез ўчириляпти. Чимкентнинг баъзи ҳудудларида эса чироқ ҳам, газ ва иситиш ҳам бутунлай йўқ. Чироқ йўқлиги боис, дўконлардаги маҳсулотлар бузулиб қоляпти, тадбиркорлар ҳам зарар кўряпти”,- дейди чимкентликлардан бири “Озодлик” билан суҳбатда.

Яна бир суҳбатдошнинг айтишича, Чимкентда йўл тозалаш хизматлари йўлларни тозалаб улгурмаяпти. Совуқдан иситиш қувурлари ёрилиб, ишдан чиқмоқда. Баъзи кишилар қариндошлариникига бориб яшашга мажбур бўлаётир.

“Олмаотаэнерготаъминот” ташкилоти тарқатган хабарда айтилишича, Қозоғистон жанубида электр таъминотидаги узилишлар мамлакатдаги электр энергияси тақчиллиги билан боғлиқ. Қаттиқ совуқ тушгани боис, Қирғизистондан электр энергияси олиш мумкин бўлмаяпти. Қозоғистоннинг жанубида эса электр таъминотида резерв манбалар йўқ. Шу боис, жанубий ҳудудларда ҳар куни кечки соат 6 дан то кечки соат 10 гача электр таъминоти узиб қўйиляпти.

Бундан ташқари, Қозоғистондаги энергетика компаниялари раҳбариятининг билдиришича, бу ҳолат Ўзбекистондан табиий газнинг келтирилиши билан боғлиқ муаммоларнинг юзага келганига бориб тақалмоқда. Шунингдек, антимонопол таъриф сиёсати туфайли таъминот корхоналарида тўпланиб қолган қарзлар ҳам мавжуд. Энергия таъминоти корхоналари раҳбарияти электр энергияси нархни ошириш вазиятни яхшилашини айтмоқда, аммо антимонополия идорси бунга йўл бермаяпти. Бундан ташқари, 10 январь куни табиий монополияларнинг Жанубий Қозоғистонда коммунал хизмат кўрсатувчи 15 субъекти 2008 йилнинг биринчи квартали давомида нархларни оширмаслик ҳақида меморандум имзолаган.
XS
SM
MD
LG